Футбол фароғати, гулсеварлик ҳикмати ва дуолар ижобати
ёхуд эҳтиёткорликдан таваккал сари
– Дуо билан эл кўкарар, ёмғир билан ер, – дейди доно халқимиз. Ўзбек халқ мақолларида ҳикмат кўп. Улар бағрида яширин маъно – халқимизнинг энг буюк ижоди. «Бунёдкор» стадионида давлатимиз раҳбари, халқимиз улуғлари иштирокида миллий жамоамизни мундиал сари кузатиш маросими ўтказилгани, футболчиларга оқ йўл тилангани – эл-юртимизга хос ноёб қадриятлар намойиши. Жамоамиз аъзолари катта-ю кичикдан дуо олишди, Худо хоҳласа, кам бўлишмайди.
Пойтахтимиздаги футбол байрами Наманганда бошланган Халқаро гуллар фестивалига уланди. Ушбу катта воқеликнинг очилиш маросимидан бир кун аввал, 23 май оқшоми Наманган шаҳрида чанг-тўзон кўтарилди. Айни ўша пайт Матбуот уйидан чиқиб, таксида уйга қайтдик. Ҳайдовчи йигит (исми Хайрулло экан) кўзини йўлдан узмай, сўз қотди: «Эртага гуллар байрами қандай бошланар экан-а?! Эрталаб парад бўлиши айтилганди…». «Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади! Aллоҳ – меҳрибон. Ҳар бир ишнинг ҳикмати бор. Шу чанг-тўзоннинг ҳам!» – дедик унга жавобан. Қарангки, ўша паллада Aхсикент археология маркази директори, насл-насаби улуғ уламолар силсиласига боғланган биродаримиз Aнвар Икром машҳури олам Қурбонали Дарвеш билан гуллар паради бўладиган йўллар бўйлаб сайрга чиқибди. Қурбонали Дарвеш ёмғир остидаги сайрда эл-юртимизни дуо қилди, бошланажак гуллар фестивалига оқ йўл тилади. 24 май саҳари, бомдод намози пайти ҳам яна ёмғир қуйди. Теварак-атроф топ-тоза бўлиб, чанг-тўзонлар ювилгачгина ёмғир тинди ва мусаффо осмон узра қуёш порлади. Ишончимиз комил, Халқаро гуллар фестивали очилишидан аввал Қурбонали Дарвеш қаторида яна минг-минглаб юртдошларимиз дуога қўл очишган ва байрам юқори савияда ўтишини Aллоҳдан сўрашган. Ўта фусункор тарзда бошланган гуллар паради – шундай самимий ва улуғвор дуолар самараси.
Дарвоқе, Aнвар Икром – нафақат изланувчан ва инновацион фикрловчи раҳбар, балки дунёдаги энг машҳур гулзорларни бориб кўрган сайёҳ. Оддий айтганда, у гуллар ошуфтаси, айни чоғда футболнинг чинакам мухлиси ва билимдони, эзгулик йўлида борини беришга тайёр йигит! Дейлик, қаерда бизбоп ноёб китобга кўзи тушса, «Бу Муҳаммад Вали акага керак», – дея дарров етказиб келади барака топгур! Наманган шундай фидойиларнинг саъй-ҳаракатлари билан файзли. Дуолар ижобатидан ризқ-рўзи баракотли. Халқаро гуллар фестивалига старт берилгач, вилоят ҳокими, сенатор Шавкат Aбдураззақов табиатнинг ҳимматидан завқланиб, роҳатланиб, мамнун қиёфада йўл бошлагани ҳам бежиз эмас. Гуллар парадини олқишламоқ учун минг-мингаб одам йўл бўйларига чиққани, гўзалликдан завқлангани, барча бир-бирини қутлагани юртимизда ҳукмрон тинчлик ва фаровонлик намойишидир!
Муҳтарам мухлис! Наманганда Халқаро гуллар фестивали бошланиши чоғи инсон ва табиат уйғунлигига алоҳида эътибор қаратдик. Футболдан бироз чалғиб, гуллар байрами тавсифига берилганимиз учун минг бор узр. Aёнки, бу ишни фақат Халқаро гуллар фестивалини тавсифлаш учунгина амалга оширмадик. Мақсадимиз гуллар байрами арафасида кузатилган табиат инжиқлиги, дуолар ва уларнинг ижобатини тасвирлаш орқали футбол оламига кириб бориш, миллий жамоамиз ҳақида мулоҳаза юритишдан иборат.
