Cтатистика: Автогол қисмати…
Cтатистика: Автогол қисмати…
Бир ўйлаб қарасак, Суперлига-2025 якунига бағишган туркум статистик мақолаларда автогол мавзуси эътибордан четда қолибди. Бугун «Ҳечдан кўра, кеч яхши» мақолига амал қилган ҳолда, шу кемтикни тўлдиришга қарор қилдик. Демак, ўтган мавсум автоголлари «ИФ» нигоҳида.
Ҳисоб бўйича XXXIV миллий чемпионатимиз юқори лигасидан ўрин олган 240та ўйинда жами 18та автогол қайд этилди. «Машъал» ва «Сўғдиёна» футболчилари ўз дарвозаларига ҳаммадан кўп тўп киритиб қўйишди – 4тадан автогол. «Андижон» футболчилари эса чемпионат давомида автоголнинг оғир қисматига 3 марта юз тутишди. «Навбаҳор»да авто қўшимчасига эга гол 2та, эътиборлиси, «лочинлар» бунга 1та ўйин («Андижон»га қарши)да дуч келишди. Шунингдек, «Нефтчи», «Хоразм», «Бухоро», ОКМК ва «Қўқон-1912» жамоалари чемпионат давомида 1тадан автогол жабрини тортди.
Шахсий кўрсаткичларга келсак, Эргаш Исмоилов («Машъал») ва Отабек Аҳадов («Сўғдиёна») 2тадан автогол билан ажралиб туришди. Эътиборлиси, ўтган мавсумдаги 18та автоголдан 6таси легионерлар ҳисобига ёзилди. Бу эса бутун чемпионатимиз тарихидаги антирекорддир. Эслатма, Ўзбекистон чемпионати юқори лигасидаги биринчи автогол 1992 йилнинг 20 апрель куни, яъни дебоча мавсумнинг 6-турида қайд этилганди. Ўшанда Самарқанднинг «Мароқанд» (ҳозирги «Динамо») клуби ҳимоячиси Сергей Сергеев автоголлар ҳисобини очиб берган. Шундан буён элит лигамизда қайд этилган автоголлар сони 321тага етди. Бу катта статистик тўплам, албатта ва барча автоголлар муаллифларини келтириш кўп жой олади. Шунинг учун алоҳида ихчам жадвал туздик. Унда 1992-2025 йиллар ўз жамоаси дарвозасига энг гол урган футболчилар кўрсатилган. Аниқроқ айтсак, рўйхатга 2та ёки кўпроқ автогол муаллифига айланган футболчилар киритилган. Ўтган мавсум якунига кўра, Эргаш Исмоилов ва Отабек Аҳадов ушбу ўзига хос қисматдош футболчилар клубидан дебютант сифатида жой олишди. Дарвоқе, автоголлар жадвали миллий чемпионатмиз тарихида илк бор тузилган статистик ҳисобот варақасидир.
СУПЕРЛИГА|ОЛИЙ ЛИГАДА ЭНГ КЎП АВТОГОЛ ҚАЙД ЭТГАН ФУТБОЛЧИЛАР (1992-2025 ЙИЛЛАР)
1. Сарвар Шарипов («Сўғдиёна», «Динамо», «Шўртан») – 5та
2. Дарко Станоевич («Навбаҳор», ОКМК, «Сурхон») – 4та
3. Шерзод Аъзамов («Насаф», «Пахтакор») – 3та
4. Игорь Голбан («Насаф», «Навбаҳор») – 3та
5. Асхат Жалолов («Кимёгар», «Гулистон») – 3та
6. Георги Квесиешвили («Қизилқум») – 3та
7. Сардор Мирзаев («Нефтчи», «Локомотив») – 3та
8. Авaзбек Ўлмасалиев («Бунёдкор», ОКМК) – 3та
9. Асрор Ғофуров («Сурхон») – 3та
10. Афзал Азизов («Андижон») – 2та
11. Денис Азизов («УзДонгЖу») – 2та
12. Ҳаким Аламхонов («Динамо») – 2та
13. Станислав Андреев («Пахтакор», «Сўғдиёна») – 2та
14. Ильдар Ахтямов («Сурхон») – 2та
15. Отабек Аҳадов («Сўғдиёна») – 2та
16. Шавкат Аҳмаджонов («Тўполанг») – 2та
17. Омар Бердиев (ОКМК) – 2та
18. Эргаш Исмоилов («Машъал») – 2та
19. Ғиёс Комилов («Навбаҳор», «Қўқон-1912») – 2та
20. Ильдар Маматказин («Динамо», «Андижон») – 2та
21. Салим Мустафоев («Локомотив», «Қизилқум») – 2та
22. Ойбек Нурбоев («Бухоро») – 2та
23. Акмал Рустамов («Қизилқум») – 2та
24. Масъуд Тоиров («Нефтчи») – 2та
25. Ислом Тўхтахўжаев («Нефтчи», ОКМК) – 2та
26. Саламат Қутибоев («Машъал», «Бухоро») – 2та
Сергей КНЯЗЕВ




