Ўзбекистон кубоги-2023. Финал: Яна «Насаф», қаторасига учинчи марта!

Ўзбекистон кубоги-2023. Финал: Яна «Насаф», қаторасига учинчи марта!

«Насаф» Қарши финалида пенальтидан урилган ягона гол эвазига ОКМКни енгиб, қаторасига 3-марта, умумий ҳисобда 4-марта Ўзбекистон кубоги соҳибига айланди.

Қаршиликлар бунга қадар Самарқанд ва Бухоро мезбонлик қилган ҳал қилувчи баҳсларда тегишлича «Пахтакор» ҳамда «Навбаҳор»дан устун келишганди.

Рўзиқул Бердиев ва Миржалол Қосимов жамоаси ўртасидаги навбатдаги тўқнашув тенг курашлар остида кечди. Тўғри, агар «аждарлар» билинар-билинмас даражада устун кўринган бўлсалар, бу уларнинг ўз майдонларида ўйнашганига боғлиқ. Оддий айтганда, Олмалиқ клуби «қўрқинчли Теҳрон» воқеаси (0:9)дан кейин қисқа вақтда финалга тўғри шайланганини амалда исботлади. Фақат Миржалол Қосимов шогирдларига 71-дақиқада Азиз Асимов томонидан белгиланган ва баҳслидек кўринган пенальти панд берди. Алоҳида таъкидлаш керак, охирги вақтлар пенальтилар борасида муаммога учраётган «Насаф» бу сафар ушбу имкониятдан чиройли тарзда фойдаланди - Жавоҳир Сиддиқовдан Паненка услубида эффектли зарба.

* Ўзбекистон кубоги финали қаторасига 4-йил пойтахтдан ташқарида ўтказилди. Қарши тарихда ҳал қилувчи баҳсни қабул қилган 8-шаҳар бўлди. Финал ўйинларидан 22таси Тошкент шаҳрида, жумладан, 18таси «Пахтакор» стадионида ташкиллаштирилган. 

* Қарши финали чипталари 4та тоифада сотилди - 100, 50, 40 ва 30 минг сўмдан.

* Рўзиқул Бердиев Ўзбекистон кубогини 4 марта қўлга киритган иккинчи мураббий бўлди ва Виктор Жалилов рекордини такрорлади.

* «Насаф» Ўзбекистон кубоги финалида 9-марта ўйнади ва 4-марта ғалаба қозониб, бу борада «Бунёдкор» билан тенглашди - иккинчи юқори натижа. Рекордчи - «Пахтакор» ҳисобида 13та миллий кубок бор.

* «Насаф» кубокдаги ғалаба эвазига ке­йинги мавсум учун ОЧЛ-2 турнири йўлланмасини нақд қилди.

«НАСАФ» - ОКМК - 1:0 (0:0)

12 ноябрь. Қарши. «Марказий» стадиони. 17710 томошабин.

Ҳакамлар: Азиз Асимов, Олим Абдувасилов, Темур Гайнуллин, Раҳим Каримов.

VAR ҳаками: Ильгиз Танташев.

VAR ассистенти: Александр Сидоров.

Гол: Жавоҳир Сиддиқов (71-пен.).

«Насаф»: 35. Абдувоҳид Неъматов, 2. Алибек Давронов, 5. Ғолиб Ғайбуллаев, 7. Акмал Мозговой, 8. Зафармурод Абдураҳматов, 9. Жавоҳир Сиддиқов (70. Жамбули Жигаури, 80), 17. Суҳроб Нуруллоев (99. Азиз Амонов, 60), 19. Матеус Лима Круз (10. Андрес Чавес, 90+5), 34. Шерзод Насруллаев, 77. Ойбек Бозоров (21. Дониёр Нарзуллаев, 90+5), 88. Марко Станоевич (18. Баҳром Абдураҳимов, 60).

ОКМК: 1. Ботирали Эргашев, 2. Акрам Комилов, 3. Сардор Раҳмонов, 4. Миржамол Қосимов (39. Асилбек Умрзоқов, 87), 7. Дилшод Аҳмадалиев, 10. Хуршид Ғиёсов (19. Муҳаммаданас Ҳасанов, 80), 15. Ойбек Рустамов, 17. Санжар Турсунов (88. Сияваш Ҳақназари, 80), 20. Ислом Тўхтахўжаев, 27. Мартин Боаке, 29. Виталий Денисов (24. Мурат Эрматов, 87).

Огоҳлантиришлар: Суҳроб Нуруллоев (55), Ғолиб Ғайбуллаев (74), Жавоҳир Сиддиқов (80) Матеус Лима Круз (90+5), Абдувоҳид Неъматов (90+6) - Ислом Тўхтахўжаев (62), Санжар Турсунов (76), Мартин Боаке (ўйиндан кейин).

Ўйиннинг энг яхши футболчиси: Жавоҳир Сиддиқов («Насаф»).

Назоратчи: Бобур Ҳайдаров.

Комиссар: Шерзод Ражабов.

Миржалол Қосимов (ОКМК бош мураббийи): - Қисқа гапираман, бугун жамоалардан бири ғалаба қозониши керак эди ва бу «Насаф» бўлди. Рақибни табриклайман. Оғир ўйин. Боз устига, ОЧЛдаги учрашувдан ке­йин жамоани руҳан тайёрлаш қийин бўлди. Футбол кўп вазиятлар кузатиладиган баскетбол эмас. Ҳозир байрамни бузишни истамайман, соғ бўлинглар.

Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи): - Тарихий ғалабага эришдик. Ўйин осон кечмади. Рақиб жуда яхши шайланганини кўрсатди. Тўпни ОКМК кўпроқ назорат қилди, биз эса вазият яратишда устун кўриндик. Футболда асосийси - натижа. Биринчи даврада анча ҳужумкор ўйнадик ва кўплаб рақиблар бизга ҳимоявий услуб билан қаршилик кўрсатишди. Барчасини ҳисобга олиб, схемани бироз ўзгартир­япмиз. Қолаверса, охирги вақтлар асосан кучли рақибларга қарши майдонга тушдик. ОКМК бугун қанотларни яхши ёпди. Дейлик, Дилшод Аҳмадалиев қанотда Шерзод Насруллаевни алоҳида қўриқлади. Бу рақиб бизни яхши ўрганганидан далолат. Умар Эшмуродов нега ўйнамади? Охирги ўйиндан кейин иситмаси кўтарилганди. Унинг тузалишига умид боғладик, лекин... Пенальти? Ўша вазиятда ҳакамлар узоқ ўйлашди. Уларда ўз қарашлари бор. Пенальти белгиландими, демак, қоида бузилган. 

Энди чемпионат финишига қадар курашамиз. Жорий мавсум суперкубок ва кубокни ютдик, энди 2 мусобақа қолди. Мавсум давомида жароҳатлардан кўп азият чекдик. Тиғиз жадвал ҳам анча қийнади. «Шаржа» ва «Пахтакор»га қарши кечган учрашувларда бор кучимизни ташлаганимизда, бугун ғалаба қозонмаслигимиз мумкин эди. Кучни тўғри тақсимлаш муҳим. 

Ўзбекистон кубоги: финаллар рейтинги

Жамоа             Ғолиб     Финал

«Пахтакор»        13         4

«Бунёдкор»        4           5

 «Насаф»            4           5

 «Навбаҳор»       3           2

«Локомотив»     3           -

«Нефтчи»           2           5

АГМК                          3

«Дўстлик»          1           -

 «Қўқон-1912»    -           1

«Янгиер»           -            1

МҲСК                -            1

«Динамо»           -            1

«Трактор»          -            1

 «Машъал»         -            1

«Шўртан»          -            1

----------------------------------------------------------

ЎзФҲМ хулосасига кўра, «Насаф» - ОКМК ўйинида пенальти тўғри белгиланган. «Мазкур вазиятда футболчининг нотабиий ҳолатдаги қўли дастлаб тўпга тегди, кейин унинг оёқ билан амалга оширган қўшимча ҳаракати ортидан рақиб майдонга йиқилиб тушди. Жарима майдони ичида содир этилган бу қоидабузарликларга асосланган ҳолда, пенальти тўғри белгилангани қайд этилди. Экспертлар ҳакам қарорини маъқуллашди», - дейилди ЎзФҲМ баёнотида.

Пўлатов Мухаммадхон

Involved in this affair, He trusts to you how the Dodo solemnly, rising to its feet, 'I move that.