Жерар Пике: «Ўзимни 6-қаватдан ташлардим, агар...»

Жерар Пике: «Ўзимни 6-қаватдан ташлардим, агар...»

Каталония футболи фахри Жерар Пике яқинда Барселонада фаолият юритадиган машҳур RAC1 радиостанцияси меҳмони бўлди.

Яқин ўтмишнинг номдор ҳимоячиларидан бири суҳбат жараёнида асосан «Барселона» ва «Реал Мадрид» рақобатига тўхталди, яна шахсий ҳаёти ҳақида ҳам гапирди.

- Очиғини айтинг, футболни қанчалик соғиндингиз?

- Ҳа, футболга дахлдор барчасини қўмсаяпман - мусобақалар, кийиниш хонаси муҳити, ҳаттоки, машғулотлар жараёнини. Расмий ўйинлар тафтини ҳам роса соғиндим, албатта. Лекин мана, 1 йилдан ошдики, спорт билан шуғулланмаяпман. Тўғри, қатъий режим бўлмасада, кун тартиби ва овқатланиш меъёрига беэътибор эмасман. Айниқса, «Камп Ноу»даги ғалабалар соғинчи кучли, лекин қароримдан сира афсусланмайман. Ҳаёт қонуни шу - ҳеч нарса абадий эмас. Муҳими, фаолиятимдан чинакамига фахрланаман. Олдин ҳамиша кўпчилик диққат марказида бўлардим. Вақт ўтиши билан бундай эътиборга кўникиб борасиз. Дейлик, охирги йиллар ўз ҳақимда айтилган ва ёзилган нарсаларга умуман бефарқ қарашни ўргандим. Оддий айтганда, мени яқиндан билмайдиган одам яхши ёки ёмон таъриф берса, бунга умуман аҳамият қаратмайман. Бундай ҳолатда менга фарқи йўқ, ўша инсон учун шунчаки, ўз талқинидаги қаҳрамон ёки антиқаҳрамонман...

- Ҳозирги «Барселона» ва «Реал»ни ўзаро таққосласак, «блауграна» кичик инқирозни бошдан ўтказаётгандек...

- Очиғи, охирги вақтлар ўйин­ларни унча кўрмаяпман. Жумладан, ўша «Реал»ни ҳам кузатаётганим йўқ. Умуман, фаолиятимни якунлаганимдан буён асосан «Барселона» ўйинлари натижасига қизиқяпман. Тўғри, баъзида «Барса» иштирокидаги ўйинларни томоша қилишим мумкин. Ишлар яхши кетмаётганида, танқидлар кўпайиши эса табиий ҳол. Чунки клубга нисбатан доимо юқори талаб мавжуд. Бунга одатланганлар битта ғалаба етарли эмаслигини яхши билишади. Хусусан, охирги дақиқадаги гол эвазига ғалаба қозониш «Камп Ноу»ни чинакамига қувонтиролмайди. «Барса»нинг оғир аҳволи «Реал» тарафдорларига хуш ёқар балки, аммо биз жамоамизга ишонамиз. 

- Жамоадаги ёшлик шижоати ва тажриба уйғунлиги ҳақида нима дейсиз?

- «Барселона»да бундай уйғунлик ҳамиша барқарор. Мен жамоа сафига қўшилган вақтда шундай эди, ҳозир ҳам умумий ҳолат ўзгармаган - ажойиб мувозанат. Тўғри, нюанслар ҳам етарли: тарбияланувчилардан иборат рақобатбардош гуруҳ шаклланиши керак. Бугун шундай гуруҳ тобланмоқда. Ҳар ҳолда, таркибда кечагина филиалда ўйнаб юрган ёш йигитчалар кўп. Фақат улар энди барқарор тарзда олдинга силжишса, бас.

- Айтганча, «Барселона» президенти бўлиш хоҳишингиз бор эди.

- Жуда қийин. Агар бу лавозимда нима олиб, нима йўқотишингизни ўлчасангиз, доимо минусда қоласиз. Лекин клубнинг менга меҳнати кўп сингган ва агар у ёрдамимга эҳтиёж сезса, барчасига тайёрман. Қайтараман, президент роли жуда кўп қурбонликлар талаб қилади, бунда қандайдир молиявий ёки бошқа фойдани кўзламасдан ўзингизни бутунлай клубга бағишлашингиз шарт. Бордию, бирор нарса нотўғри кетса, калтак аввало, президент бошида синади. Қисқаси, бу мураккаб миссия. Лекин фақат «Барселона» туфайли шундай ишга шўнғишим мумкин, чунки «блауграна»дан қарздорман.

- «Негрейра иши» юзасидан гапирсангиз...

