Биздан Рустам Лутфуллин ва 2 нафар лайнсмен ўсмирлар ўртасидаги ЖЧга таклиф этилгани ёқимли, албатта. Қидирув тизимларига қарамай, ёзяпман: катта эҳтимол билан Ўзбекистон футболи тарихида илк марта бир йилда бўладиган ФИФА таснифидаги 2та турнирга биздан бошқа-бошқа ҳакамлар бригадаси жалб этилди. Шунинг баробарида футзал ва пляж футболи бўйича ЖЧ, аёллар ўртасидаги турнирларни ҳисобга олмаяпман. Бинобарин, бу борада бир неча марта кесишмалар учрагандир. Ҳар ҳолда, Равшан Эрматов фаолият юритган вақт Шуҳрат Пўлатов футзал бўйича ЖЧ турнирларига борган, Бахтиёр Намозов эса бир неча марта пляжчилар мусобақаларига чақирилган.
***
Кўриниб турибдики, ФИФАда Ильгиз Танташев ва унинг ёрдамчилари ишига юқори баҳолашяпти. Мана, энди Рустам Лутфуллинга ҳам ўзини кўрсатиш имконияти тақдим этилмоқда. Авваллари ФИФА биздан фақат Равшан Эрматовни жалб этарди, ваҳоланки, ОФКда дейлик, Осиё кубогида ишлаган, ОЧЛ финалини бошқаришга муносиб кўрилган Валентин Коваленконинг рейтинги ҳам юқори эди. Тахминан 15 йилча олдин ОФК Ҳакамлар қўмитасидаги ҳамкасбларимдан бири очиқ айтганди: «Коваленконинг омадсизлиги шундаки, у Эрматов билан битта мамлакатда ва бир вақтда ишламоқда. Агар у бошқа вақтда ёки бошқа паспорт билан фаолият юритганида, жаҳон чемпионатига бориш учун жиддий имкониятга эга бўларди».
Ҳозир вазият бошқача. ФИФА Лутфуллинга Танташевнинг потенциал вориси сифатида қарамоқда. Бу имкониятдан қандай фойдаланиш эса Рустамнинг ўзигагина боғлиқ. Бир томондан, Ўзбекистондан 1 йилда ФИФАнинг 2та турнирига бригада тайинлангани маҳаллий ҳакамлар мактабига берилган юксак баҳодир. Бу миллий чемпионат ўйинларидаги ҳакамликка боғлиқ муаммолар фонида жарангдор янграмоқда. Тушунишимча, Танташевга ҳам, Лутфуллинга ҳам сўнгги қарорлари юзасидан саволлар туғилган. Шунинг учун ФИФА баҳосини ҳар икки ҳакамимиз салоҳиятига берилган аванс сифатида қабул қилдим. Табийки, иккала ҳакам ҳам буни тушуниши ва ўз устида тайинловдан олдингига қараганда ҳам, кўпроқ ишлашда давом этиши керак. Бошқа томондан, шундай таассурот уйғоняптики, биз ўз рефериларимизга нисбатан ОФК ва ФИФА Ҳакамлар қўмитасидан ҳам анча талабчанмиз, шекилли. Ҳатто ҳар бир хато учун ҳакамларни умрбод четлатишга тайёрмиз адашиш фазилати барчамизга хослигини унутган ҳолда. Айтганларидек, бизни хатоларимиз эмас, балки уларга муносабатимиз тавсифлайди. Ильгиз ва Рустамнинг бу ёз ўзлари билан содир бўлган воқеалардан қандай хулоса чиқаришлари нафақат Ўзбекистон чемпионатидаги фаолиятлари, балки ФИФА мусобақаларида тақдирлари қандай кечишини ҳам белгилаб беради.
