Ливан миллий жамоаси билан чиройли хайрлашув, фақат...

Ливан миллий жамоаси билан чиройли хайрлашув, фақат...

Ливан миллий жамоаси ЖЧ-2026 саралаши учинчи босқичига чиқиш йўлида қаттиқ кураш олиб борди.

Бироқ ливанликлар якунда «I» квартетида Австралия ва Фаластин термаларидан кейин 3-ўрин билан чекланишди ва навбатдаги мундиалга боришдан умид узишди. Ваҳоланки, мамлакатда кузатилаётган иқтисодий ва сиёсий муаммоларга қарамай, мухлислар жамоа сардори Ҳасан Матукнинг ажойиб халқаро фаолияти ёрқин ғалаба ва учинчи раунд йўлланмасининг қўлга киритилиши билан хотима топишидан умидвор эдилар. Ҳа, Ливан футболи афсонаси миллий жамоа сафидаги охирги ўйинида Бангладеш термаси дарвозасига 3та гол урди, аммо 4:0 ҳисобли ғалаба гуруҳда 2-поғонага кўтарилиш учун камлик қилди. Ливанликлар аслида имкониятни Фаластин термасига қарши баҳс (0:0)да қўлдан чиқаришганди. Агар улар 5-тур баҳсида ғалаба қозонишганида, маррага етишарди, бироқ... Матукнинг ўзи шу ўйинлардан олдин ФИФА расмий сайтига интервью бериб, жамоанинг саралаш довонидаги истиқболини чамалаган ва ўйин сифати пасайгани сабабига тўхталганди. У шунинг баробарида Бангладеш термасига қарши ўйин ўзи учун халқаро даражадаги охиргиси бўлишини яширмаганди.

- Мана, ЖЧ-2026 саралаши иккинчи раунди энг муҳим паллага етди, Ливан термаси ҳолати эса унча яхши эмас. Бундай вазиятда жамоанинг руҳияти қандай? Умуман, ҳал қилувчи баҳсларга тайёргарлик жараёни тўғри кетяптими?

- Тушунарлики, Фаластин термасига қарши ўйинимиз ўта муҳим. Унда ғалаба қозонишимиз шарт, ҳозир бутун эътиборни шу учрашувга қаратганмиз. Навбатдаги бос­қичга чиқиш имкони йўқ эмас экан, бор кучимизни сарфлашга ҳаракат қиламиз. Асосийси, тақдиримиз ҳамон ўз қўлимизда, бу жамоамизга яхшигина мотивация беради. Фаластин миллий жамоаси сезиларли даражада кучайган бўлса-да, бу рақибни енга олишимизга ишонаман. Умуман, ҳар қандай араб жамоаси билан ўйинда имкониятимиз ҳамиша 50га 50 кўринишида бўлади. Хуллас, ечим битта - мундиал йўлланмаси учун курашда қолиш учун Фаластин термасини мағлуб этишимиз шарт.
hasan.jpg

- Саралашнинг биринчи даврасида ҳам Фаластин, ҳам Бангладеш термасига қарши кечган ўйинларда қатнашгандингиз. Рақибларнинг айни ҳолати хусусида нима дея оласиз?

- Фаластинликларга қарши биринчи ўйинимиз жуда оғир кечган ва якунда дуранг натижа билан чекланган эдик. Ёдимда, керакли даражада ўйнай олмаган, фаластинликлар эса ҳар томонлама фаол тўп суришганди. Улар Осиё кубогида ҳам чакки таассурот қолдиришгани йўқ ва турнирдан ке­йин ишлар кўламини янада кенгайтиришди. Дейлик, жамоа таркибини бошқа мамлакатларда яшайдиган фаластинлик футболчилар билан кучайтириш сиёсатини давом эттиришди. Фаластин термасидаги тараққиётни назарда тутсак, бўлажак учрашув янада мураккаб тус олиши тайин. Албатта, ўйиннинг ҳар бир деталини созлаш йўлида мураббийлар билан кўп ишладик, чунки натижа нақадар муҳим эканлигини барчамиз тушуниб турибмиз.

- Миодраг Радулович ОК-2023 арафасида бош мураббий лавозимига қайтарилди. Сизнингча, бу қадам жамоа фойдасига ишладими ёки...? Умуман, 2015-2019 йиллар оралиғида Ливан термасини бошқарган мураббий қанчалик ўзгарибди? Жамоада ўсиш кузатилдими?

- Радуловичнинг қайтиши биз - футболчилар учун жуда муҳим эди. Бинобарин, Осиё кубоги бошланишидан олдин ўзимиз яхши биладиган мураббий қўл остида ишлашни хоҳлагандик. Ҳар ҳолда, Миодраг ҳам Ливан футболи нюансларини тушунади, номзод йигитларни яхши билади. Яна бир томони, у бунга қадар 4 йил давомида жуда самарали иш олиб борганди. Қолаверса, шундан сўнг ўз ватанига қайтиб, Черногория термасини ҳам яхши бошқарди, ижобий натижалар қайд этди. Хуллас, Радуловичнинг қайтгани жамоамизга ижобий турт­-ки бергани - айни ҳақиқат.

- Охирги қитъа кубогида «плей-офф»га чиқиш имкониятини ҳосил қилдинглар, аммо гуруҳ босқичи сўнгги ўйинида Тожикистон термасига 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйдинглар. Ушбу мағлубиятдан кейин жамоа муҳитида нималар рўй берди?

- Албатта, жуда оғриқли мағлубият, ахир «плей-офф» чиптаси шундоқ қўлимизда турганди. Боз устига, 1:0 ҳисобида олдинда борган вақт иккинчи голни уришга ҳам яқин келдик. Бироқ қизил карточка жамоага акс таъсир кўрсатди, ўйинимизни мутлақо бузиб юборди. Тўғри, шунда ҳам иложи борича қаттиқ ҳимояланишга уриндик, аммо 10 киши бўлиб ўйнаш осон эмасди. Бу - оғриқли тажриба. Охир-оқибат, мағлубиятни тўғри қабул қилдик, чунки Қатарда кейинги бос­қичга чиқолмаган бўлсакда, бор кучимизни бердик, бундан қониқиш ҳисси уйғонди.

- Ҳа, ОК-2023да Ливан термасининг натижаси ўхшамади, лекин яхши ўйини ижобий таассурот қолдирди. ЖЧ-2026 саралашида эса ўша жонли ўйиндан асар ҳам кўзга ташлангани йўқ. Жамоа сифат бўйича кескин орқага кетганини нима билан изоҳлайсиз?

- Менимча, мураббийнинг ўзгариши таъсир қилди. Қачонки, барқарорлик таъминланмаса, жамоада катта муаммолар туғилади. Фаластин термасига қарши биринчи ўйинимизда 2 очко йўқотдик, австралияликлар билан бўлган кейинги баҳс­да эса ижобий натижа қайд этиш имкони паст эди, аммо 0:5 ҳисоби йигитларга оғир ботди, барибир. Лекин ҳозир ортда қолган ўйинларни ўйлаб, афсусланадиган вақт эмас, яхшиси, Фаластин ва Бангладеш термаларига қарши бўлажак баҳсларга эътибор қаратган маъқул. Такрорлайман, жамоа­мизда имконият бор экан, асло бўшашмаймиз. Агар фаластинликларни енгиш миссиясини уддаласак, кейинги босқичга йўл олиш имконияти ўз-ўзидан ошиб кетади.

- Ливан футболининг чин афсонаси саналасиз. Дейлик, миллий жамоа либосидаги ўйинлар ва голлар сони бўйича рекордчи бўлиб турибсиз. Хўш, халқаро майдондаги натижаларингиздан нечоғли мамнунсиз? Айтишларича, ЖЧ саралашидан сўнг миллий жамоадаги фаолиятингизга нуқта қўйишни режалаштираётган экансиз...

- Ўз мамлакати шарафини ҳимоя қилиш - бу футболчи учун алоҳида ютуқ. Мен эса нақ 18 йил давомида Ливан байроғи остида ўйнадим. Шундай экан, халқаро фаолиятим билан бемалол фахрланишим мумкин. Ўз навбатида, Ливан футбол ассоциациясига ўз мамлакатим шарафини ҳимоя қилиш имкониятини бергани учун миннатдорчилик билдираман. Жамоани бошқарган барча мураббийларга ҳам раҳмат. Ўйинлар ва голлар сони бўйича Ливан термаси рекордчиси эканлигим ўз йўлига, асосийси, жамоа учун ҳамиша боримни бердим. Келажак учун ҳали қандайдир режалар тузганимча йўқ, аммо бангладешликлар билан ўйин мен учун миллий жамоа либосидаги охиргиси бўлади.

- Терма жамоага боғлиқ қайси лаҳзалар хотирангизга муҳрланди, ўзингизга ёқадиган муайян ўйин ҳам борми?

- 2012-2016 йиллар оралиғида энг яхши даврни бошдан кечирдик. Ўша вақт жамоада ёшлик шижоати ва тажриба ажойиб тарзда уй­ғунлашганди. Ливан футбол ассоциацияси ҳам зўр қўллаб-қувватлаб турди. Шунга яраша, яхши натижаларга эришдик, дейлик, ЖЧ саралашининг якуний босқичида ўйнадик.

- 48та жамоадан иборат ЖЧнинг янги формати ҳақида қандай фикрдасиз? Сизнингча, ОФК учун 8,5та йўлланма ажратилгани келажакда Ливан футболига ҳам фойда берармикан?

- Албатта, ЖЧда иштирок этадиган жамоалар сонининг ортиши яхши. Бу нисбатан кучсиз жамоаларга кўпроқ имконият яратади, жойларда мундиалга бориш ишончини оширади. Тўғри, ОФК миқёсида Эрон, Япония ва Ж.Корея термалари ҳамиша саралаш жараёни фаворитлари саналади. Саудия Арабистонида ҳам маҳаллий лига ривожлантирилмоқда, буюк футболчилар ва мураббийларнинг мамлакатда фаолият юритишлари миллий жамоани юқори даражага олиб чиқишда қўл келади. Қолган йўлланмалар учун эса хоҳлаган жамоа кураш олиб бориши мумкин.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади