Вероника Рабьо: «Йўқ, «МЮ»дан 10 миллион сўрамаганман...»

Вероника Рабьо: «Йўқ, «МЮ»дан 10 миллион сўрамаганман...»

Туринда сайрга чиқиш «Ювентус» ярим ҳимоячиси Адриен Рабьонинг онаси ва агенти Вероника хоним учун севимли машғулот ҳисобланади.

Ўғлининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келаётган аёл агент футболга боғлиқ фаолияти ҳақида ҳеч қачон очиқ гапирмаганди. Sportweek мухбирлари билан суҳбатда эса, у ёзда Адриен трансфери юзасидан олиб борган музокара тафсилотларини тўлиқ баён этди. Шу маънода чиндан ҳам, эксклюзив интервью бўлди.

- Вероника, айтингчи, айнан қайси вақтда ўғлингиз фаолиятини шахсан ўзингиз назорат остига олишни хоҳлаб қолдингиз?

- Аниқ вақтни айтолмайман. Адриен 6 ёшидаёқ профессионал футболчи бўлишни хоҳлашини айтганди. 9 ёшида эса орзуси миллий жамоада ўйнаш эканлигини баралла таъкидлаганди. Барча мураббийлар ўғлимда алоҳида иқтидори борлигини айтишарди, у «ПСЖ» сафига қўшилиши билан эса барчаси анча жиддийлашди. Яъни турли агент ва воситачилар менга мурожаат эта бошлашди. Эсимда, Адриен масаласи бўйича биринчи музокарани «Манчестер Сити» билан ўтказгандим. Адриен 17 ёшга тўлганида, «ПСЖ» ниҳоят, профессионал шартнома таклиф қилди. Шунда ўз ишимдан воз кечиб, билимимни ўғлимнинг фаолиятини тартибга солишга бағишлашим лозимлигини тушундим. Хуллас, барчаси вазият тақозоси, мутлақо табиий жараён...

- Эркаклар футболи дунёсида бирор марта ноқулайлик ёки ёқимсизликни ҳис қилганмисиз?

- Ҳеч қачон бундай туйғуни бошдан ўтказмаганман. Клублар вакиллари ҳар доим менга нисбатан ҳурмат билан қарашган. Хусусан, «ПСЖ» президенти Носир ал Хелайфи ҳам, Карло Анчелотти ҳам. Аммо ОАВ ходимлари ҳақида бундай деёлмайман. Улар негадир аёл, яна она ўз ўғли фао­лиятини назорат қиладиган эркак ёки ота билан бир даражада эканлигини тушунишни истамайдилар. Тўғри, баъзан барчаси инсон характерига ҳам боғлиқ. Яхшики, бугун футбол оламида аёллар сони кўпаймоқда, хусусан, агентлик соҳасида.

- Сизни одатда даҳшатли музокарачи сифатида тавсифлашади. Чиндан ҳам, шундайми?

- Эҳтимол. Музокара жараё­нига киришиш мен учун мутлақо табиий ҳолат ва баҳс-мунозаралардан завқланаман. Балки бошида айримлар мендан қаттиққўллик ва қатъи­ят кутишмагандир. Одатда шаблонларга қарамайман. Табиатан дангалчиман, агар бирор шартни айтсам, у қабул қилиниши зарур. Бордию, музокара чоғи қарама-қарши томонда самимийлик сезилмаса, ҳаммасини шунчаки, тўхтатиб қўйишим ҳам мумкин. Умуман олганда, Адриен каби истеъдодли футболчилар масаласида келишувга эришиш анча осон, албатта. Иккинчи томондан, ўрта чизиқ вакилларига клуб топиш нисбатан қийинроқ. Муҳими, бу иш менга стадионларда ажо­­йиб туйғуларни туйиш имконини берди. Дейлик, 2014 йили Адриенга «Милан» харидор бўлди ва Адриано Галлианидек қизиқарли инсон билан танишдим.

- Жаҳон даражасидаги футболчининг керилиб кетмаслигига кафолат йўқ. Бу ҳолатни қандай назорат қилиш мумкин?

- Бир сафар менга футболчи «Формула-1» болидига ўхшаши, тўхтаб қолмаслиги учун суръатини миллиметргача соз­лаш кераклигини айтишганди. Ўшанда инсонни машина билан таққослашларидан ҳайратлангандим, кейинроқ бу жуда тўғри метафора эканлигини тушундим. Ҳа, ҳаммада бўлгани каби Адриеннинг боши елкасида, оёқлари ерда. Бироқ ОАВ ва мухлислар босими борлигини унутмаслик керак. Тушунарлики, юқори даражага эришиш ва мувозанатни ушлаб туриш йўлида кўп нарсалардан воз кечиш, тинмай тер тўкиш талаб этилади. Футболчиларнинг кўп пул топишлари улар хато қилишга ҳақли эканликларини англатмайди. Ўз фаолиятини эндигина бошлаётган ўспирин йигитнинг йўриғи бошқа - у хатолар ортидан етуклик сари интилади. Ҳаммамиз ҳам ёшлигимизда қандайдир аҳмоқликка қўл урганмиз ахир. Лекин етукликка эришгандан кейинги хато - бу қулаш демакдир.

- Парижда ўғлингизнинг ҳар бир машғулотида қатнашганингиз учун танқидга учрагандингиз...

- Ўзингиз айтинг, Мессининг отаси ўғлига ғамхўрлик қилгани учун бирор марта танқид остига олинганми? Катта Неймар ҳам Бразилияда танқидлардан холи. Франция ОАВ эса негадир шундан ҳам айб қидиради. Тушунинг, Адриенга 6 ёшидан буён машғулотларда ҳамроҳлик қиламан. «ПСЖ»да ҳам шу одатимни давом эттирдим. Аслида маш­ғулотларда бошқа футболчиларнинг оила аъзолари ҳам кўриниш беришарди. Мисол учун, Верраттининг акаси Стефано машғулотларни камдан-кам ҳолда ўтказиб юборарди. Адриенни асосий таркибда кўриш мен учун барча саъй-ҳаракатлар мукофоти ҳисобланган. Дейлик, туғилган кунига тўғри келган клубдаги илк машғулотини яхши эслайман - бу ажойиб. Қолаверса, машғулотларни кузатиш асносида ўзимга нотаниш дунё қирраларини кашф этишни хоҳлаганман. Ҳайронман, бунинг нимаси ёмон...?

- Рабьо хоним, она ва агент ролларини қандай ажратасиз?

- Баъзан икки роль ўзаро кесишади. Лекин музокара чоғи ҳеч қачон «ўғлим» иборасини ишлатмайман, чунки ишда у мен учун Адриен Рабьо, оддий айтганда, мижоз. Йиллар давомида ундан ижтимоий тармоқлар учун кўйлаксиз суратга тушмаслигини сўрайман. Зеро, она сифатида буни одобсизлик сифатида баҳолайман, агент ролида эса унинг имиджига путур етишидан қўрқаман. Тўғри, ўғлим ҳар доим ўзига хос йўлдан юришни истайди, эҳтимолки, баъзи тақиқларимдан ғазабланар ҳам... Маош масаласига келсак, бу борада қандайдир келишмовчилик йўқ.

- «МЮ»нинг Рабьодан воз кечганига сизнинг 10 миллион евро миқдорида комиссион улуш сўраганингиз сабаб бўлгани рост­ми?

- Асло. Ҳа, «Юнайтед» Адриен хизматига қизиқиб, мени учрашувга чақирди, лекин пул ҳақида умуман гаплашмадик, чунки ўғлимнинг ўзи Туринда қолишни маъқул кўраётганди. Қисқаси, ҳақиқий музокара бўлмади. Муҳими, «Юнайтед» билан яхши муносабатларни сақлаб қолдик.

- 2019 йили нега айнан «Ювентус»ни танлагандинглар?

- Биринчидан, Адриен «Ювентус»га устувор вариант сифатида қаради. Иккинчидан, клуб ўғлимни бир неча йил давомида кузатиб борган ва том маънода трансферга тайёр эди. Қолаверса, Аллегрининг шахсан ўзи ўғлимни жамоада кўришни хоҳлади. Шу тариқа «Юве» билан илиқ ва профессионал муносабатларни ривожлантирдик.

- Ўғлингиз - мижозингиз билан дейлик, ҳомийлик шартномалари бўйича бирор марта келишмовчиликка дуч келганмисиз?

- Пул ҳеч қачон Адриенни ҳаракатлантирувчи куч саналмаган. Ҳомийлик шартномаларига келсак, унинг шахсий танловига ҳурмат билан ёндашаман ҳар доим. 

- Она ва агент сифатида Адриен Рабьо ҳақида қандай фикрдасиз?

- У болалик орзуларини рўёбга чиқарди - профессионал футболчи сифатида танилди, Франция терма жамоасида ўйнади. Асосийси, интизомли, ақлли, муросали йигит бўлиб улғайди. Шундай экан, ундан фахрланишим мумкин. Она сифатида эса ўғлим кун келиб «Олтин тўп» ютишидан умидворман ҳали ҳам.

- Футболчилар фаолиятини ўз яқинлари назорат остига олишлари тобора модага айланмоқда. Бу борада нималарни тавсия қила оласиз?

- Футболда оилавий бирлашма ҳар доим ҳам ижобий натижа беравермайди, лекин бунда ноодатий ёки ғалати томони йўқ. Баъзан шахсий агентга эга 11 ёшли болакайни кўраман: шунчаки, ақлдан озиш мумкин. Умуман олганда, ота-оналарга ўз фарзандлари фаолиятини бошқаришда малакали мутахассисларга таянишни тавсия этаман. Лекин улар қарор қабул қилиш ҳуқуқини ўзларида сақлаб қолишлари шарт. Яна бир гап - бола тарбиясини ҳеч қачон кимгадир топшириб қўймаслик керак. Чунончи, болаларни тўғри йўлга солиш доимий эътиборни талаб этади. 

 

МУҲАММАДХОН тайёрлади