***
«Андижон» фан-клубининг «Телеграм»даги канали обуначилари билан жонли эфирда суҳбатлашдим. Улар турли масалалардан ташқари, ПФЛ келаси мавсумга қуръа ташлаш ва тақвим тузишда Бергер тизимидан воз кечишни режалаштираётгани бўйича фикримни сўрашди. Хўш, нима дейман? Агар мақташга арзийдиган иш бўлса, шундай қилиш керак. ПФЛнинг Бергер жадвали кўринишидаги атавизмдан ниҳоят воз кечаётганидан қувонмаслик мумкин эмас. Бирор ривожланган лигада тақвим қуръасини Бергер жадвали бўйича ташламайдилар. ПФЛ учун ҳам бундан воз кечиш вақти келди. Бергер жадвали билан илк марта тахминан 40-45 йил олдин турли спорт турларида математикадан фойдаланиш мисоллари келтирилган китобча орқали танишгандим. Бергер жадвали тавсифи «шахмат» бўлимида ёзилганди. Шунчаки, тавсиф эмас, балки жадвални қандай тузиш бўйича маслаҳат ҳам берилган. Хуллас, айтганларидек, мени ярим тун, соат иккида уйғотинг ва исталган рақамни айтинг, атиги 2 дақиқада муайян миқдордаги иштирокчилар учун Бергер жадвали бўйича тақвим тузиб бераман. Шунинг баробарида Бергер жадвалининг ҳаттоки шахмат мусобақалари учун ҳам камчиликларини аниқ тушунаман. Иштирокчилар сони жуфт бўлса, улардан бири дастлабки 2 партияда оқ доналар, иккинчиси эса қора доналарда ўйнайди. Буни футболга татбиқ этсак, муайян клуб дастлабки 2та тур ўйинини уйида ўтказса, иккинчиси сафарга чиқади. Охирги икки турда ҳам худди шу ҳолат кузатилади. Яъни қайсидир клуб стартда, бошқаси эса финишда устунликка эга бўлади. Агар дастлабки ва охирги 6та турни олсак, бундай жамоалар сони 3та бўлади.
Бергер жадвалининг яна бир муаммоси шуки, қуръа натижасига кўра, жамоалар кетма-кет равишда энг кучли ёки заиф рақибларга дуч келиши мумкин. Яъни тақвим адолатли ёки мувозанатли чиқмайди. Буларнинг барчаси янги асрнинг илк йиллари ЎФФ Мусобақалар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаганимда (ўша пайт ПФЛ йўқ эди), яққол кўриниб турарди. Айни ўша вақт Англия Премьер-лигаси тақвими қўлда тузилиши ва фаворитларга қарши ўйинлар бутун мавсумга деярли тенг тақсимланиши ҳақида ўқидим. 2003 йилда эса бу борада экспериментга қўл урдим. Яъни қуръа тартибини соддалаштириш (ёки мураккаблаштириш)га қарор қилдим ва тахминан ОФК айни пайт Элит ОЧЛда қўллаётган усулни татбиқ этдим. Бунда 16та жамоани аввалги чемпионатда қайд этган натижаларига кўра, 4та саватчага ажратдик. Ушбу формула биринчи саватчадаги жамоалар бир-бирлари билан ҳар 4та турда бир марта тўқнаш келишини таъминлайдиган тақвим тузиш имконини яратди. Умуман олганда, жамоалар ҳар 4та турда муайян саватча вакилига рақиб бўлди. Шу аснода мувозанатсиз тақвим муаммосини ҳал қилгандик. Бундан ташқари, қуръанинг янги схемаси мавсумни адолатли бошлаш/якунлаш масаласига ечим берди. Дастлабки 8та турда ҳар бир жамоа ўз уйи ва сафарда 4тадан ўйин ўтказди. Яна кетма-кет 2 марта уй ёки сафарда ўйнаш ҳолати кузатилмади. Тўғри, бу тамойилни барча клублар учун сақлаб қолишнинг имкони бўлмади: Қўқондаги стадион мавсумга тайёр эмасди ва жамоа «Пахтакор»га қарши 1-тур ўйинини меҳмонда ўтказди. Айтиш керак, клуб раҳбарлари Бергер жадвали бўйича қуръа ва тақвимнинг асосий тарафдорлари бўлишди. Уларга тақвим шу тарзда шаффоф ва адолатли тузиладигандек туюлди. Ваҳоланки, бундай тақвимнинг барча камчиликларидан хабардор эдилар, лекин қуръа ташлаш тартибини кўриш ва тушунишни афзал билиб, муаммолардан кўз юмишди. Қуръа маросимини янги тизим бўйича ўтказганимизда, баъзи клублар вакиллари ўзларини алдангандек ҳис қилишгани ҳам рост. Чунончи, 1-тур учун рақиб 15та эмас, атиги 4та жамоа ичидан танланарди. Улар «қопқон»ни сезишди, лекин у айнан қаерда эканлигини тушунишмади.
