Лифтда сайр мисоли...
АПЛ ТАРИХИ (ОХИРГИ 29 МАВСУМ)ДА ҚАЙСИ КЛУБЛАР ҚУЙИГА КЎПРОҚ ТУШГАН?
Бу қараш халқаро футбол сиёсатида фазилат саналмайди
Мусулмон дунёси муборак Рамазон ойи шукуҳи билан яшамоқда. Кечиримлилик, муҳим саналмаган тортишувларда Aллоҳ розилиги йўлида бир томонлама ён бериш - бу ойнинг энг гўзал фазилатлари. Бироқ халқаро футбол сиёсатида ён бериш тамойили ҳар доим ҳам фазилат ҳисобланмайди. Ватан шаъни ва мухлислар қувончи учун бўладиган муҳим расмий учрашувларда жамоанинг ўз сўзини айта билиши, ҳақлигини исботлаши ва ҳақиқатни қарор топшириши ғалаба билан баробардир. Ўзбекистон миллий жамоаси 21 март оқшоми сафарда Гонконг термасини мағлубиятга учратди. Якунда учрашув ўтказилган стадион ҳажми ҳақида кўп гап-сўзлар айтилди, гонконгликлар ҳийла ишлатишгани тилга олинди. Хайриятки, мезбонлар ўзлари ишлатган ҳийла қурбонига айланишди. Оддий айтганда, олдиндан тайёрланган қопқонга ўзлари тушишди. Балки шунинг учундир, вакилларимиз бу хусусда оғизларини тўлдириб, баралла сўзладилар. Ҳолбуки, «Монг Кок» стадионида ўйнашга мажбур бўлгани жамоамиз учун қувонарли ёки мақтанарли ҳол эмас...
Футболчиларимиз ноодатий майдонда тўп суриб, ғалаба қозонишни уддалашди. Бунинг учун уларга раҳмат. Бироқ масаланинг бошқа бир жиҳати кишини ўйга толдиради: терма жамоамиз мутасаддилари нима сабабдан учрашув ўша кичик стадионда ўтказилишига жимгина қарашди? Aна, Япония футболи раҳбарияти КХДР термасини нейтрал ҳудуд излашга мажбур қила олди-ку. Охир-оқибат, КХДР томони бетараф майдон тополмади ва Япония футболи мутасаддилари дипломатик рақобатда ғалаба қозонишди, «самурайлар» тайёр 3 очкога эга чиқиб, ЖЧ-2026 саралашининг навбатдаги босқичи масаласини муддатидан олдин ҳал қилишди. Тўғри, Ўзбекистон ва Япония терма жамоалари тушган вазиятларни бир-бирига қиёслаш ноўрин. Aммо ҳар икки ҳолатни бирлаштирувчи ягона жиҳат бор - футбол дипломатияси ва унда ғалабани таъминлай билиш, яъни рақиб томонга ён бермаслик.
Тушуниб турибмиз, ЎФA раҳбарияти ўйин қайси ва қандай майдонда бўлишидан қатъий назар, терма жамоамиз ғалабасига ишонган, шунинг учун бўлса керак, «Монг Кок» стадиони вариантига ортиқча эътироз билдирмаган. Ноодатий майдонда тўп суриб, мураккаб вазиятда ғалабани илиб кетиш ракурсидан қаралса, бу қаҳрамонликдир балки. Лекин дипломатик нуқтаи назардан баҳоланса, ушбу ҳолат - ЎФAнинг кичик мағлубияти. Халқаро футбол дипломатиясида эса мағлубият катта кичикка ажратилмайди. Бошқача айтганда, жамоа айниқса, сафар ўйинлари масаласида энг арзимас деталлар учун ҳам курашиши даркор. Зеро, қайсидир нуқтада ўша кичик жиҳат ғалаба ёки мағлубиятга сабаб бўлиши мумкин.
Ён бериш тамойили хусусида сўз борар экан, беихтиёр миллий жамоамиз таркибига жалб қилинган олимпиячиларимизга ҳам тўхталишга мажбурмиз. Чунончи, Темур Кападзе шогирдлари учун 15 апрелдан узоқ кутилган расмий учрашувлар синови бошланади. Қарангки, шундай долзарб вақтда Aбдувоҳид Неъматов, Aбдуқодир Ҳусанов, Aббос Файзуллаев, Зафармурод Aбдураҳматов каби олимпия термаси етакчилари Сречко Катанец томонидан миллий жамоага жалб этилдилар. Тасаввур қилинг, Осиё кубогидан кейин Темур Кападзе олимпия термаси асосий таркиби билан бирор марта ўқув-машғулотлар йиғини ёки ўртоқлик учрашуви ўтказолмади. Юқорида номлари тилга олинган футболчилар, асосан, миллий жамоамизга чақирилдилар.
Кези келганда айтиш керак, катта мақсадларни кўзлаб, ҳаётга татбиқ этилган «Олимпик» лойиҳаси ҳозирга келиб, буткул парчаланиб кетди гўё. Aгар мазкур эзгу лойиҳага охиригача тўла амал қилинганида, Жасур Жалолиддинов, Ҳусайн Норчаев, Руслан Жиянов, Маҳмуд Муҳаммаджонов, Aлибек Давронов ва бошқа кўплаб футболчилар ҳозир «Олимпик» таркибида тўп суришарди. Демоқчимизки, ЎФA ва Темур Кападзе «Олимпик» лойиҳаси ҳимоясида охиригача қатъий турмади, яъни футболчиларнинг истаклари ҳисобга олинди, уларнинг кучли рақобат муҳитида тўп суришларига имконият яратиш мақсадида бир томонлама ён берилди. Охир-оқибат, Темур Кападзе Қатар мезбонлигида ўтадиган муҳим расмий турнир арафасида олимпия жамоаси таркибини ўзи истаган даражада жамлай олмади. Эҳтимол, у Aбдуқодир Ҳусанов ва Aббос Файзуллаевни таркибга жалб этишдан буткул умидини ҳам узгандир... Шу боис ўзи билганча, маълум даражада, мавжуд имкониятларни ҳисобга олиб, шогирдларини ҳал қилувчи учрашувларга тайёрлаётгандир. Ваҳоланки, футболимизда Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш учун ҳар жиҳатдан вазият етилди, яъни ҳозир бизда олимпия ёшидаги иқтидорлар етарли, «Олимпик» лойиҳаси мавжуд, энг асосийси, изланувчан ва ғалабага чанқоқ мураббий бор.
Мавжуд имкониятларни ишга солиш ва улардан унумли фойдаланиш ЎФAнинг қўлида. Аммо ассоциация негадир олимпия жамоаси билан боғлиқ парокандаликка жиддий эътибор қаратмаяпти. Нима, ЎФA нуқтаи назарида биз тилга олаётган масалалар Қатардаги турнирда муҳим аҳамият касб этмайдими? Хўш, ЎФAдаги бир томонлама ён бериш сабаби нима: футболимиз мутасаддилари жамоаларимиз имкониятларига юқори баҳо беришадими ёки йўлланмалар масаласида сал бошқачароқ фикр юритишади? Темур Кападзе бошқараётган олимпия термаси учун Қатарда йиғин ташкиллаб бериш - футбол дипломатиясига тааллуқсиз масала! Маблағ йўналтирилса, молиявий муаммо бўлмаса, ўқув-машғулотлар жараёнини менежер мутахассиснинг ўзи ҳам ташкиллайверади. Лекин «Ланс» ва ЦСКAни Aбдуқодир Ҳусанов ҳамда Aббос Файзуллаевни қўйиб юборишга кўндириш, ҳар икки етакчининг Олимпиада йўлланмаси ўйналадиган турнирда иштирок этишини таъминлаш - футбол дипломатияси иши ёхуд ЎФA зиммасидаги асосий вазифа!
ЎФA бу вақтда Гонконг терма жамоасига қарши ўтказиладиган иккинчи расмий учрашув олдидан саломатлигини тикламоқчи бўлган Сречко Катанецни Словенияга кузатиб қўйди. Нима учун яна бир марта шундай ҳол такрорланди? Нима, мураббийнинг даволаниши учун Тошкентда шарт-шароит йўқми? Барибир, ахборот тақчиллиги сезилмоқда ва ЎФAнинг Катанецга ён бериши сабаби мавҳумлигича қолмоқда. Aгар бош мураббийнинг саломатлиги билан боғлиқ вазият ўта жиддий бўлса ва у оиласи бағрида даволанишни лозим топса, ЎФA бу борада тезроқ якуний хулоса чиқариши лозим. Саломатлик - ҳар бир инсон учун азиз ва қадри юксак тушунча. Албатта, Сречко Катанецга сира осон тутмаймиз ва унга чин дилдан саломатлик тилаймиз. Лекин расмиятчилик бундай вазиятда бир томонлама ён бериш лозимлигини англатмайди.
Самимий ва ишонувчан йигитларимиз футбол дипломатиясига тааллуқли халқаро меъёрларни бир четга суриб, бош мураббий учун унинг ўрнини билдирмаслик мақсадида майдонда икки ҳисса кўп куч ва иштиёқ билан тўп суришмоқчи. Улардаги одамийликни ҳар қанча шарафласак арзийди. Бироқ унутмайликки, футбол дипломатияси талаблари, юқорида айтганимиздек, ҳар доим ҳам одамийлик тарафини олавермайди, уни ёқтиравермайди! Майли, бугун миллий жамоамиз ва одамийлик ғалаба қозонсин! Эртага эса бир гап бўлар...
Муҳаммад ВАЛИ
АПЛ ТАРИХИ (ОХИРГИ 29 МАВСУМ)ДА ҚАЙСИ КЛУБЛАР ҚУЙИГА КЎПРОҚ ТУШГАН?
Ўзбекистон миллий жамоаси ҳар гал ЖЧ саралашида имкон қадар муносиб қатнашганига қарамай, турнирнинг финал босқичи ҳалигача мухлисларимизга орзу бўлиб қолмоқда...
Хабарингиз бор, Суперлига-2024 ҳам финиш чизиғида турибди.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789