VAR иши бўйича таҳлил борми?

VAR иши бўйича таҳлил борми?

Таниқли мутахассис Алишер Никимбаев «Телеграм»даги канали - «Футболиум»да олдинроқ Ўзбекистон чемпионатидаги ҳакамлик юзасидан тўхталиб, бизда VAR иши борасида таҳлил йўқлигини таъкидлаганди.

 Унинг бунга ўз муносабатини жумладан, АПЛга боғлиқ статистик маълумотларни келтириш асносида билдиргани эътиборга молик.
- Яна рақамлар ва таҳлиллар ҳақида. ESPN нашри АПЛда мавсум тугаш-тугамасидан олдин VAR аралашувидан сўнг ўзгартирилган ҳакамлар қарорлари бўйича статистик маълумотларни тақдим этганди. Жами 116та шундай ҳолат кузатилган. Яна 4та ҳолатда ҳакамлар VAR аралашувидан кейин ҳам ўз қарорларини ўзгартиришмаган. Хуллас, VAR 120 марта ҳакамлардан ўз қарорини қайта кўриб чиқишни сўраган. Кўпми? Кўпдек. Лекин шуни унутмаслик керак, АПЛда 20та жамоа бор ва улар жами 380та ўйин ўтказади. Демак, VAR ўртача ҳисобда ҳар 3та ўйинда 1 марта вазиятга аралашган. Ўзбекистон чемпионатида VAR ҳакамлардан неча марта қарорларни қайта кўриб чиқишни сўраганини санаб боряптими? Шундай фикр борки, рақамларни таққослаб кўриш қизиқарли бўлади. Бошқа манбалар томонидан эълон қилинган яна бир рақам: мавсум давомида Ҳакамлар қўмитаси АПЛ ўйинларидаги реферилар ва VAR тизимига боғлиқ хатолар учун 13 марта узр сўради. Бир томондан олсак, ҳаттоки, VAR кўрганидан кейин ҳам 13та хато кузатилгани кўпдек. Аммо маълум бўлишича, чамаси 30та ўйинга 1та шундай хато тўғри келади. Ўзбекистон чемпионатида ҳозирга қадар 76та ўйин ўтказилган (мақола олдинроқ ёзилган). Агар АПЛ статистикасига уйғунлаштирсак, бизда VAR аралашувидан кейин 3тадан кўп хато бўлмаслиги керак. Амалда қанча хато кузатилди? Тасаввур бўйича анча кўп. Бу эса маҳаллий ҳакамликнинг асосий муаммосидир. Агар дунёда VAR жорий этилиши хатолар сонининг камайишига олиб келган бўлса (аниқ бўлишича, Англияда мавсум бўйи ҳакамлар ўйинларда 129 марта хатога йўл қўйишган ва улардан 116тасини VAR ёрдамида тузатишган), Ўзбекистонда ҳакамлик можаросисиз тур йўқ. Ҳаттоки, мустақил экспертлар турларнинг бирида 8та хато ҳисоблашди. Сўнгги ҳафталар кузатувларимни вазиятни ичкаридан озгина биладиган одамлар билан ўртоқлашдим. Уларнинг ҳар бири муаммоларни ўзича кўради. Кимдир тил бириктириб ишлайдиган реферилар гуруҳини айблайди, бошқаси лавозимига шунчаки, хизмат вақтини ўтказиш имкониятидек қарайдиган Ҳакамлар маркази директорининг лаёқатсизлиги ҳақида гапиради. Яна кимдир ҳакамлар ўз устиларида ишламасликлар ва ишларини таҳлил қилмасликларидан нолийди (Марказ эса ҳаттоки, бундай таҳлилни йўлга қўйишга ҳам уринмайди). Нима бўлишидан қатъий назар, VAR тизими Ўзбекистон чемпионатига татбиқ этилганидан буён ҳозирча асосий вазифасини уддалагани йўқ. Ҳолатни қандай тўғрилаш масаласи эса ҳеч кимни қизиқтирмаётган кўринади.