Telegram Facebook Twitter Instagram OK

Мураббий савияси, жамоа потенциали ва номувофиқлик муаммоси

Аксарият футбол ихлосмандлари «Реал» ва «Барселона» Европа ЧЛ чорак финалида курашни тўхтатганидан афсусдалар. «Мадрид» мухлислари учун алам устига алам шуки, жамоа Ла Лига пойгасида «Барса»дан нақ 11 очко ор­қада. Умуман, Каталония клуби ЧЛ ярим финали йўлида қанақасига «Атлетико» тўсиғидан ўтолмагани, «Реал» эса «Бетис»дан 3 очко олишни уддалай олмагани кўпчиликни таажжубга солмоқда. Ўзи нима бўляпти евроареналар марказида? Нима, «Барселона»нинг иккинчи турнирда «Атлетико» олдида тўхтагани Ханс-Дитер Флик билан боғлиқми? Хаби Алонсодан сўнг қувноқ кайфият билан иш бошлаган Альваро Арбеолани эндиликда қандай муаммолар қийнамоқда? Муҳтарам мухлис, мулоҳазаларимиз учун танлаган сарлавҳа мазмун-моҳиятига эътибор қаратсангиз, юқорида қўйилган саволларга бир қадар жавоб топгандек бўласиз.

Ўзбекистон Суперлигасида иштирок этаётган жамоалар потенциали ва уларни бош­қараётган мураббийлар савиясини ўзаро солиштирсангиз, ғалати пойма-пойлик, номувофиқлик кўзга ташланади. Ҳозирги кунда «Пахтакор» ва «Нефтчи»нинг таркиб бў­йича имконияти ўта юқори эканлиги барчага маълум. Хўш, Камолиддин Тожиев ва Ислом Исмоиловнинг Суперлигада мураббийлик қилиш тажрибалари, бу борада малака имкониятлари «шерлар» ҳамда «йўлбарслар» савиясига қай даражада уйғун? Ўйлаймизки, саволнинг шундай кескин қўйилиши, масалага бу тахлит ёндашилганини Камолиддин Тожиев ҳам, Ислом Исмоилов ҳам тўғри тушунади. Зеро, ҳар икки мураббийнинг ютуқларини доимо қўллаб-қувватлаганмиз, ҳозир ҳам олиб бораётган ишларини олқишлаймиз. Бироқ мураббий салоҳияти ва жамоа ички потенциали уйғунлиги масаласи ҳақида сўз очилса, ҳақиқатни айтишга мажбурмиз. Альваро Албеоланинг мураббийлик тажрибаси, малакаси ва «Реал»нинг ҳаққоний потенциали ўртасида  сезиларли номувофиқлик мавжудлиги барчага маълум эди. «Қироллик клуби» айни шу сабаб туфайли ЧЛда курашни чорак финалдаёқ тўхтатди, Ла Лига тожи учун пойгада «Барселона»ни катта фарқ билан олдинга ўтказиб юборди. Демоқчимизки, номувофиқлик – «Реал» муаммоларининг асл сабаби!

«Пахтакор» ва «Нефтчи» Элит ОЧЛнинг янги мавсумида иштирок этишини назарда тутсак, шундай номувофиқлик «шерлар» ҳамда «йўлбарслар»ни энг муҳим халқаро учрашувларда қийин аҳволга солиб қўймайдими? «Реал»дек клуб шу каби муаммоларни енголмаганда, «Пахтакор» ва «Нефтчи» номувофиқлик босимидан омон ўтишни уддалайдими? Ҳа, Камолиддин Тожиев ва Ислом Исмоилов ҳозирда ўз жамоалари Суперлигада равон одимлашини таъминлашмоқда. Бундан ҳар икки жамоа мухлислари бошлари осмонда. Аммо футбол ва унинг қувончи Суперлига дои­раси билан чекланмайди. Мухлисларимиз бизнинг клублар ҳам халқаро миқёсда катта ғалабаларга эришишини исташади, албатта. Фақат халқаро даражадаги улкан зафарлар учун клубларга раҳбарлик қилаётган мураббийлар савияси ва таркиб потенциали ўзаро уйғун, мувофиқ келиши даркор. Тушунамиз, айни чоғда бу масалани на расмий ва на амалий жиҳатдан ҳал қилиш имкони йўқ деярли. Зеро, жамоалар ва мураббийлар ўртасида шартнома бор. Қолаверса, иштиёқ билан ишлаётган, изланаётган мураббийлар шаштини қайтариш, уларга ҳалақит бериш – ёқимсиз ҳолат. Ушбу мулоҳазаларни билдириш асносида клубларимизнинг халқаро миқёсда олға одим ташлашига тўсиқ бўлаётган муаммо мавжудлигини таъкидлаб, футбол жамоатчилиги эътиборини шу масалага қаратмоқчимиз, холос.

