ЖАМОАЛАРДАН ДАРАКЛАР : «Пахтакор»дан «Қўқон-1912»гача...

ЖАМОАЛАРДАН ДАРАКЛАР : «Пахтакор»дан  «Қўқон-1912»гача...

«Пахтакор» кутилганидек, якунланган мавсум «Нефтчи» етакчиларидан бирига айланган ҳимоячиси Умар Адҳамзодани ўз сафига қўшиб олди.

 Клуб ҳозирча бу ҳақда расмий хабар бергани йўқ, лекин sports.uz журналис­ти Яҳёхўжа Улуғхўжаевнинг маълум қилишича, 25 ёшли футболчининг фаолиятини «шерлар» таркибида давом эттириши аниқ. Умар Адҳамзодани «Нефтчи» билан шартномаси бор эди ва «шерлар» 600 миллион сўм миқдорида товон пули тўлашган. Маълумот учун, ҳимояси ўтган мавсум Суперлиганинг 24та ўйинида 3тадан гол ва ассист қайд этди. «Пахтакор» яна айни пайт Ўзбекистон миллий жамоаси йиғинида иштирок этаётган «Олимпик» ярим ҳимоячиси Абдурауф Бўриев билан келишишга яқин. Бу футболчининг ҳам амалда шартномаси бор (2024 йил охиригача). Демак, «шерлар» унинг трансферини сотиб олишади. Олдинроқ Бўриевга «Сўғдиёна», «Навбаҳор», «Нефтчи», «Бунёдкор» ва «Қайрат» (қозоғистон) каби клублар қизиқаётгани ҳақида хабарлар чиққанди. 

ОКМК

Фахрий ҳимоячи Анзур Исмоилов Олмалиқ клубидан кетади, шекилли. Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ футболчиси фаолиятини яна «Локомотив»да давом эттирса, ажабмас. Хабарларга қараганда, «темирйўлчилар»дан аниқ таклиф олган Исмоилов собиқ клубига қайтишга мойил. У 2018-2019 йиллар давомида айнан «Локо» шарафини ҳимоя қилганди. Эслатиш керак, ОКМКда жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий сифатида ишлаб келган сербиялик Александр Стоймирович «Локомотив» бошқарувини қўлга олмоқда.

«НЕФТЧИ»

Ҳимоячи Умар Адҳамзоданинг «Пахтакор»­га ўтгани ойдинлашиб қолган паллада «Нефтчи» янги футболчилар билан дастлабки йиғинни бошлади. Жамоа футболчилари ва кўрикка таклиф этилганлар Тошкентдаги Нusmo  меҳмонхонасида тўпланишди ва Виталий Левченко бошчилигида очиқ майдонда дастлабки машғулотларга киришишди. Бош мураббий тузган режа асосида олиб борилган машғулотларда яқиндагина шартнома тузган Санжар Қодирқулов ва Шоҳруз Норхонов ҳам иштирок этишди. Шунингдек, ўринбосарлар таркибидан олинган ёшлар (10 нафардан кўп) ҳам асосий жамоа билан биргалар.

«СУРХОН»

Термиз жамоаси ҳам янги мавсум учун тайёргарлик жараёнини бошлаб юборди. Ўтган мавсум ишончли тўп сурган ҳимоячи Бобур Асқаров «Сурхон» билан шартномаси муддатини 2025 йил охиригача узайтирди. 24 ёшли марказий ҳимоячи Суперлига-2023нинг 25та ўйинида қатнашиб, 1та гол урган ва яна бирига ассистентлик қилганди.

 «АНДИЖОН»

«Андижон» 24 январь - 7 февраль оралиғида Туркиянинг Анталия шаҳрида йиғин олиб бориши ва жами 7та ўртоқлик учрашувида майдонга тушиши ҳақида хабар берилганди. Клуб матбуот хизмати маълумотига кўра, яна бир спарринг-рақиб номига ойдинлик киритилди. Демак, Александр Хомяков жамоаси 27 январь куни Жанубий Корея олимпия термасига қарши ўйнайди. Эслатма, «Андижон» Туркияда яна ЦСКА (Россия), «Черноморец» ва «Александрия» (Украина) клублари билан куч синашиб кўради.

«БУНЁДКОР»

Тожикистон миллий жамоаси аъзоси Даврон Эргашев «Бунёдкор»даги 4 йиллик фаолиятидан кейин клубдан кетмоқда. Tribuna.uz хабарида айтилишҳича, 35 ёшли ҳимоячи «Металлург» сафига қўшилиши мумкин. Маълумот учун, Эргашев Суперлиганинг якунланган мавсуми 19та ўйинда майдонга тушиб, 1та голга муаллифлик қилди.

 «ҚИЗИЛҚУМ»

«Бухоро» билан хайрлашган ҳимоячи Жамолиддин Убайдуллаев расман «Қизилқум»га ўтди. У Навоий клуби билан 2024 йилнинг охирига қадар шартнома тузди. Айтиш ўринли, Убайдуллаев аввалги мавсумлар ҳам «Қизилқум» бош мураббийи Жамшид Саидов қўл остида тўп сурган.

 «ЛОКОМОТИВ» 

«Локомотив»да «тозалов» ишлари: клуб биданига 13 нафар футболчи билан шартномани бекор қилди. «Раҳбарият 13 нафар футболчи билан ўзаро келишув асосида шартномани бекор қилди. Якунига етган мавсум жамоамизнинг Суперлигага қайтишида катта ёрдам берган ушбу йигитларга раҳмат айтамиз ва уларга кейинги фаолиятида омад тилаймиз», - дейилади клуб хабарида. Хуллас, «темирйўлчилар» Жалолиддин Жумабоев, Ислом Қобилов, Санжар Қодирқулов, Маъруф Жумаев, Самуэл Опех, Манучеҳр Сафаров, Маҳди Абдураимов, Иван Соловьёв, Боян Найденов, Шиме Жужул, Зафар Сафоев, Жасур Холдоров ва Ислом Рашидхонов билан хайрлашишди. Аввалроқ, бош мураббий ролида ишлаган Денис Коростиченко «Локомотив»дан кетганди. 

«ДИНАМО»

«Бунёдкор» ярим ҳимоячиси Акбар Исматуллаев фаолиятини «Динамо»да давом эттиради. Тажрибали футболчи бош мураббий Вадим Абрамов таклифини қабул қилди ва Самарқанд жамоаси билан 1 йиллик шартномани расмийлаштирди. Шунингдек, «Юниред» ҳимоячиси Анвар Файзуллаев ҳам «Динамо» сафини тўлдирди. Вадим Абрамов жамоаси таркибига қўшилган яна бир футболчи - бу якунланган мавсум «Бухоро»да ўйнаган Ҳумоюнмирзо  Иминов. Маълумот учун, 23 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячи Суперлига-2023нинг 24та ўйинида 2та гол ва 3та ассист тўплаганди.

«ҚЎҚОН-1912»

Асадбек Зокиржонов «Қўқон-1912»нинг тўлақонли аъзосига айланди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди. Иқтидорли ёш футболчи ўтган мавсумнинг иккинчи ярмида жамоа шарафини ижара келишуви асосида ҳимоя қилганди. 2001 йили туғтлган футболчи қўқонликлар билан 3 йиллик шартнома тузди. Асадбек Про лига-2023нинг 17та ўйинида майдонга тушган ва 1та ассист муаллифига айланган. Шунингдек, дарвозабон Ислом Абдуллаев «Қўқон-1912»га қайтди. Ушбу дарвозабон ўтган мавсум Қирғизистоннинг «Алай» жамоасида фаолият олиб борганди. Про лига мавсумининг энг яхши футболчиларидан бири Ислом Шарипов («Юниред») ҳам «Қўқон-1912» аъзосига айланишга яқин. Самарқанд клуби сафида Про лиганинг 19та ўйинида 6та гол урган 28 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячи фаолиятини Қўқонда давом эттиришга мойил. Маълумот учун, Ислом Шарипов 2022 йили Суперлигада «Динамо» шарафини ҳимоя қилганди.

18 декабрь куни Ўзбекистонда расман қишки трансферлар ойнаси очилди ва бозор 2024 йилнинг 24 февралига қадар давом этади. «Суперлига ва Про лига регламенти»нинг 12.4-бандига кўра, клуб қишки трансферлар ойнаси давомида 10 нафар янги футболчини рўйхатдан ўтказиши мумкин. Ўтган мавсумни Про лигада ўтказган «Локомотив» ва «Динамо» учун лимит 15 нафарни ташкил қилади. Шундан келиб чиқилса, Суперлига клуби 18 декабрга қадар янги футболчини лимитдан ташқари рўйхатдан ўтказиши мумкин эди. Бу имкониятдан «Нефтчи», «Сурхон» ва «Динамо» фаол фойдаланиб, 3 нафардан янги футболчи билан шартнома расмийлаштирди. 

«Нефтчи»

Шоҳруз Норхонов — 2024 йил декабргача («Бухоро»)

Санжар Қодирқулов — 2024 йил декабргача («Локомотив»)

Манучеҳр Сафаров — 2025 йил декабргача («Локомотив»)

«Сурхон»

Сарвар Абдуҳамидов — 2025 йил декабргача («Металлург»)

Улуғбек Ҳошимов — 2025 йил декабргача («Нефтчи»)

Нодир Неъматхонов — 2025 йил декабргача («Нефтчи»)

«Динамо»

Ҳумоюнмирзо Иминов — 2024 йил декабргача («Бухоро»)

Акбар Исматуллаев — 2024 йил декабргача («Бунёдкор»)

Анвар Файзуллаев — 2025 йил декабргача («Юниред»)

Яна 5та клуб бир нафардан футболчини лимитдан ташқари рўйхатдан ўтказди.

«Насаф»

Бобур Каримов — 2026 йил декабргача («Машъал»)

ОКМК

Гиорги Папава — 2025 йил декабргача («Гагра»)

«Бунёдкор»

Рустам Азимов — 2025 йил декабргача («Турон»)

«Металлург»

Раҳим Давронов - 2025 йил декабргача («Турон»)

«Қизилқум»

Жамолиддин Убайдуллаев — 2024 йил декабргача («Бухоро»)

Маълумот учун, мазкур футболчилар янги клубга эркин агент мақомида ўтишди.