Юбилейларни нишонлаш вақти келгандир...

Юбилейларни нишонлаш вақти келгандир...

Қатарда фаолият юритаётган мутахассис Алишер Никимбаевнинг фикрича, Ўзбекистон миллий жамоасининг юбилей ўйинларига эътибор қаратиш вақти келди

Ҳар ҳолда, у Австралия термасининг илк ўйини 100 йиллигига бағишлаб, алоҳида марка чиқарилганини ёзиб, бу борадаги мулоҳазаларини баён этди.

*** 

- Австралияда мамлакат миллий жамоасининг биринчи ўйини 100 йиллигига бағишлаб, алоҳида марка чиқарилди. 1956 йилги Мельбурн Олимпиадаси Австралия термаси учун биринчи расмий турнир ҳисобланади. Лекин жамоанинг тарихдаги биринчи учрашуви 1922 йилнинг 17 июнида Янги Зеландия термасига қарши ўтказилган. Жорий йил 22 сентябрь куни Австралия ва Янги Зеландия термалари яна тўқнаш келади ва бу ўйин «соккеруз» учун ЖЧ-2022 олдидан охиргиси бўлади. Хуллас, «соккеруз»нинг 100 йиллиги шу куни нишонланади. 

Шу мавзуда бир фикр: Ўзбекистон миллий жамоаси юбилей ўйинларини ҳам нишонлаш вақти келмадими? Тўғри, аввало, жамоамиз тарихида қайси ўйинни биринчиси сифатида ҳисоблаш кераклигини ҳал қилиш керак. Ўзбекистон миллий жамоаси 1992 йилнинг 17 июнь куни Душанбеда Тожикистон термасига қарши майдонга тушган (2:2). Бироқ бу ўйин ФИФА рўйхатига киритилмаган. Жамоамиз учун ФИФА реестридаги илк ўйин - бу 1994 йилнинг 11 апрелида Тошкентда Туркманис­тон термасига қарши кечган баҳс (4:0). ЎФА матбуот хизмати 17 июнь куни Душанбедаги ўйиннинг 30 йиллигига ҳеч қандай муносабат билдирмаганига қарасак, 1994 йилги баҳс расман биринчиси саналади. Ёки ЎФА бу масалани ҳеч қачон ўйлаб кўрмаган.