Боз устига, тақвим тузишнинг янги формуласи 2004 йили ОЧЛ ислоҳоти билан юзага келган муаммони ҳам ҳал қилмади. Чунки ички ва халқаро тақвимни мувофиқлаштириш йўлини топиш керак эди. Қолаверса, 2004 йили Олий лигада 14та жамоа қолди, янги қуръа тизими эса фақат 4 каррали иштирокчилар сонига мос эди. Шунда 2005 йили янада чуқурлашдик - чемпионат тақвимини қўлда тузишга қарор қилдик. Бунда ОЧЛда иштирок этадиган 2та клубга чемпионатда қайси рақиб билан қачон ва қаерда ўйнашни ўзи танлашини таклиф қилдим. Токи, бу жамоалар ўйинларни кейинроққа қолдиришни сўрамаслиги учун. Оддий айтганда, чемпион «биринчи кечанинг биринчи танлови ҳуқуқи»ни олди. Икки клубдан хоҳиш-истаклари бўйича тақвимни олгач, қолган ўйинлар тартибини «уй-сафар» ва рақиблар навбати каби асосий тамойилларга риоя қилган ҳолда, тузиб чиқишим керак эди. Тақвим яратиш учун барча компьютер дастурлари ичида ихтиёримда фақат Excel бор эди (эслатма, гап 20 йил олдинги иш ҳақида кетмоқда). Қисқаси, маълум бир вақтда «тор кўчага тиқилиб қолдим» ва қуръани бекор қилиш ғояси учун ўзимни тергай бошладим ҳам. Кейин файлни 2 ҳафтага четга суриб қўйдим ва қайтганимдан сўнг ҳаммасини чамаси 20 дақиқада тугатдим. Тарих кутилган ҳолатда давом этди. Яъни мени тақвимни «кимлардир учун» тузганликда айблашди. Қизиғи, ўша «кимлардир» айблашди. Бу футболимизда кўпинча эзгу ният-ҳаракат муносиб баҳоланмаслигини яна бир бора кўрсатди. Айбловлар шунчаки, сўзда қолмади. Ўтмишдошларимдан бирига тақвим «адолатлироқ» бўлиши учун уни қайта ишлаб чиқишни таклиф этишди. Ўша одамнинг ўзи ёнимга келиб, топшириқ ҳақида гапириб берди ва тақвимни қандай тузганимни сўради ўзгартиришлар киритиши учун формулани тушуниши кераклигини айтиб. Унга жавоб бердим: «Топшириқ берганларга айтинг, улар «тақвим ким учун тузилгани»ни билишади - ўз клублари учун. Тақвимни қандай тузганим шахсий ихтироим ва сирларни баҳам кўриш ниятим йўқ». Тақвим қўлда тузилгани ва чемпионатда бир неча тур ўйналгани учун уни янгилаш имкони йўқ эди. Лекин бу Ўзбекистон чемпионати учун охирги марта тақвим тузишим бўлиб қолди. Кейинчалик тақвим яратувчиларнинг бир неча авлоди ўзгарди ва барчаси Бергер жадвалидан фойдаланди. Мана, 20 йилдан сўнг бундан воз кечишга қарор қилинди. Ниҳоят.
Дарвоқе, ПФЛнинг компьютер дастури ёрдамида тақвим тузишга ўтгани эндиликда аввалги йил «Андижон»нинг 2та уй ўйини шаҳар футзал бўйича ЖЧга мезбонлик қилаётган кунларга тўғри келгани каби мувофиқлик ҳолатлари учрамаслигига умид бағишлайди. Ўша мувофиқликда ажабланарли томони шуки, Андижон (Бухоро ва айниқса, Тошкентдан фарқли ўлароқ)да футзал мундиали ўйинлари ҳар куни ўтказилмасди ва Суперлига баҳсларини 1 кун олдин ёки кейинга бемалол суриш мумкин эди. Аммо ПФЛ ўшанда ҳайратланарли принципиаллик кўрсатиб, «Андижон» ўйинларини кўчиришни қатъиян рад этди. Тахмин бўйича бундай принципиалликка чемпионат учрашувини суриш таклифи биринчилардан бўлиб бизнинг каналда илгари сурилгани сабаб бўлганди.
Алишер НИКИМБАЕВ, «Футболиум»