«Вилла»нинг қарғиши ёмон...

«Вилла»нинг қарғиши ёмон...

«Астон Вилла» - мураббийлар учун ўта хавфли жамоалардан бири.

Мана, «Ливерпуль» афсонаси Стивен Жеррард ҳам Бирмингемда катта омадсизликка йўлиқди. Тушунарлики, «қизиллар»нинг собиқ сардори янги иш жойида янгича «Ливерпуль» шакллантиришга уринди, аммо мақсадига эришолмади ва салбий натижалар ортидан истеъфога чиқарилди. Диққат қилинг, «Астон Вилла»да бош мураббий ваколатини қўлга олган охирги 6 нафар мутахассисдан 4 нафари мавсум якунига етмай туриб, жамоадан кетди ёки бутунлай ишсиз қолди. Шу мураббийлардан айримларини кўпчилик унутиб юборишга ҳам улгурди. Қуйидаги мақола шу ҳақда.

Пол ЛАМБЕРТ  (2012-2015 йиллар)

«Астон Вилла» шотландиялик мураббий даврида рисоладагидек сармояга эга бўлган ҳолда, қаторасига 3 мавсум элитада «жон» сақлаб қолиш учун курашди ва 2015 йилга қадар бу миссияни уддалади. Лекин жамоа ўша йилнинг февралида турнир жадвалининг 18-қаторига тушиб қолди ва ғалабасиз серия туфайли мураббий истеъфога чиқарилди. 

Факт. Ламберт «Астон Вилла»дан кетгач, Чемпионшипда фаолият юритди, кейин АПЛга қайтиб, «Сток Сити»ни атиги 4 ой бошқарди. Хуллас, шотландиялик мутахассис Бирмингемдан кетганидан буён бирор жамоада барқарор ишлагани йўқ. «Вилла» унга энг кўп вақт берган АПЛнинг сўнг­ги клубидир.

Тим ШЕРВУД (2015 йил)

«Астон Вилла» учун том маънода фалокатли мавсум айнан Шервуд раҳбарлигида бошланди. Бу мутахассис жамоани бор-йўғи ярим йил бошқарди. Аслида Шервуд 2014|2015 йиллар мавсумида «шерлар»ни элитада олиб қолиш вазифасини уддалаганди. Бироқ янги мавсум ўта омадсиз бошланди: клуб октябрь ойидаёқ жадвалда 19- поғонага тушиб кетди, қаторасига 9та ўйинда ғалаба нималигини билмади, камига кетма-кет 6та турда мағлубиятни тан олди. Шу тариқа аввал «Тоттенхэм», ке­йин «Астон Вилла»ни 28 марта бош мураббий мақомида майдонга олиб тушган Тим Шервуднинг фаолияти ниҳоя­сига етди. 

Факт. Шервуд истеъфодан кейин 1 йил дам олди ва шундан сўнг камтарин «Суиндон Таун» клуби спорт директори лавозимида иш бошлади. Аммо шу-шу мураббийлик со-ҳасига қайтгани йўқ.

Реми ГАРД  (2015-2016 йиллар)

«Лион»да рисоладагидек фаолият юритганидан кейин Бирмингем клубига таклиф этилган франциялик мураббий. «Вилла» айнан унинг даврида ўз тарихида илк марта АПЛдан Чемпионшипга тушиб кетди. Гард жамоадан кетаётган паллада унинг ке­йинги тақдири деярли маълум бўлиб улгурган, лекин расман элитада эди. Умуман, Реми Гард «Вилла»ни АПЛда 23 марта майдонга бошлаб тушди ва жамоа тарихида элитадаги энг ёмон натижани қайд этди - атиги 3та ғалаба.

Факт. Франциялик мутахассис Бирмингем клубида атиги 5 ойга чўзилган фаолиятидан ке­йин еврофутбол билан бутунлай хайрлашиб, Канадага йўл олди. Бироқ «Монреаль Импэкт» клубида бош мураббий ва спорт директори лавозимларида ишлаган вақти ҳам мақташга арзийдиган натижага эришолмади. Шу тариқа мураббийлик фаолиятига нуқта қўя қолди.

Роберто ДИ МАТТЕО (2016 йил)

«Челси» билан ЧЛда ғалаба нашидасини сурган италиялик мураббийнинг Бирмингемдаги қисмати Гардникига ўхшаш. Ягона фарқ шундаки, у жамоани АПЛ эмас, Чемпионшипда бош­қарди. Натижалар эса жуда паст. Диққат қилинг, ЧЛ ғолиби «Астон Вилла» билан 2 ойлик ҳамкорлик давомида 12та ўйинда атиги 1та ғалаба қайд этди. «Вилла» тарихидаги бирор бош мураббийнинг якуний статистикаси бу қадар паст эмас.

Факт. Роберто ди Маттео ҳам «Астон Вилла»даги омадсизлик таъсиридами, мураббийлик соҳасидан бутунлай чиқиб кетди. Ваҳоланки, у Шервуд ва Гарддан фарқли равишда, «Вилла» бошқарувини қўлга олишига қадар бир неча жамоа­ларда муваффақиятли фаолият юритганди.

Стив БРЮС  (2016-2018 йиллар)

Тажрибали мутахассис «Астон Вилла» билан узоқ вақт ҳамкорлик қилди (албатта, клуб мезонига кўра), бироқ ишлари асло юришмади. Бинобарин, Чемпионшипнинг энг бадавлат клуби фақат иккинчи мавсум АПЛга кўтарилиш учун «плей-офф» босқичида ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритди, шунда ҳам имкониятдан фойдаланолмади. Янги мавсумда ҳам «Вилла»нинг омади чопмагач, раҳбарият октябрь ойида Брюс қўлига кетиш чиптасини тутқазди - истеъфо.

Факт. Стив Брюс - тажрибали мураббий. Дейлик, у саудиялик шайхлар сармояси оқимидан аввал «Ньюкасл»ни бинойидек бошқариб, Чемпионшипга тушиб кетишдан сақлаб қолди. Бироқ Стив яқинда Чемпионшип иштирокчиси «Вест Бромвич»дан ҳам четлатилди. Сабаби, жамоа мавсум стартида ўта суст қатнашиб, охирги 20 йилдаги энг паст натижа билан 22-ўринга тушиб қолганди.

Дин СМИТ  (2018-2021 йиллар)

Рўйхатга тушган ва ҳозир ҳам мураббийлик фаолиятини давом эттираётган ягона мутахассис. 2021 йили «Норвич»да иш бошлаган Смит клуб билан АПЛдан тушиб кетди ва энди қайтишга уринмоқда. 

Факт. Дин Смит «Вилла»да АПЛга чиқиш вазифасини уддалаганди. Бироқ кейинчалик дунёнинг энг нуфузли чемпионатида жамоани талаб даражасида бошқаролмади.

--------------------------------------

Қизиқ, Стивен Жеррарднинг кейинги тақдири нима бўларкин?

Д.АЛИМОВ тайёрлади