- Билишимча, тергов ишлари оралиқ босқичда, ҳаммаси охирида аниқ бўлади. Ўзи узоқ йиллардан буён шундай босим остида яшаб келмоқдаман. Ҳакамлар ёрдами билан ғалаба қозонганимизни айтишаётгани эса жуда оғриқли даҳшат. Ахир кўплаб ўйинларда рақибга айтарли имкон қолдирмай, йирик ҳисобларда устун келганмиз. Энди бирдан ҳаммаси остин-устун бўлиб кетмоқда... Ижтимоий «мадридизм»? Тан олиш керак, Испанияда «Мадрид» тарафдорлари «Барса»никидан кўп. Биз эса ҳамиша «Реал» олдига тўсиқ қўядиган куч сифатида гавдаланганмиз. Қисқаси, «Барса»ни ёмон кўришлари бежиз эмас.

- «Жирона»нинг ҳозирги ютуқлари сизда қандай таассурот уйғотмоқда?

- Бу қўрқинчли, худди «Лес­-тер» мўъжизасига ўхшайди. Моҳиятан олганда, «Жирона» - ноёб лойиҳа. Жамоа ўйини, комбинациялари ақлга сиғмаяпти. «Мадрид»чи? У ҳамон ҳеч нарсани қойиллатмайди, аммо чемпионлик пойгасида ва ЧЛнинг ҳал қилувчи босқичларига етиб боради. Ҳар доим бир гапни такрорлайман: бизнинг муносабатимиз ва ғалаба учун қанчалик ҳаракат қилганимиз абадий эсда қолади. «Реал» ЧЛда охирги марта мўъжиза туфайли ғалаба қозонди, лекин буни ҳеч ким эслаб қолмайди.

- Винисиус ва Беллингем...

- Ҳар доим шундай футболчиларга қарши ўйнашни қадрлаганман. Жуда диққатли бўлиш талаб этиларди, лекин менга айни мураккаблик ёқади. Ҳаёт турли босқичлардан иборат. Беллингемми? «Ўйинчи», уҳҳ, жуда кўп қиррали, ҳаммасини уддалайдигандек...

- Қироллик лигаси янги эволюцион босқичми?

- Икки параллель дунёда яшаётганимизни тушунишимиз керак. Ҳозир ота-оналар ва болалар ишларининг бир-бирига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Чунки анъанавийга параллель замонда яшаяпмиз. Олдимизда эса ўтмишнинг бир қисмига айланган кўплаб одамлар бор. Демоқчиманки, профессионал даража жуда катта аудиторияга эга, бошқа томондан қарасак, 40 ёшдан ошган авлод нима қилишини билмайди ҳам. Менимча, вақт ўтиши билан ҳаммаси аста-аста ўзгаради. Қисқаси, Қироллик лигаси маълумот истеъмолининг янги усулига мослашиш учун тузилди. Ахир ҳозирда ёши катта одамлар узоқ контентни идрок этишда анча қийналишади.

- Энди Мексикада нима бўлганига тўхталсангиз...

- Саҳна остида 2 метрдан ҳам узун чуқурлик бор экан, унга йиқилиб тушдим. Хайриятки, оёқ билан тик тушдим. Қайсидир маънода менга омад кулиб боқди. Буларнинг барчаси олдиндан режалаштирилган, менимча. Ҳар ҳолда, видео чинакам вирусга айланди-ку!

- Шахсий ҳаётда ишларингиз қандай?

- Оммавий ахборот воситаларининг эътибори пасаймоқда. Бу жуда ажойиб - ҳаммаси соат каби. Ҳар доим ўзим ва атрофим учун зарур ишлашни амалга оширишга уринаман. Сиз ҳақингизда нималар дейишаётганини билишингиз муҳим, лекин бунга ортиқча эътибор зарарингизга ишлайди. Йўлимда папарацци пайдо бўлса, ўзимни уни кўрмаётганликка соламан. Чунки папарацци сизга таъсир қилиш, зарар етказишни хоҳлайди, буни уддалай олмаслигини кўрганида эса... Агар ҳаётимнинг энг қийин даврида мутлақо нотаниш инсонларнинг мен ҳақимда айтганларига эътибор қаратаверсам, ўзимни 6-қаватдан ташлардим. Одамлар бошдан кечирганларимнинг 10 фоизини ҳам билишмайди...

- Сиз ҳақингизда нималар дейишаётганини билишингиз муҳим, лекин бунга ортиқча эътибор зарарингизга ишлайди. Йўлимда папарацци пайдо бўлса, ўзимни уни кўрмаётганликка соламан. Чунки папарацци сизга таъсир қилиш, зарар етказишни хоҳлайди, буни уддалай олмаслигини кўрганида эса... Агар ҳаётимнинг энг қийин даврида мутлақо нотаниш инсонларнинг мен ҳақимда айтганларига эътибор қаратаверсам, ўзимни 6-қаватдан ташлардим.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади