Telegram Facebook Twitter Instagram OK Ҳафталик ташрифлар: 3,882

Гол уролмаслик сабаби тактик схемадами ёки таваккалчилик етишмаслигида?

Гол уролмаслик сабаби тактик схемадами ёки таваккалчилик етишмаслигида?

Мулоҳазаларимиз аввалида бир ҳақиқатни алоҳида таъкидлашни истардик. Фикримизча, Хитой U-23 термасининг Осиё кубоги чорак финалида Равшан Ҳайдаров жамоасидан устун келишининг  асосий сабаби – тўғри танланган  тактик чизма ва айни чоғда бош мураббий Антонио Висентенинг таваккалчилиги билан боғлиқ. Гап шундаки, Хитой ёшлар жамоасини бошқараётган испаниялик мутахассис турнир давомида 5-3-2 тактик схемасидан фойдаланмоқда. Аслида бу чизма анчайин шартли. Чунончи, Чин юрти вакиллари Ўзбекистон термасига қарши учрашувда дарвозабонни ҳам ҳисоблаганда, 1-7-3 тактик схемаси бўйича тўп суришди. Оддий айтганда, хитойлик ёшлар бутун ўйин давомида асосан ҳимоя ва ҳимояланиш ҳақида ўйлашди, гол уриш устида жиддий бош қотиришмади.

Дарвозабон истеъдодига ишонган ва жамоа потенциалини яхши билган испаниялик мураббий Осиё кубогида ҳимоявий услубдан фойдаланишни аввалдан режалаштиргани яққол сезилиб турибди. Бутун турнир давомида ҳимоя­ни шундай мустаҳкам ушлаш асносида ўйнаш ўта қалтис ёндашув эканлиги барчага маълум. Испаниялик мутахассис эса шу услубни танлади, унга ишонди. У хусусан, чорак финал баҳсида нуқул ҳимояланиш футболчиларни руҳан чарчатиши ва жамоа гол қўйиб юборишидан чўчимади, аксинча, шогирдларини мунтазам руҳлантириб турди. Рақиб жамоалар мураббийлари футбол фалсафасини пухта ўрганган мутахассисгина шундай йўл тутишдан қўрқмайди. Шу маънода айтсак, Хитой U-23 терма жамоаси ўйин услуби чорасизликда чора топган бош мураббийнинг  таваккалга асосланган тафаккури самарасидир.

Хўш, Равшан Ҳайдаров бош­қарувидаги йигитларимиз Хитой термасининг мустаҳкам ҳимоя қўрғонини бузиб, ғалабани ўз томонларига оғдиришлари мумкинмиди? Ишонч билан айтамизки, ҳатто йирик ҳисобда ғалаба қозонишса бўларди. Фақат бу хулоса амалга ошиши учун битта шарт талаб қилинарди, яъни Равшан Ҳайдаров ҳам испаниялик ҳамкасби каби креатив фикрлаши, футболчиларни ўйинга шу руҳда тайёрлаши лозим эди! Демоқчимизки, футболчиларимизда креативлик етишмаганини таъкидлаган бош мураббийнинг ўзи ҳам ўйинга креатив ёндашмади. Очиғи, Равшан Ҳайдаров каби мураббийлардан креативликни талаб қилиш ноўрин. Ёш нуқтаи назаридан, қолаверса, табиатларидаги эҳтиёткорлик сабаб ҳам бундай тоифага мансуб мураббийлар таваккалга қўл уришмайди одатда. Вақтида Самвел Бабаян миллий жамоамиз ҳужум чизиғида фақат Игорь Сергеевни майдонга тушириб, яхши спорт формасида бўлиб турган бошқа номзодлар хизматларидан  фойдаланишни истамаганди. Аниқроғи, уларга ишонолмаганди. Қисқаси, Самвел Вячеславович миллий жамоани бошқариш босими остида ўз билганидан четга чиқолмаган, ўрганган тактик чизмасидан воз кечолмаганди. Мураббий энг қалтис лаҳзаларда ҳам ўз фикридан қайтмаган, ҳатто таъна-дашномлар остида қолиш босими ҳам уни ташвишга солмаганди.

17 январь оқшоми бўлган «Кальяри» – «Ювентус» ўйинида ҳам шунга яқин ҳолат кузатилди. Бутун вақт давомида тўп назорати бўйича 78 фоизлик кўрсаткич қайд этган «Ювентус» тотал устунликдан фойдаланолмади, «Кальяри» дарвозасига гол уролмади ва охир-оқибат, мағлубиятга учради. Лучано Спаллетти ҳам ёш, ҳам фикрлаш нуқтаи назаридан эҳтиёткор мураббий эканлигини назарда тутсак, «Юве»нинг аутсайдерлар ҳудудига яқин жойлашган жамоага қарши баҳсда яққол устунликдан  фойдаланолмаганини тушуниш мумкин. Агар Равшан Ҳайдаров  ўйиннинг тахминан 60-дақиқасидан сўнг тактик схемани ўзгартирганида ва захирада ўз фурсатини кутиб турган футболчилардан лоақал 3 нафарини майдонга туширганида, эҳтимол, вазият бутунлай бошқача йўналиш оларди. Мураббий эса ҳатто қўшимча бўлимларда ҳам бу ишни амалга оширмади.