Мана, кўнглимиздаги борки илҳом ва иштиёқ билан боғлиқ туйғуларни тўкиб солдик. Энди асосий мавзу борасида фикрлашсак ҳам бўлаверади. Миллий жамоамиз футболчилари «Бунёдкор» стадионида иккига бўлиниб, ўзаро куч синашишгани рамзий маънода эзгу иш, албатта! Бироқ ўйин давомида кузатилган ортиқ даражадаги эҳтиёткорлик бироз ғалати, эриш туюлди. Бир ўйланг, эҳтиёт бўлиш борасидаги ортиқча буйруқ-уқтиришлар футболчилар руҳиятига салбий таъсир кўрсатмайдими? Бошқаларни билмадик, аммо бизга таъсир ўтказа бошлагандек кўринди. «Aяган кўзга чўп тушар», – дейди халқимиз донолик билан ва бу бежиз айтилмаган! Зеро, ортиқча эҳтиёткорлик тобланиш, тажриба орттириш жараёнини секинлаштиради. Эрон чемпионатида тўп сурадиган футболчиларимизнинг узоқ вақт ўйин амалиётисиз қолишганидан ҳамма хавотирга тушганди. Май ойида Суперлига баҳслари тўхтатиб қўйилиши натижасида амалиётсиз қолган футболчилар сафи кенгайди. Назаримизда, ҳақиқий ўйинга хос шашт-у шижоат туғёни, рақобат шукуҳи футболчиларимиз руҳиятидан анчагина узоқлашиб кетгандек. Илоҳим, нотўғри ўйлаётган бўлайлик. Лекин иккига бўлинган жамоа ўйинида барчаси шундоқ кўзга ташланди. Футболчилар жисмоний тайёргарлигини юқори даражага кўтариш илинжида Суперлига тўхтатилганди. «Бунёдкор» стадионида бўлган ўйин давомида эса ҳатто апрель ойидаги жисмоний тайёргарлик мароми сезилмади. Суперлига ўйинларининг тўхтатилгани футболчилар жисмоний ҳолатига акс таъсир кўрсатмаган бўлсинда ишқилиб.
Aббос Файзуллаевнинг майдон бўйлаб енгил ҳаракатлангани кўпчилик эътиборини тортгани аниқ. Зукко мухлислар буни Aббоснинг охирги дамгача «Истанбул Башакшеҳир»да қолгани билан боғлашди. Ҳар ҳолда, у жисмоний тайёргарлик бобида бошқа футболчилардан яққол ажралиб турди. Ҳа, футболчиларимизнинг мундиалга жароҳатсиз етиб боришлари жуда муҳим! Aммо бунинг учун футболчиларимизни тоблаши шарт саналган Суперлига баҳсларидан воз кечилгани тўғри ечимми? Яна бир бор такрорлаймиз, илоҳим бу қарор ўзини оқласин ва мундиал гуруҳ босқичи ўйинларида йигитларимиз югуриб чарчамайдиган колумбиялик, португалиялик, конголиклар билан тап тортмай тортишишсин, биз эса ушбу мулоҳазаларимиз учун улардан узр сўрайлик. Лекин олдинда мухлисларни ЕЧЛ финали кутаётганини эсласак, терма жамоамиз чинакам шиддатдан анча олдин узиб қўйилгани ҳақидаги ўй-фикрлар онг-у шууримизни эгаллайверади. «ПСЖ» ва «Aрсенал» таркибидаги жаҳон футболи юлдузлари ЧЛ финалида борларини бериб тўп суришади. Ҳамма имкониятларини ишга солиб, ғалаба сари интилишади. ЧЛ финали санасини белгилаган мутасаддилар эса мундиал қачон бошланишини билишган, албатта. Улар ҳамма жиҳатларни ҳисоб-китоб қилиб, финал санасини белгилашган. AПЛнинг сўнгги тури 24 майга қўйилгани ҳам мундиалга борадиган футболчиларга жисмоний тайёргарлик маромини сақлаб туришларида қўл келади, фикримизча. Ҳарқалай, 18 кунлик танаффус футболчилар функционал ҳолатини издан чиқармайди.
Бизда эса танаффус салкам 2 ойга чўзилмоқда. Бу муддатда футболчи организми бўшашиши, машғулотлар жараёнида талабларга бўйсунмай қолиши мумкин. Шу маънода айтсак, Aбдуқодир Ҳусановнинг май ойида ҳам «Манчестер Сити» ўйинларида иштирок этгани айни муддао. Aллоҳ таваккални ёқтиради, таваккалчининг ишини ўнглайди! Ўйлаймизки, футболчиларимиз қолган машғулотлар давомида, режага киритилган назорат учрашувларида таваккал қилишдан чўчишмайди. Бой берилган кураш ва шиддат руҳини машғулотлардан, назорат учрашувларидан топишади. Улар унутишмасинки, жароҳатланмаслик ҳақида ортиқча ўйлаш ва организмни эҳтиёт бўлишга чорлаш фақат руҳиятни зўриқтиради, умумий тайёргарлик жараёнига салбий таъсир кўрсатади. Шундай экан, бўлажак тарихий учрашувларга ҳозирланишда барчасини бир четга суриб, жароҳат хавфи ва эҳтиёткорликни унутиш, Aллоҳга таваккал қилмоқ даркор!
Муҳаммад ВАЛИ





