ВУНДЕРКИНДЛАР: АПЛнинг келажак юлдузлари

ВУНДЕРКИНДЛАР: АПЛнинг келажак юлдузлари

Ниҳоят, топ-чемпионатлар бешлигининг бошқа вакиллари қатори Англия чемпионати ҳам ҳал қилувчи босқичдаги муросасиз баҳсларни бошлаб юборди.

Қатар мундиали туфайли юзага келган танаффус арафасида «Арсенал» ҳужумчиси Итан Нванери АПЛдаги дебютини нишонлаб, турнирнинг энг ёш футболчиси рекордини янгилаганди. «Брентфорд»га қарши ўйинда у захирадан майдонга тушганида 15 ёш, 5 ой, 23 кунлик ўспирин эди. Аввалги рекорд Харви Эллиоттга тегишли бўлиб, у 16 ёш, 30 кунлик пайтида майдонга тушганди.

Ромео Лавия - 18 ёшда, «Саутгемптон» таянч ярим ҳимоячиси

Бельгиялик ёш иқтидор соҳибини ўтган йилнинг ёзида «Манчестер Сити» 12 млн. фунтга харид қилганди. Матбуот хабарларига биноан, «шаҳарликлар» футболчини 40 млн.га қайтадан сотиб олиш бандини шартномада қолдиришган. Лавия жароҳат олгани боис, сентябрь-октябрь ойларида майдонга туша олмаган бўлсада, «Тоттенхэм», «Челси», «МЮ» ва «Ливерпуль» скаутларининг эътиборини тортишга муваффақ бўлди. 

Алехандро Гарначо - 18 ёшда, «МЮ» ҳужумчиси

Бу футболчи ЕЛ доирасидаги «Шериф»га қарши учрашувда барчанинг диққат-эътиборини тортган ва ўйиннинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилганди. Ўшанда у ўзининг юксак салоҳиятини намойиш этганди. Ўйиндан кейин Эрик тен Хаг шогирди ҳимояда янада ишончлироқ ўйнаши лозимлигини таъкидлаган бўлсада, умуман, кўпроқ ўйин амалиётига ҳақли эканлигини ҳам эътироф этганди. Кейинчалик аргентиналик ҳужумчи «Фулхэм» дарвозасига гол урди.

Фабио Карвальо - 20 ёшда, «Ливерпуль» ярим ҳимоячиси

Португалиялик иқтидор соҳиби «Фулхэм»га элитага кўтарилиб олишда ёрдам бериб, кейин 5 млн. фунт эвазига «Энфилд»га йўл олди. «Ливерпуль» ҳужумкорлигидаги беқарорлик ва ўта кучли рақобат Карвальонинг янги муҳитга мослашиб олишига монелик қилмоқда. Бироқ Португалия ёшлар терма жамоасининг аъзоси чемпионатнинг биринчи даврасида салоҳиятининг айрим қирраларини намойиш этишга улгурди. 

Дегнанд Гнонто - 19 ёшда, «Лидс» ҳужумчиси

Ўз вақтида «Интер»нинг ёшлар тизимидан ўтган Гнонтони «Цюрих»дан 4,5 млн. еврога қилгунга қадар, «Лидс» бир қатор рақобатчилар қаршилигини енгиб ўтишига тўғри келди. Ундаги иштиёқ ва қизиқиш ўта юқумли. Дриблинг ва шиддатли рейдлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. 

Амаду Онана - 21 ёшда, «Эвертон» ярим 

ҳимоячиси

Онана рўйхатимиздаги умидбахш иқтидорлардан кескин фарқ қилади. У Германия ва Франция чемпионатларида 50 мартадан кўпроқ майдонга тушган. «Эвертон» у учун 35 млн. евродан воз кечгани бежиз эмас. Ёш футболчи Қатар мундиалида икки марта майдонга тушиб, марказий ярим ҳимоячидан талаб этиладиган топларга хос фазилатларни намойиш эта олди. Онана ўйинни «ўқий олади», тўп билан ишончли муомала қилади.

Рико Льюис - 18 ёшда, «Манчестер Сити» ўнг қанот ҳимоячиси

Льюиснинг асосий таркибдаги 7та ўйинидан хулоса чиқарадиган бўлсак, «шаҳарликлар» устози Хосеп Гвардиола унинг иқтидорига юксак баҳо бермоқда. Рико ЕЧЛда гол уришга муваффақ бўлди, Лига Кубоги доирасидаги «Челси»га қарши баҳсда ишончли ўйнади. Ҳимоячида янада мукаммал тўп суриш учун барча хусусиятлар мавжуд - тўпни моҳирлик билан бошқаради, тезкор ва топқир ўйинчи.

Натан Паттерсон - 21 ёшда, «Эвертон» ўнг қанот ҳимоячиси

Шотландия терма жамоаси аъзоси «Эвертон»нинг мавсум аввалида АПЛдаги дебютидан сўнг анчайин жиддий синовлардан ўтди. Паттерсон ўзининг юқори тезлиги ва бўшлиқдан самарали фойдаланиш қобилияти билан ном қозонди. У юксак савиядаги беллашувларда ўзини эркин ҳис этади. Эҳтимол, орқа чизиқдаги яккакурашлар учун жисмоний қуввати бир оз етишмаётгандир, аммо тўпни эгаллаб олиши билан, учқур отдек ҳаракатланади.

Армель Белла-Котчап - 21 ёшда, «Саутгемптон» марказий ҳимоячиси

«Бохум»дан 11 млн. евро эвазига «авлиёлар» сафига ўтган футболчи мавсумни муваффақиятли бошлаб, тез орада Германия терма жамоасидан чорлов олди. Белла-Котчап - жасур ҳимоячи, ҳар бир учрашувда ўртача 8 марта рақиб томонидан узатилган тўпларни илиб олади, яккакурашларнинг 70 фоизини ўз фойдасига ҳал қилади, «иккинчи қават»да ҳукмрон. 

Малколм Эбиовей - 19 ёшда, «Кристал Пэлас» вингери

20 ёшгача бўлган Англия терма жамоасининг аъзосининг «Дерби» билан имзолаган шартномаси ниҳоясига етгач, ўтган йил ёзида «Кристал Пэлас»га ўтганди. Ҳозирга қадар Малколм АПЛда 3 марта майдонга тушди. У қанотдан шиддатли рейдларни уюштириш устаси. Бундан ташқари, Эбиовей кўпинча ўзининг кучли зарба йўллай оладиган чап оёғидан фойдаланади. Умуман олганда, вингер дриблинг ва аниқ узатмалар санъатини яхши ўзлаштирган.

Манба: soccer.ru, 

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади