ЖАМОАЛАРДАН ДАРАКЛАР: «Навбаҳор» «Қўқон-1912»гача...

ЖАМОАЛАРДАН ДАРАКЛАР: «Навбаҳор» «Қўқон-1912»гача...

Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ ҳимоячиси Даврон Хошимов «Навбаҳор» билан расман хайр­лашди.

Наманган клуби жароҳатдан сўнг тикланиб қайтаётган ҳимоячига янги шартнома таклиф қилмаган. Демак, Ҳошимов эркин агентга айланди. Маълумот учун, у якунланган мавсум барча мусобақалар ҳисобидан 12та ўйинда майдонга тушди. Бу вақтда Самвел Бабаян жамоаси «Олимпик»нинг 3 нафар аъзосини ўз сафига қўшиб олди, яна 4 нафар футболчи билан музокара олиб бормоқда. «Ёдингизда бўлса, «Навбаҳор» шорт-варақасида «Олимпик»нинг 5-6 футболчиси борлигини ёзгандим. Айни дамда улардан 4 нафари билан келишув амалга ошган. 3 нафар футболчи номи аллақачон ошкор қилинди. Булар - Темур Мамасиддиқов, Алишер Одилов, Саидазамат Мирсаидов. Яна 4 нафар номзод эса музокарани давом эттирмоқда. «Лочинлар» истаётган тўртинчи «олимпикчи» - Руслан Жиянов. У айни дамда «Пари НН»да деярли ўйнамаяпти. Руслан ўйин амалиётига эга бўлиш учун ҳозирги жамоасидан кетмоқчи. Унинг учун «Сокол»дан кўра, ОЧЛда ўйнайдиган «Навбаҳор» яхшироқ вариант эканлиги аниқ», - деб ёзди бу борада журналист Яҳёхўжа Улуғхўжаев «Телеграм»даги каналида.

«НЕФТЧИ»

Виталий Левченко жамоаси 26 декабрь куни Тошкентда Суперлига дебютанти «Динамо»га қарши майдонга тушиб, 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. «Нефтчи» мураббийлари ўйинда бир қатор янги футболчиларни синаб кўришди амалда.

«Динамо» - «Нефтчи» - 2:1 (2:1)

Голлар: Элнур Сейтмуратов (17), Душан Мийич (25) - Беҳруз Облоқулов (22).

«Нефтчи»: Асрор Кенжаев, Раҳмон Рўзиев, Асилбек Тоштемиров, Марлен Чобанов, Афзал Зокиров, Нодир Аҳмаджонов, Шоҳруҳ Ёқубжонов, Али Холматов, Абдулвосид Восиджонов, Беҳруз Облақулов, кўрикдаги легионер.

Захирадан майдонга тушганлар: Билолхон Тошмирзаев, Санжар Қодирқулов, Ғуломҳайдар Ғуломов, Дониёр Валиев, Муҳсин Бозоров.

«Динамо»га ўтиши кутилган фахрий ярим ҳимоячи Лутфулла Тўраев якунда бутсаларини михга илишни лозим топди. 35 ёшли футболчи энди «Нефтчи» мураббийлар штабида фаолият юритади. Маълумот учун, сўнг­ги мавсумни «Нефтчи»да ўтказган ярим ҳимоячи бунга қадар «Машъал», «Насаф», «Бун­ёдкор», «Локомотив», «Фельда Юнайтед» (Малайзия) ва ОКМК жамоаларида ўйнаганди. Тўраев жумладан, «Бунёдкор» билан Ўзбекистон чемпиони, «Локомотив» ва ОКМК билан кубок соҳибига айланган. Олдинроқ «Нефтчи»нинг ярим ҳимоячи Билолхон Тошмирзаев билан ўртадаги келишув муддатини 2024 йилги мавсум якунигача узайтиргани маълум қилинганди. Фарғона клуби мураббийлар штаби вакиллари билан ҳам шартномани янгиламоқда. Жумладан, жисмоний тайёргарлик бўйича мутахассис Анвар Нор­қулов ҳамда дарвозабонлар мураббийи Фаррух Бердиев яқинда 2024 йилги мавсум охиригача мўлжалланган битим остига имзо чекишди.

ОКМК

«Нефтчи» ярим ҳимоячиси Шароф Муҳиддинов фаолиятини ОКМКда давом эттириши мумкин. Универсал футболчи хизматига бир қатор маҳаллий клублар қизиқмоқда. Жумладан, Олмалиқ жамоаси ҳам. Фарғоналиклар ҳам футболчига янги битим таклиф этишган, аммо томонлар молиявий масалада бир тўхтамга келолмаяптилар.

«СУРХОН»

Термиз клуби ўз футболчилари билан келишув муддатини узайтиришда давом этмоқда. Хусусан, ярим ҳимоячи Камрон Саидазимов 2024 йилги мавсум учун мўлжалланган шартномани расмийлаштирди. Якунланган мавсум мухлислар меҳрини қозонган футолчи 2023 йили «Сурхон»нинг жами 19та ўйинида майдонга тушганини айтиш жоиз. Ёш ва умидли футболчилардан бири Aбдуқодир Амирқулов эса шартномаси муддатини 2 йилга узайтирди. Амирқулов 2022 йили U-18 ва U-19 жамоаларида тўп сурдди ва сардорлик қилди. 2023 йилдан эса «Сурхон» U-21даги ўйинлари орқали асосий жамоага бош суқди. «Сурхон» шунингдек, «Нефтчи»дан таклиф этилган ёш ҳужумчи Улуғбек Ҳошимов ва иқтидорли ҳимоячи Нодир Неъматхоновни ўз футболчилари сифатида таништирди. 2001 йили туғилган Ҳошимов - Гуанчжоуда бўлиб ўтган Осиё ўйинлари бронза медали соҳиби. Transfermarkt портали томонидан трансфери 400 минг еврога баҳоланаётган футболчи «Нефтчи»дан ташқари, «Пахтакор»да ҳам ўйнаган. 22 ёшли Нодир Неъматхонов эса «Нефтчи»га ўтишидан олдин «Шўртан» шарафини ҳимоя қилган.

«ДИНАМО»

«Динамо» стадионида таъмирлаш ишлари бошланди. ПФЛ талабига биноан, майдоннинг дренаж тизимини янгилаш ва замонавий ҳолатга келтириш режалаштирилганди. Шунга кўра, 2011 йилги реконструкциясидан кейин 12 мавсум фойдаланилган чим олиниб, Самарқанд вилоят футбол академиясига топширилди. «Динамо» майдонига эса тез орада янги чим ётқизилади. Майса ҳозирда бошқа жойда парваришланмоқда. Унгача майдоннинг дренаж тизими тўлиқ янгиланади. Шунингдек, стадиондаги бир қатор ўриндиқлар алмаштирилади. «Динамо» бош директори Дилшод Шарофутдиновнинг маълум қилишича, жамоа Суперлиганинг янги мавсумини Самарқандда бошлаши учун раҳбарият бор куч ва имкониятларни ишга солади. Вадим Абрамов шогирдлари эса Тошкентда машғулотларни давом эттиришмоқда. «Динамочилар» сешанба куни Сергели мавзесида жойлашган «Локомотив» футбол мактаби майдонида «Нефтчи»га қарши майдонга тушиб, 2:1 ҳисобида устун келишди.

«Динамо» - «Нефтчи» - 2:1 (2:1)

Голлар: Элнур Сейтмуратов (17), Душан Мийич (25) - Беҳруз Облоқулов (22).

«Динамо»: Фарҳод Раҳматов, Хуршид Убайдуллаев, Душан Милич, Салим Мустафоев, Улуғбек Абдуллаев, Жавлон Маликов, Абубакр Мўйдинов, Дилшод Раҳматуллаев, Кахабер Какашвили, Ҳумоюнмирзо Иминов, Элнур Сейтмуратов.

Захирадан майдонга тушганлар: Равшан Ягудин, Воҳид Оқбўтаев, Достон Фотеев, Владимир Козак, Валерий Акопов, Анвар Файзуллаев, Камрон Нажафалиев, Баҳодир Абдувалиев, Муҳаммадбобур Асадуллаев.

«ҚЎҚОН-1912»

Тажрибали ҳимоячи Азамат Исроиловнинг «Қўқон-1912» билан шартномасини якунига етди. У 2023 йилги мавсум жамоанинг 6та ўйинида майдонга тушиб, 1та ассист қайд этганди. Маълумот учун, эркин агентга айланган футболчи 2018 йили ОКМК сафида Ўзбекистон кубоги соҳиби бўлганди. Дарвозабон Низомиддин Зиёвуддинов ҳам «Қўқон-1912» билан хайрлашди. У якунига етган мавсум жамоанинг 16та ўйинида иштирок этди ва 8тасини «қуруқ» якунлади. Зиёвуддинов жумладан, «Машъал»га қарши кечган «плей-офф» учрашуви пенальтилар сериясида ҳам ўзини кўрсатганди. Ҳозирча дарвозабоннинг қайси жамоага йўл олиши маълум эмас.

Айтганча, Қўқондаги «Марказий» стадиони майдони тубдан янгиланади. Қолаверса, қўшимча машғулот майдони барпо этиш режалаштирилган. Ўтган мавсум «Марказий» стадиони ёритгичлари замонавий лампалар билан жиҳозланиб, электр тизими янгиланган эди. Навбат майдон чимини яхшилашга келди. Хусусан, дренаж ва суғориш тизими бутунлай янгиланади. Ҳозирда демонтаж ишлари бошланиб кетди. Майдондаги ишлар билан Фарғонадаги «Истиқлол», Андижондаги «Бобур Арена» каби стадионларни гўзал ҳолатга олиб келган мутахассислар шуғулланишади.