Қарангки, мураббий савияси ва жамоа потенциали ўртасидаги номувофиқлик билан боғлиқ муаммо «Навбаҳор», ОКМК ва «Динамо» муҳитида ҳам мавжуд. Чунки Темур Кападзе, Миржалол Қосимов ва Вадим Абрамовнинг мураббийлик тажрибаси – савияси маҳоратли футболчилар тўп сурадиган жамоаларни бошқариш даражасида. Бу хулосага мутахассислар ҳам, мухлислар ҳам жиддий эътироз билдирмасликларига ишончимиз комил. Шу ўринда Абдулла Қаҳҳорнинг машҳур сўзлари ёдга тушади: «Адабиёт атомдан кучли, фақат унинг кучини ўтин ёришга сарфламаслик керак». Назаримизда, Суперлига клублари мутасаддиларини ички чемпионатда ғолиб чиқиш, совриндор бўлиш ёки элитада қолиш масаласи кўпроқ қизиқтирмоқда. Унутмаслик керакки, Суперлигада ғолиб чиқиш ва совриндор бўлиш халқаро миқёсда ўзбек футболи шарафини ҳимоя қилиш мажбурияти демакдир. Аслида Суперлигада ғолиб чиқиш ва совриндор бўлиш орзусининг бош моҳияти ҳам халқаро майдонга чиқиш ҳисобланади. Барчага аён шу ҳақиқатни яна бир бора такрорлаётганимизнинг сабаби битта – клубларимиз фаолиятида  айнан номувофиқлик муаммоси мавжудлиги ва бу эътибордан четда қолаётгани.

Суперлига 10-тур баҳслари қизғин давом этаётган бир паллада очиқ-ойдин айтиш зарурки, ОКМК ва «Динамо» минг хоҳламасин, жорий мавсум юқори ўринлар учун курашолмайди. Негаки, ҳар икки жамоа фаолиятида биз қайта-қайта тилга олаётган номувофиқлик муаммоси ўз сўзини айтаверади. Ана, Суперлига 9-турида «Бунёдкор»нинг ўз майдонида  «Андижон»га, «Насаф»нинг эса Қўқонда «Локомотив»га имкониятни бой берганида ҳам шу номувофиқлик таъсири сезилди. Умуман олганда, Суперлигада қайд этилаётган кутилмаган натижаларни  фақат молиявий муаммоларга боғлайвермай, номувофиқлик масаласи билан ҳам изоҳлаш мақсадга мувофиқ. Кўпчилик бошқа мамлакатлар ички чемпионатларида ҳам молиявий муаммолар кузатилаётганини ижтимоий тармоқлар орқали билиб бормоқда. Ироқда тўп сураётган Шерзод Темиров айни шу масалада жамоадошларини қўллаб-қувватлагани олқишга сазовор. У масалага ўзига хос ёндашуви билан жамоадаги молиявий номувофиқликка қисман зарба берибди! Офарин! Ўзига ҳам, отасига ҳам раҳмат!

Келинг, фақат номувофиқлик ҳақида сўзлайвермайлик. Бинобарин, футбол дунёсида ибрат олса арзийдиган, олқишлашга муносиб мувофиқликлар ҳам бор. «Реал» ва «Барселона»нинг футбол фалсафаси бир-бирига номувофиқ, бироқ «Қироллик клуби» афсонаси Серхио Рамос томонидан «Барселона» жавоҳири Ламин Ямал учун  мундиал муддатини ортга суриш ҳақида берилган шахсий баёнот  инсонийликка ёрқин намунадир. Тасаввур қилинг, не-не донгдор ҳужумчилар кушандаси саналган, гоҳида уларга жароҳат етказишдан ҳам қайтмаган Серхио Рамос ҳақида шундай мулоҳаза юритмоқдамиз. Демак, у учун истеъдод қадри «Реал» ва «Барселона» манфаатларидан устун. Рамос Испания миллий жамоаси манфаатлари йўлида Ямални қўллаб-қувватлашга тайёр. Айни шу жумлалаларни ёзар эканмиз,  жароҳатдан кейин тикланиш жараёнини бошлаб юборган Беҳруз Каримов ҳамда мундиалга бориш иштиёқида сунъий қопламали майдонда тўп сураётганини ўйлаб ўтирмай, бор имкониятларини ишга солган ва сафдан чиққан Иброҳимхалил Йўлдошев беихтиёр хаёлимиздан ўтди. Агар миллий жамоамиз етакчилари уларга руҳан далда беришса, қўллаб-қувватлашса, бу муносабат истеъдод ва инсонийлик мувофиқлигининг кўзгусига айланарди.

Англия кубоги ярим финалидан ўрин олган «Манчестер Сити» – «Саутгемптон» учрашувида «шаҳарликлар» ғалаба голини уришгач, Абдуқодир Ҳусанов ва Жанлуижи Доннарумма ўзаро ҳазиллашишгани, қувончларини баҳам кўришгани бежиз эмас. Икки футболчи бир-бирининг истеъдодини эътироф этганида, унга ҳурмат билан қараганида, шундай инсоний муносабатлар шаклланади, мувофиқлашади. Савия, потенциал ва инсоний омиллар мувофиқлашган жамоада эса ғалаба эшиги ўз-ўзидан очилаверади!

Муҳаммад ВАЛИ

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *