Жоан Лапорта: «Барса» мухлисларники ва шундай қолади»

Жоан Лапорта: «Барса» мухлисларники ва шундай қолади»

«Барселона» президенти Жоан Лапорта 2 февраль куни матбуот вакиллари билан мулоқотга вақт ажратди.

Шу тариқа журналистлар Каталония гранди атрофидаги долзарб масалалар бўйича йиғилиб қолган саволларига жавоб олиш имко-ния­тига эга бўлишди. Қуйида эътиборингизга жаноб Лапортанинг RAC1 телеканалигадаги чиқишидан энг эътиборли қисмлари ҳавола этилмоқда.

Хави истеъфоси

- Бош мураббийни ишдан бўшатиш ҳақида ҳеч қачон ўйлаб ҳам кўрмагандим. Ўзи ҳар доим Хавини «Барселона» устози ролида кўришни хоҳлаганмиз. Мураббийнинг кутилмаган қарорини «Вильярреал» билан ўйиндан кейин эшитдим. Табиийки, ғоят таажжубландим, чунки бунга қадар истеъфо юзасидан умуман оғиз очмагандик. Айни пайт Хави мавсум финишигача ишлаши тайин. Кейин нима бўлади? Аслида қандай натижа қайд этилишидан қатъий назар, уни ишдан олмоқчи эмасман. Бинобарин, Хави бундай ҳолатда кетишга лойиқ эмас. Умуман, ҳам мураббий, ҳам футболчиларнинг мотивация ва садоқатларига асло шубҳам йўқ. Хави - ҳалол инсон. Агар унинг айтганлари, яъни 30 июнь куни кетиши ҳақидаги қарори ҳақиқатга айланса ҳам, худди шу сўзларни такрорлайман. Кетмаса, нур устига аъло нур! Зеро, «Барселона» барқарор равишда ривожланмоқда. Охирги йиллар Хосеп Гвардиола ва Луис Энрике клубда ўз даврларини битишди, энди навбат Хавида.

Янги мураббий масаласи

- Ҳозир бу иш билан спорт директори Деку шуғулланмоқда. Яширмайман, турли вариантлар устида ишлаяпмиз, лекин ҳали бирор номзод мураббий билан гаплашмадик. Тушунарлики, жамоага «блауграна» тарихида маълум из қолдирган тажрибали мураббий келиши керак. Агар қандайдир креативроқ қарор қабул қилмасак, албатта. Мисол учун, Рафа Маркес номзодини истисно қилмайман. Пимьентанинг «Барса»да қолмаганидан эса афсусланмайман. Ҳа, у ўзимиздан чиққан мураббийлар орасида ажойиб салоҳиятга эга. Лекин қайтараман, Пимьентани ишдан бўшатишни маъқул кўрдик ва бундан афсусланишга ҳожат йўқ.

«Барса» раҳбариятига қаратилган  танқидлар...

- Танқид - бу қандайдир субъектив жараён. Ҳаётда ҳамиша кўпроқ ишни уддалаш мумкин, лекин ёлғонга асосланган танқидлар мени ғазаблантиради. Қаранг, клубни масъулияти чекланган жамиятга айлантиришни талаб қилишди... Шунингдек, менга оиламни ёмонлашлари оғир ботади. Клуб ҳалокат ёқасида турганини айтишлари ҳам сира тинчлик бермайди. Ваҳоланки, мухлислар «Барса»ни қайси нуқтада ва нима учун қабул қилиб олганимизни яхши билишади. Ҳозир бемалол айтаман, жамоани молиявий жиҳатдан қутқардик. Агар режалаштирилган миқдордаги даромад маррасига етсак, клубни батамом қутқарамиз.

Таркиб ва унинг 

истиқболи

- Барчамиз таркибни талаб даражасида кучайтирганимизни ўйлагандик, аммо баъзи ишлар нотўғри кетди. Аслида ҳар қандай рақибни мағлубиятга учратишга қодир рақобатбардош жамоага эгамиз, лекин барчасини ҳали янада яхшилаш керак. Фақат шуниси борки, ўйинда маромни таъминлашга тўсқинлик қиладиган ҳолатлар мавжуд. Масалан, асосий футболчилар жароҳати: тер Штеген, Педри, де Йонг, Гави... Унутмайлик, «Барселона» ўтган мавсум ғалаба гаровига айланди. Шу нуқтаи назардан қарасак, ҳозирги таркиб чемпионат пешқадамидан 10 очко ортда қоладиган даражада эмас. Албатта, жамоанинг натижаларидан   хавотирдаман ва вазиятни яхшилаш йўлида изланиш билан бандман. Бугунга келиб, барча футболчилар трансфер хаёлидан озод. Уларнинг ҳеч бири на Ла Лига ва на ЧЛда таслим бўлиш ниятида эмас. Хусусан, «Наполи»га қарши бўлажак ўйинларда! Мавсум якунида эса спорт бўлими трансферлар масаласида тегишли чоралар кўради, албатта.

«Барселона»ни сотиш варианти

- «Барселона» масъулияти чекланган жамия­тига айланиши эҳтимолини мутлақо истисно қиламан. Ишонтириб айтаманки, клубга эгалик қилиш модели ўзгармайди. Бошқача айтганда, «Барселона» сосьос (рўйхатдан ўтган клуб мухлислари гуруҳи) га тегишли бўлиб қолаверади. Дейлик, Espai Barca тараққиё­тига сармоя киритганлар ҳам ҳозирги бошқарув моделига яхши баҳо беришди. Улар асосан америкаликлар ва мавжуд моделни ҳомийлик мазмуни сифатида кўришяпти. Умуман, айни шу модель «Барселона» бебаҳо эканлигини англатади.

«Фэйр-плей» мазмун-моҳияти

- Ҳозирга қадар иш ҳақи жамғармасини 172 миллион еврога қисқартирдик. Таққослаш учун, олдин клуб даромадидан нақ 98 фоизи маошни қоплашга кетарди, энди бу кўрсаткич 57 фоизга тенг бўлиб турибди. Агар молиявий «Фэйр-плей» қоидасига ҳар томонлама ҳурмат билан қарасак, клуб меросини янги босқичга кўтаришда охирги   қадамни ташлаймиз. Ҳа, бизга янги даромад манбалари керак, янги ҳомийларга эҳтиёжимиз бор. Бунда футболчиларни сотиш ҳам ёрдам беради. Оддий мисол, Libero жам­ғармаси яхши обрўга эга эди, Франкфуртда рўйхатдан ўтган фонд нормал фаолият кўрсатди, бироқ клубга 60 миллион евро ўрнига 20 «лимон» тўлади, холос. Қолган 40 миллион еврони ҳалигача олмадик. Жам­ғармага 2023 йил охиригача муҳлат бергандик, лекин бундан наф чиққани йўқ. Натижада жамғарма устидан судга мурожаат қилишдан ўзга чорамиз қолмади. Шунга қарамай, худди шу йўналишда ишлашда давом этишимиз керак. Демоқчиманки, ҳали ҳам бюджетда ижобий балансни таъминлаш имкониятига эгамиз. Чунончи, олдимизда клуб акцияларидан 24,5 фоизини сотиш учун бош­қа вариантлар ҳам йўқ эмас. Айни ҳолатда янги харидорларни Libero фондидан устун кўраётганимни ҳам яширмайман. Йўқ-йўқ, жамғарма бизга панд бергани эмас, балки янги сармоядорлар технологик жиҳатдан кучлироқ бўлгани учун.

«Реал» муносабати ва «Негрейра иши» 

- Очиқ гапираман, «Мадрид» ўзини яхши тутмаяпти. Оддий ифода этганда, «Реал» қабул қилиб бўлмайдиган даражада цинизм намойиш этмоқда. Судья Хоакин Агирре суд жараёнида айнан «Реал» илтимосига биноан, тергов жараёни вақтини узайтирди. Ваҳоланки, бир йил давомида «Барселона»нинг кимгадир пора берганини исботловчи далиллар топилмади. Шундай экан, «Негрейда иши» юзасидан тергов чексиз давом этмаслиги керак. Ахир барчаси учун белгиланган муддат бор. Орадан 1 йил ўтди ва «Реал» энди бу ҳақда кўп гапирмаяпти. Қолаверса, 70 йил давомида ҳакамларга ким кучлироқ таъсир кўрсатганини яхши биламиз, шунингдек, «Мадрид» аъзолари ва мухлисларини ҳам. VAR тизимини суиистеъмол қилиш ҳакамларга катта путур етказади. «Мадрид» эса ҳозирда VAR қарорларидан энг кўп фойда кўраётган жамоалардан биридир. Madrid Television олиб бораётган ташвиқотга келсак, бу ғирт шармандаликдир. Агар уларда заррача одоб-ахлоқ бўлса, бундай иш тутмасдилар