ВУНДЕРКИНДЛАР: Копа Америка вундеркиндлари

ВУНДЕРКИНДЛАР: Копа Америка вундеркиндлари

Ўсмирлар ўртасидаги мусобақалар ЖЧ ва Евро турнирлари билан чекланиб қолмаган - жанубий америкаликларда ёшлар жамоалари учун Копа Америка турнири ҳам ташкил этилган.

Январь ойида 20 ёшлилар мусобақаси старт олди. Қайсидир маънода «Ўсмирлар» Копасининг залвори катталар турнирига нисбатан вазминроқ - унда терма жамоалар нафақат соврин, балки ёшлар ЖЧ йўлланмалари учун ҳам курашадилар. Турнир формати қуйидагича: аввалига 10та жамоа 5тадан 2 гуруҳга ажратилади, кейин гуруҳларнинг 3тадан яхши жамоалари финал раундига йўл оладилар. Финалда ана шу 6 жамоа бир мартадан ўзаро куч синашади. 4 жамоа ЁЖЧ йўлланмасини, ғолиб чемпионлик унвонини ҳам қўлга киритади. Мусобақанинг сўнгги тури арафасидаги вазият қуйидагича: Уругвай (12 очко) ва Бразилия (10) ўзаро беллашувда соврин соҳибини аниқлайди, Колумбия (7) 3-ўрин соҳиби, Венесуэла (2), Эквадор (1) ва Парагвай (1) ЖЧнинг 4-йўлланмаси учун беллашади. Бир қатор топ-клублар ўзларининг иқтидорли ёшларини Колумбияга жўнатишди. Аммо улар орасида кутилмаган кашфиётлар ҳам бор. Марҳамат, улар билан танишинг.

1. Андрей Сантос - Бразилия, ярим  ҳимоячи, 18 ёшда

Турнирда Андрей чинакам снайперларга хос мўъжизаларни намойиш этди - 5та гол. Ваҳоланки, у ҳужумчи эмас, ярим ҳимоячи. Бундан ташқари, олдинги чизиққа жуда кам ўтади. Унинг турнир қаҳрамонларидан бири бўлиши аввалдан маълум эди: Сантос маҳаллий футбол жамоатчилигига ишончли таянч ярим ҳимоячиси сифатида аллақачон танилиб улгурганди. У жисмонан бақувват, ўйинни ва майдондаги вазиятни яхши ҳис этади, вазиятдан келиб чиққан ҳолда тўғри ечимни топа олади. У «Барселона» нишонида турганди. Бироқ якунда «Челси» харид қилди. Қисқаси, юксак салоҳият соҳиби. Турнирни ғолиб мақомида тугатиш Сантос учун нафақат нуфузли совринни қўлга киритиш, балки Буюк Британияда ишлаш ҳуқуқига эга бўлишга оид муаммоларни ижобий ҳал этиш учун ҳам жуда муҳим - Андрей ҳанузгача «Челси»да тўп суришга рухсат олган эмас. Яқинда АПЛда жорий этилган янги GBE тизимида трансферга оид бир қатор кўрсаткичлар кўриб чиқилади. Лондон йўлланмасини олиш учун Андрей камида 10 балл тўплаши керак. Ҳозирча унинг жамғармаси 1-3 балл атрофида. Копа Америкадаги муваффақият у учун зарур бўлган 7-9 очкони келтириши мумкин.

2. Нико Пас - Аргентина, ярим ҳимоячи, 18 ёшда

Таажжубки, Аргентинадек қудратли жамоанинг келажаги бўлган ёшлар етакчи олтиликка ҳам чиқа олмадилар. Турнир фаворити сифатида эътироф этилган Хавьер Маскерано жамоаси стартдаги 4та ўйиннинг 3тасида мағлубиятга учради. Табиийки, жамоа барвақт уйига, мураббий истеъфога йўл олди. Юлдузлар ўз маҳоратларини кўрсата олмадилар. Лекин Нико Пас омадсиз учрашувлар тақдирини ўзгартиришга ҳаракат қилди. Афсуски, аввалига Маскерано унга ишонч билдирмади - даст­лабки икки ўйинда Нико тўлиқ ўйнамади, биттасида захирадан тушди. Балки унинг тўлиқ тўп сурмаганлиги «альбиселесте»нинг омадсизлигига сабаб бўлгандир. Чунки Нико майдонда бошқалардан яққол ажралиб турган, узатмалар, алдамчи ҳаракатлар ва дуэлларда етакчилик қилганди. Афсуски, ундаги барқарорликни жамоадошлари намойиш эта олмадилар. Нико - «Кастилья» аъзоси. У ҳужумкор ярим ҳимоячи позициясида ўйнайди, қўққисдан хавфли вазиятларни яратишга интилади. Техник маҳорати талаб даражасида, узатмалари аниқ. «Реал»дагилар ундаги тараққиётдан мамнунлар, бунақа шиддат билан тез орада асосий жамоага етиб олади. Қизиғи шундаки, мавсум аввалида Нико 19 ёшлилар жамоасининг ўртамиёна ўйинчилари қаторида эди.

3. Витор Роке - Бразилия, ҳужумчи, 17 ёшда

Бу ноёб иқтидор ҳақида оддийгина фактлар лўнда ва мукаммал маълумот беради:

• Копа Америка, U20 турнирининг энг яхши тўпурари - 6та гол;

• Бразилия ва Испания ОАВ ҳужумчига «Барселона»нинг қизиқиб қолгани хусусида ёзишмоқда - жиддий музокаралар бошланиш арафасида;

• Дебютлар қироли: ўтган йил баҳорида Виторга Бразилия чемпионатининг дастлабки турлари ва Либертадорес Кубоги турнирида майдонга тушиш  имкониятини беришди. Ҳужумчи бунга жавобан ўз клубига биттадан гол ҳадя этди;

• Либертадорес Кубоги финалчиси;

Буларнинг барчаси 17 ёшли иқтидорга тегишли! Йигитча Европа ва Бразилия топларининг доимий назорати остида. Виторнинг яна бир устунлик жиҳати шундаки, жуда ёш бўлишига қарамасдан, ўйинни яхши ҳис этади, жарима майдончасида ўзига бўшлиқ топа олади. Ўта чаққон ва тезкор ўйинчи.

4. Альваро Родригес - Уругвай, ҳужумчи, 

18 ёшда

«Реал»нинг иккинчи ноёб топилмаси - Иккинчи жамоадаги 15 учрашувда 5та гол урди. Қизиғи шундаки, Копа турнирида у шиддатни ошириб, 6та ўйинда 5та голни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Родригеснинг Боливияга қарши беллашувдаги хет-трики ва Венесуэлага қарши баҳсда қайд этган дубли Уругвайга ЖЧ йўлланмасини кафолатлади. Альваро тўпни тўхтатмасдан зарба йўллаш, жарима майдончаси атрофида қулай позицияни топиш устаси. Ўзи ўта гавдали бўлмасада, ундан унумли фойдаланади, ҳимоячиларни осонлик билан ортда қолдиради.

5. Лусиано Родригес - Уругвай, ҳужумчи,  19 ёшда

Ҳа, Уругвай терма жамоасининг олдинги чизиғида икки нафар Родригеслар тўп суришади. Йўқ, уларда қариндошлик ришталари йўқ. Лусиано - Монтевидеонинг «Ливерпуль» клубидан, Копага қадар кўпчилик мухлислар учун нотаниш эди. Мазкур мусобақада бу снайпер ҳам 5та гол муаллифи бўлди, уларнинг айримлари ажойиб услубда амалга оширилди: Эквадорга қарши учрашувнинг 85-дақиқасида ҳужумчи чамаси 25-30 метр масофадан «замбарак» зарбаси билан дарвозани ишғол этди. Дарвозабон ҳатто қимирлашга ҳам улгурмади. Гол эса ўта чиройли бўлиш билан биргаликда, муҳим ғалабани таъминлади. Бунақа шедевр-голларни одатда, «бир марталик акция», «омад» сифатида баҳолашади. Бироқ Лусиано мусобақанинг финал босқичида ҳам шундай гол муаллифи бўлди. Таажжубки, бу сафар ҳам зарбани 85-дақиқада, фақат Парагвай дарвозасига ва стандарт вазиятдан йўллади. Дарвозабон олис бурчакка ўқдек учиб келаётган тўпни кўрган ва ўз вақтида сакраган бўлсада, уни қайтара олмади. Мазкур мусобақа Лусиано Родригес фаолиятида ҳам муҳим босқич вазифасини ўташи мумкин. Мавсумлар оралиғида клубини ўзгартирган ҳужумчи янги жамоада Копадаги сермаҳсулликни давом эттирса, бу ёрқин ўйинлар тасодифий эмаслигига шубҳа қолмайди.

СОДИҚ СОБИР тайёрлади