Шу ўринда савол туғилади: ўзи захира футболчиларига ишонмас экан, нега уларни танлади ва Саудияга олиб борди? Захира кучларидан фойдаланмасликка сабаб сифатида баъзи йигитлар асосий таркибнинг бир қатор етакчилари жароҳатланишгани учун «заявка»га киритилишганини айтиш, мағлубиятни шу билан изоҳлаш ҳам футбол, ҳам мухлисларга нисбатан ҳурматсизликдир. «Жаноб Равшан Ҳайдаров, майдонга тушишга чан­қоқ футболчилар бўла туриб, уларга имкон бермаслик ғирт бемаънилик!» – дейишга ҳақлидир мухлис аҳли. Мағлубликдан аламзада мухлислар шундай дейишмоқда ҳам. Биз эса Равшан Ҳайдаровни тушунишга уринамиз, ҳа, у асосий вақтнинг охирги дақиқасига қадар  Амирбек Саидов, Асилбек Жумаев, Саидумар Саиднуруллаев ёки Сардор Баҳромов гол уришига умид боғлади. Қўшимча бўлимларни ҳам шу умид билан якунлади ҳисоб. Назаримизда, мураббий вақт якунланаётганини ҳис қилмай қўйди. Захира кучларидан ўринли фойдаланмасликни бошқача изоҳлаш мушкул. Кўпчилик ўйлаганидек, ижтимоий тармоқлардаги эътирозларда ёзилганидек, Равшан Ҳайдаров захира футболчиларини майдонга тушириш имкониятидан фойдаланиб, ўйинни кучайтиришни истамадими ёки у шу оддий ҳақиқатни билмайди? Бизнингча, масалага бундай содда ва юзаки ёндашув мухлислик билан боғлиқ эйфориядан бошқа нарса эмас. Ҳар ҳолда, Равшан Ҳайдаровдек тажрибали мураббийни айнан шу масалада айблаш ўзини оқламайди.

Балки масала биз ўйлагандан бошқачароқ ва жиддийроқдир. Эҳтимол, мураббий таркиб тўлиб қолгани учун ўзи истаган футболчиларни турнирга олиб боролмагандир… Балки ўзига ўзи орттириб олган ортиқча масъулият таъсирида тактик чизмани ўзгартиришга ботинолмаган ва захирага ишонч билдиролмагандир… Бу каби саволлар анчагина. Ўйинни хомуш ва ўйчан кузатаётган Равшан Ҳайдаровни кўз олдингизга келтирсангиз, унга ҳам осон эмаслиги янада ойдинлашади. Бизни тўғри тушунинг, айни мулоҳаза инсонийлик нуқтаи назаридан айтилмоқда ва бу Равшан Ҳайдаровнинг мураббий ролидаги позициясини оқлаш эмас. Шундай ҳолатларда ўзимизнинг ёш мураббий ёки бирор хорижлик мутахассис ўрни билиниб кетади. «Ислом Исмои­лов бўлганида, бақириб-чақириб, ҳатто дўқ-пўписа билан футболчиларни жунбушга келтирар, уларни ҳужумга отлантирарди! Хорижлик мутахассис-ку, иккинчи бўлим бошланганидаёқ футболчиларни алмаштириб ташларди!» – деб юборади киши беихтиёр. Ана, биринчи бўлимдан сўнг «РБ Лейпциг»га 0:1 ҳисобида ютқазаётган «Бавария» иккинчи 45 дақиқаликда рақиб дарвозасига 5та гол урди. Захирадан майдонга тушган Майкл Олисе эса 3та ассист амалга ошириш баробарида 1та гол ҳам урди. Чунки Венсан Компани узоқ ўйлаб ўтирмай, янги кучларни майдонга ташлади, уларга ўзларини кўрсатиш имкония­тини берди. Маълум бўлдики, Олисе  мураббийнинг шундай кўрсатмасини кутган ва бунга тайёр турган.

Агар Венсан Компани ҳам Равшан Ҳайдаров каби фикр­лаганида, «Бавария» катта эҳтимол, мағлубиятга учрарди. Клуб раҳбарияти эса бундай вазиятларда мураббийни зудлик билан истеъфога чиқаради. Ана, «Реал» ўз қадрдони ва иш бошлаганига энди 6 ой бўлган Хаби Алонсога жавоб беришни пайсалга солмади. Катта жамоаларда фикрлаш тарзи ва жараённи бошқариш шундай экс­тремал руҳда кечади. Бундан эса  футбол ютади, мухлислар ютишади. Бизнинг футболда айни шу жиҳатлар етишмайди, аниқ, равшан кўриниб турган ва тез ҳал қилиниши зарур саналган масалалар устида ҳам узоқ, жуда узоқ бош қотирилади, шу тариқа вақт ва имкон кўкка совурилади. Не тонгки,  Равшан Ҳайдаров – шундай муҳитда тарбияланган, шакл­ланган мутахассис! Вақтида катта ютуқларга эришган тажрибали мураббий футбол билан боғлиқ қарашлари бугунги талабларга тўғри келмай қўйгани хусусида ўйлаб кўриши керакка ўхшайди! Ҳар ҳолда, биз шундай фикр­дамиз! Сиз-чи?

Муҳаммад ВАЛИ

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *