Фабио Каннаваро: “Энди миллий жамоани ёшартиришни бошлаймиз…”

Ҳозиргинга ЎФА мажлислар залида Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди ва…

Италиялик мутахассис Жаҳон чемпионатидан кейин миллий жамоани тарк этиб, дам олиш учун Италияга кетгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

«Жаҳон чемпионатидан кейин дарҳол Италияга дам олиш учун кетди, деган гаплар ҳақиқатга тўғри келмайди. Мен мундиал якунига қадар Нью-Йоркдаги меҳмонхонада миллий жамоа билан бирга бўлдим. Суперлигада танаффус бўлгани учун уйимга бориб келдим. Чемпионат қайта бошланганидан кейин эса Ўзбекистонга қайтдим ва ўйинларни мунтазам кузатиб боряпман», — деди Каннаваро.

Шунингдек, мураббий миллий жамоанинг асосий камчилиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

«8–9 ой олдин ҳам мавжуд муаммолар ва футболчиларимиз даражаси ҳақида гапиргандим. Биз доимо интенсивлик масаласига эътибор қаратдик. Футболчилар юқори темпда ўйнаши кераклигини таъкидлаб келганман. Жаҳон чемпионатида ўйин суръати жуда юқори бўлишини олдиндан билардим. Балки кўпчилик мундиалда қийналмаймиз деб ўйлагандир, аммо мен бу ҳақда аввалдан огоҳлантиргандим», — дея қўшимча қилди мутахассис.

***
Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи ўз маоши ва мураббийлар штаби ҳақида очиқ гапирди.

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро матбуот анжуманида ўзининг маоши ҳақидаги тарқалган хабарларга муносабат билдирди. Италиялик мутахассиснинг айтишича, оммавий ахборот воситаларида тилга олинаётган рақамлар ҳақиқатга мос эмас.

«Менинг маошим 4 миллион евро эмас. Ҳатто мураббийлар штабидаги айрим мутахассисларнинг маошини ўз чўнтагимдан тўлайман. Ёрдамчи мураббийим Роландо Бянки эса умуман текинга ишлаш учун келган», — деди Каннаваро.
***
Бош жамоамиз устози жаҳон чемпионатида дарвозабонларнинг ўйини ҳақида гапириб ўтди.

«Мундиалда барча дарвозабонларимизга имкон беришни истагандим. Афсуски, бунинг иложи бўлмади.Неъматовни танқид қилаётганларимни тушуниш мумкиндир. Лекин унинг мусобақагача бўлган ўйинларини эсдан чиқариб бўлмайди. Футболчимиз ишончли ҳаракат қилгани учун унга ишонч билдирдик. Жаҳон чемпионатидаги хатолар эса тажриба билан боғлиқ. Масалан, Каримовни асосий таркибда туширганим биз учун фойдали бўлгандир. Шунингдек, 2-турда дарвозабонни алмаштирганим ҳам хато эди дейиш мумкин», — деди Каннаваро.

****
52 ёшли италиялик мутахассис ЖЧ-2026да  3 нафар марказий ҳимоячи билан ўйнашга мажбур бўлганини айтиб ўтди.

«Очиғини айтсам, Алиқулов менинг мундиал олдидан ўйлаб қўйган режаларимни ўзгартириб юборди. Унинг жароҳати сабаб тактик ўзгартиришга қўл урмасликка қарор қилдим. Мен шу пайтгача фақатгина «Удинезе»да 3 нафар марказий ҳимоячи билан ўйнаганман. Қолган барча ишлаган жамоамда асосан 2 нафар марказий ҳимоячи майдонга тушарди. Асосий тактик схемам 4-3-3 кўринишида бўлган. Бизда 4 ҳимоячи билан ўйнаш ҳужумдаги имкониятларимизни ҳам оширади. Шунингдек, Осиёда ҳам Португалия ёки Колумбия даражасидаги жамоалар йўқ. Шундай экан, фалсафий қарашларимизни ривожлантирган ҳолда шу йўсинда давом этишиимиз керак. Сентябр ойида барча ёш тоифасидаги мураббийлар билан учрашишни режа қилганман. Сабаби, футболчиларимизга болалигиданоқ қандай футбол ўйнаш кераклигини тушунтириб бориш муҳим», — деди Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи.

***
Термамизнинг италиялик “бошқарувчиси” таркибда ёшартириш ишлари бошланиши ҳақида гапириб ўтди.

«Бундан кейин футболчиларни олдинги хизматлари учун таркибга киритмайман. Бу мен учун ўзига хос дарс бўлди. Масалан, мен жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги хизматлари учун кўплаб футболчиларни олиб кетишга қарор қилгандим. Энди миллий жамоани ёшартиришни бошлаймиз. Олдинлари миллий жамоада 22-23 нафар футболчи танлаб олинарди ва ўша таркиб билан йиғин ўтказиларди. Бошқа футболчиларда эса миллий жамоада тўп тепиш учун деярли имкон бўлмаган. Шунга қарамай, менинг қарашларим бошқача. Мен барчага имконият бераман, ҳатто у 17 ёшда бўлса ҳам», — деди Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *