ЯНА СУПЕРЛИГА ҒОЯСИ

ЯНА СУПЕРЛИГА ҒОЯСИ

Европа Суперлигаси лойиҳасининг янги директори Бернд Райхартнинг айтишича, янги мусобақа мавсум-2024/2025дан йўлга чиқиши эҳтимоли катта. Ваҳоланки, лойиҳага асос солган 12та клубдан 9таси ундан воз кечишга улгурди.

Ҳозирда фақат «Реал», «Барселона» ва «Ювентус» жамоалари Суперлига тузишни қўллаб-қувватламоқда. Октябрь ойи бошида лойиҳа вакиллари Европанинг етакчи клублари билан мусобақа форматини муҳокама қилишлари ҳақида хабарлар тарқалганди. 

Мавзуга дахлдор яна бир хабар шуки, Испания Ла Лигаси раҳбарияти мамлакат ҳукумати томонидан клубларнинг Суперлигада иштирок этишини таъминловчи қонун қабул қилишига норозилик сифатида чемпионат ўйинларини тўхтатиб қўйиши мумкин. Cope радиостанцияси хабарига кўра, Ла Лига президенти Хавьер Тебас бу масалада биринчи ва иккинчи дивизион клублари вакилларини 27 октябрь кунига белгиланган навбатдан ташқари йиғилишга чақирди. Айнан шу кенгашда Испания чемпионатини тўхтатиб туриш масаласи кўриб чиқилиши мумкин. Ла Лига раҳбарияти баёнотида айтилишича, Испанияда спортга доир янги қонуннинг қабул қилиниши ташкилотнинг CVC Capital Partners инвестиция жамғармаси билан келишуви (баҳоси чамаси 2 миллиард евро)га путур етказади.