Жованни Элбер: «Энди оғриқ йўқ, оилам тинч, демак, ҳаёт гўзал»

Жованни Элбер: «Энди оғриқ йўқ, оилам тинч, демак, ҳаёт гўзал»

Яқин ўтмишнинг энг номдор тўпурарларидан бири, саноқсиз чиройли голлари билан мухлислар ёқимтойига айланган «Бавария»нинг бразилиялик собиқ ҳужумчиси Жованни Элбер де Соуза 23 июль куни 50 ёшга тўлди.

Юбиляр худди ўша оқшом мавсумолди йиғинини АҚШда ташкиллаштирган «Бавария» сафида «Манчестер Сити»га қарши кечган ўртоқлик учрашувида майдонга ҳам тушди. Германия суперклуби расмий сайти эса ўйин арафасида афсонавий ҳужумчини юбилей билан қутлаб, ундан интервью олишга ҳам улгурди.

- Жованни, туғилган кунингиз билан! Бугун 50 ёшга тўлдингиз, юбилейни қандай нишонлайсиз?

- Кенг миқёсда байрам ташкил этиш имкони йўқ, ахир «Бавария»ни олдинда «Манчестер Сити» билан ўйин кутмоқда. Учрашув тугаши билан самолётда Мюнхенга жўнайман, дўстларим билан учрашув белгиланган. Агар Бразилияга вақтида қайтишга улгурсам, юбилейни алоҳида нишонлайман, албатта.

- «Бавария»нинг АҚШ турнеси давомида мухлислар билан кўп мулоқотга киришдингиз, тадбирларда чиройли муҳит яратдингиз. Ҳаётга қизиқишни бир меъёрда сақлаб қолганингиз сири борми?

- Табиатан ўзимни шундай тутишга мойилман. Мени бутун дунёга танитган клубга хизмат кўрсатишим жуда муҳим. Мана, кеча ҳам бир гуруҳ мухлислар билан учрашдим, уларга дастхат улашдим. Очиғи, бу жуда ёқимли иш...

- Демак, Элберни АҚШ кўчаларида ҳам танишади?

- Ажабланарли, лекин шундай! Аслида фанатлар қуршовига тушишни сира ўйламагандим, ахир биз ўйнаган даврда футбол бу ерда унча оммалашмаганди. Шунга қарамай, кўрдимки, АҚШда ҳам мухлисларимиз кўп. Вашингтондаги меҳмонхона олдида тўпланган фанатларни кўриб, бироз ҳайратландим ҳам. Демак, АҚШда футбол аста-секин оммалашмоқда.

- Ўзингиз учун мазкур турнеда кузатилган энг муҳим воқелик...

- «Оқ уй»га ташриф. Тушунарлики, у ерга кириш имконияти ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Қарангки, «Бавария» делегациясини саройга чақиришди. Эсда қоладиган воқеа - туғилган кунимга муносиб совға!

- Ҳаётингизнинг навбатдаги йили учун қандай орзулар бор?

- Ҳаммаси оддий - соғлом ҳолда олдингидек яшашни хоҳлайман. Умрим давомида деярли ҳаммасини тўғри бажардим. Албатта, хатолар ҳам йўқ эмас, лекин уларни ўз ўрнида унутишингиз ва қайта такрорламаслигингиз муҳим. Хатолар хулоса чиқариш учун керак. Умуман, ҳозир ҳаётдан завқланиб яшайдиган ёшдаман. Эрталаб уй­қудан турсам, оғриқ йўқ, оилам тинч. Шунда ўзимга пичирлайман: «Ҳаёт нақадар гўзал!»

- «Бавария»га биринчи навбатда, нима тилаган бўлардингиз?

- Албатта, муваффақият. Клуб ҳамиша яхши ўйнагани ва кўп соврин ютгани билан ажралиб туради. Тилагим битта - «Бавария» соврин тўплашдан асло тўхтамасин!

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади