Суперлигамизда нечта жамоа ўйнаши керак? Ўтган йили баъзи «ишбилармонлар» шарофати билан ПФЛ мусобақа регламентига 2025 йилдан Суперлигада 16та жамоа қатнашишини белгилаб қўйди. Мен Диёр Имомхўжаев бошчилигидаги ташкилот аслида бу ғояни қўлламаслигини яхши биламан. Шунинг учун бу масалада ПФЛга эътироз билдиришни лозим кўрмадим. Шунчаки, эътибор қаратамиз.
Бу йил Ўзбекистон чемпионати Про лигасида 8та жамоа иштирок этяпти. Ушбу клубларнинг 2таси («Дўстлик» ва «Олимпик MobiUz») Pro лицензияга эга эмас. Яъни иккиси лигага истисно тариқасида қўшилди. Энди бир ўйлаб кўринг, Про лигада ўйнаётган 6та профессионал клубнинг 2таси келаси йилдан Суперлигада ўйнаса, камига элита вакили «Олимпик» тақдири ноаниқ бўлса, иккинчи даражали дивизионимиз тақдири нима бўлади? Унда қайси жамоалар ўйнайди? Чемпионатимиз элитасида 16та жамоа ўйнашини сўраган баъзи мутахассислар ўйинлар сони камлигини аргумент сифатида кўрсатишибди. Ваҳоланки, ўйинлар миқдорини кўпайтириш учун жамоалар сонини ошириш шарт эмас. Мисол тариқасида айтаман, Жанубий Корея чемпионати юқори лигасида атиги 12та жамоа бор. Лекин мусобақа 3 даврали тизимда 30 турдан кўпроқ давом этади. Мана, оддий ечим! Яна бир нарсага аҳамият қаратинг: Жанубий Кореяда Иккинчи лига вакиллари миллий кубокни ютиб юрган паллада ҳам, маҳаллий футбол федерацияси элитада жамоалар сонини ошириш ҳақида бош қотираётгани йўқ. Бу қуйи лигадаги рақобат пасайиб кетмаслиги зарурлиги билан изоҳланади.
Хўш, жамоалар сони қачон оширилиши керак? АПЛ мисолида кўрамиз. Англия элит дивизионида 20та жамоа ўйнайди. Иккинчи даражали лига - Чемпионшипда эса АПЛ йўлланмаларига даъвогар жамоалар сони 10тадан кам бўлмайди. Бу меъёрни бошқа мамлакатлар чемпионатлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Хўш, бизнинг Про лигада Суперлига ҳавасидаги жамоалар шунчалик кўпми? Элитани кенгайтириш қарори 6тагина профессионал клуб иштирок этаётган лигамизни янада заифлаштириб юбормайдими?
SamvelKarlenovich