Search

Диогу Жотанинг ҳаёт йўлига чизгилар - никоҳда атиги 10 кун...

Диогу Жотанинг автоҳалокат оқибатида ҳаётдан кўз юмгани бутун футбол оламини ларзага солди, албатта. Боз устига, португалиялик футболчи машъум ҳодасидан атиги 10 кунча олдин узоқ йиллик маҳбубаси билан ниҳоят, никоҳдан ўтганди. Аниқроғи, 22 июнь куни Португалияда жуфтликнинг тўй маросими бўлганди. Таъсирли томони, Жотанинг ижтимоий тармоқларда қолдирган охирги пости айнан шу тантанадан олинган сурат бўлиб, унинг остида қисқа ёзув бор: «Ҳа, абадий».

Мактаб давридан бирга

Жота ва Руте Кардозу синф­дош эдилар. Улар Португалиянинг кичик провинция шаҳри - Гондомардаги мактабда таҳсил олишган (Жота маҳаллий жамоа академиясида шуғулланган). «Жовин туманидан кўчиб ўтганимда, Диогу аллақачон Гондомарда ўқиётган эди. У дарсларда кам қатнашсада, доимо яхши баҳо оларди. Дейлик, имтиҳонларга атиги 2 кун қолган вақтда тайёргарлик кўришга киришарди», - дея мактаб даврларини эслаганди Руте 2016 йили. Жота 16 ёшида камтарин ва нотаниш «Гондомар» клуби билан хайрлашиб, нисбатан таниқли «Пасуш де Феррейра» сафига қўшилади. Бу кўчиш ҳам унинг Руте билан муносабатига заррача таъсир қилмайди. Чунончи, Гондомар ва Пасушни атиги 30 дақиқалик йўл ажратиб туради. Хуллас, жуфтлик мунтазам равишда учрашиб турарди. Дейлик, Руте «Пасуш де Феррейра» ўйинларини имкон қадар қолдирмасди. 2016 йилга келиб, Жота фаолиятида янги босқич бошланди - «Атлетико» 19 ёшли ярим ҳимоячи билан расман шартнома тузди. Шунда жуфт­лик Мадридга бирга кўчиб ўтишни режалаштиради. Руте Испанияда яқинларини соғинишини тушунсада, бу ўз келажаги учун зарурлигини биларди. Қолаверса, қиз Португалия­даги университетда таҳсил олишни хоҳларди. Хуллас, у аввало, ўқишга кириш, кейин академик таътил олишни ўйлайди. Бу орада «Атлетико» Жотани ижара келишуви асосида «Порту»га юбориб, севишганлар ҳаётини енгиллаштиради. Шу тариқа Диогу ва Руте бирга яшай бошладилар. Асосийси, қиз университетда бемалол ўқиш имкониятини ҳосил қилади. Якунда у менежмент йўналишида диплом олишга ҳам улгуради. 

Бигль ити ҳамроҳ

Жота 2017 йилнинг ёзида ижара келишуви асосида «Вулверхэмптон»га йўл олади. Ке­йинроқ Руте ҳам Англияга кўчиб ўтади. Ёлғиз ўзи эмас, бигль зотига мансуб Луна лақабли ити билан бирга. Вулверхэмп­тон қиши Портудагидек юмшоқ эмас. Лекин суюкли ёринг ёнингда бўлса, совуқ нима? Яна севимли итинг ҳам доимий ҳамроҳингга айланса... 

Биринчи рақамли мухлиса

Руте ҳар доим Жотани қўллаб-қувватлаб келган. «Диогунинг нафақат маҳбубаси ва энг яхши дўстиман, балки биринчи рақамли мухлисаси ҳам ўзимман. Ҳамиша унинг ёнида бўлишни хоҳлайман» -  бу Руте футболчи Мадридга кўчиб ўтишга шайланган вақт A Bola нашрига берган интервьюсидан иқтибос. Умуман, қиз бошидан Диогуни ўзгача қўллаб-қувватлаган. Дейлик, Жота «Пасуш»нинг асосий жамоасига энди-энди жалб этилган вақт маҳаллий газеталарда йигитча ҳақида ёзишади. Руте эса ижтимоий тармоқларда ўша мақолалар парчасини ғурур билан кўрсатади. Яна бир воқелик: 2023 йилнинг октябрида «Тоттенхем» билан ўйинда Жота атиги 2 дақиқа ичида икки марта сариқ карточка олади ва майдондан четлатилади. У ҳар икки ҳолатда ҳам Дестини Удожига нисбатан қўполлик ишлатган эди. Руте эса ўйиндан кейин ниҳоятда ғазабланганини яширмайди. У ўз саҳифасига Диогуга биринчи карточка кўрсатилган вазият видеосини жойлаштиради ва масхарабоз белгисини қўшиб, кескин изоҳ қолдиради: «Сохталаштирилган ўйин». Дарвоқе, АПЛ мустақил комиссияси ҳам якунда Жотага қизил карточка ноҳақ кўрсатилганини маълум қилганди.

Уч нафар фарзанд ва уч бигль

Руте ва Диогу оиласи 2021 йилдан кенгая бошлайди. Феврал ойида оиланинг тўн­ғич ўғли Диниш дунёга келади. 2023 йилда эса жуфтлик яна бир ўғил (Дуарте)ли бўлади. Кейинги йили Жоталар оиласида қизалоқ ҳам туғилади. Шунинг баробарида оилада бигллар сони ҳам 3тага етади. Эътиборлиси, Руте ҳомиладор бўлган пайт Диогу ўз голларини бўлажак фарзандларига бағишлашни яхши кўрарди. Жуфтлик яна бўш вақтда саёҳатга чиқарди кўпинча. Яна бир жиҳат: Руте Кардозу охирги йиллар ёпиқ ҳаёт тарзини маъқул кўриб, деярли интервью бермади. Унинг фақат мода билан қизиққани ва сериаллар шайдоси эканлиги маълум, холос. Ижтимоий тармоқлардаги деярли барча постлари эса ўз оиласига бағишланган. 2022 йили  Диогу севгилисига расман турмуш қуришни таклиф қилади. Яна 3 йилдан кейин улар никоҳдан ўтишди, аммо... 

Оилавий бизнес равнақи учун

Автофалокатда Жотанинг 25 ёшли укаси Андре Сильва ҳам ёруғ олам билан хайрлашди. У Португалия чемпионати Иккинчи дивизиони - «Пенафиэль» клубида ўйнарди. Ярим ҳимоячи ўтган мавсум чемпионатнинг 26та ўйинида қатнашиб, 2та гол урган. Бу ўйин вақти бўйича унинг учун энг сермаҳсул мавсумдир. Андре ҳам худди Диогу каби Гондомарда улғайган. Ака-ука болалик йилларидан кўчада бирга тўп тепган, кейинроқ маҳаллий клуб мактабида тенг вақтда борган. Андренинг болалар тоифасидаги фаолияти акасиникига нисбатан ёрқинроқ. У маълум даврда Диогудан истиқболлироқ ҳам кўринган. Дейлик, Андре «Порту» академиясида 6 йил шуғулланган, шундан сўнг «Пасуш», «Фамаликан» ва «Боавишта» каби машҳур клублар тизимида ҳам сабоқ олган. Андре катталар футболидаги дебютини тўртинчи дивизион вакили «Гондомар»да нишонлаган ва фақат 2023 йилдагина «Пенафиэль» сафига қўшилган. Асосийси, ака-ука ҳар доим бир-бирини қўллаб-қувватлаган, гарчи турли мамлакатларда ўйнаса ҳам. Умуман, Андре акасига жуда яқин эди, хурсандчилик кунлари унинг ёнида бўлишга интиларди. Табиийки, у яқиндагина Диогунинг тўйида ҳам қатнашганди. Умуман, айтишларича, Андре одобли, эътиборли ва камтарин йигит эди, у медиа машҳурликка умуман интилмаган ва фақат ўз устида ишлашни маъқул кўрган. Шунингдек, профессионал футбол билан шуғулланиш баробарида университетда менежмент йўналишида таҳсил олаётганди. Андренинг бу танлови бежиз эмасди - у Диогу билан бирга кичик оилавий бизнесни йўлга қўйганди.

«Ливерпуль» ва Диогу Жота ўртасида яна 2 йиллик шартнома бор эди. Диққатга сазовор томони, Англия чемпиони келишувни ўз кучида қолдиришга қарор қилди. Яъни марҳум футболчининг шартнома бўйича маоши унинг оиласига тўлиқ ҳолда тўлаб борилади. Бундан ташқари, «Ливерпуль» Жотанинг 3 нафар фарзанди таълими харажатини тўлиқ ўз зиммасига олади.

Манба: sports.ru, Жаҳонгир МИРЗО тайёрлади

Related to this topic: