Англия. АПЛ 4-туридан ўрин олган «Манчестер Сити» - «МЮ» ўйини 3:0 ҳисобида якунланди. Асосийси, «шаҳарликлар» сафида илк дақиқалардан майдонга тушган ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов ҳимояда мустаҳкам туриб, ғалабага муносиб ҳисса қўшди. Тўлиқ вақт фаол ҳаракатланган легионеримиз бежиз Хосеп Гвардиоладан мақтов олмади. «Кейинги 11 ой давомида ҳар уч кунда ўйнаймиз. Агар Ҳусанов барчасида ўнг қанот ҳимоясини ёпишини ўйласангиз, хато қиласиз. Бунга бирор футболчи бардош бериши мумкин эмас. Ҳа, унинг жисмоний ҳолатини яхши биламан, ҳали жуда ёш, баъзи нарсаларни янада чуқурроқ ўрганиши керак. Муҳими, Ҳусановнинг тезлиги жуда юқори. У бугун ўз қанотини ишончли ёпди, бехато ҳаракатланди. У шижоати туфайли баъзида нотўғри қарорлар қабул қилиши мумкин. Барчасининг чораси - вақт. Қисқаси, Ҳусанов аъло даражада ўйин кўрсатди», - деди испаниялик 54 ёшли мутахассис.
Туркия. Элдор Шомуродов «Бешиктош» ва «Истанбул Башакшеҳир» ўртасидаги дерби ўйини (Суперлига 5-тури)да ниҳоят, Туркиядаги голлари ҳисобини очди. Миллий жамоамиз сардори 71-дақиқада «Башекшеҳир»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди - 1:0. Бироқ меҳмонлар кейинчалик 2та гол қўйиб юбориб, якунда мағлубликни тан олишди - 1:2. 85-дақиқада захирага олинган Шомуродовнинг ҳаракатлари Sofascore портали томонидан 7,6 баллга лойиқ кўрилди. «Истанбул» вингери Аббос Файзуллаев эса 90+3-дақиқадагина ўйинга қўшилди ва 6,7 балл олди. Мазкур учрашувда «Башекшиҳир»ни майдонга бошлаб тушган Марко Пеццаюоли матбуот анжуматида Элдор Шомуродовга ҳам тўхталди: «Ҳужумчимиз биринчи голини урганидан хурсандман. Бу Шомуродовга ишончи бағишлайди. Ўйлайманки, жамоа янги бош мураббий Нури Шахин қўл остида янада яхши ўйнаб, ижобий натижаларга эришади». Шомуродовнинг ўзи ҳам янги мураббий билан ишлаш онларини кутаётганини таъкидлади: «Бугун ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин эди. Бутун вақт давомида яхши ҳаракатландик. Фақат сўнгги дақиқаларда концентрацияни йўқотиб, 2та гол қўйиб юбордик. Ўзимга келсак, маълум муддат гол уролмадим, энди ўзимни яхши ҳис қилмоқдаман. Яхши кунларни бошдан кечирмаяпмиз, лекин янги мураббийни кутяпмиз. Ишонаманки, Шахин билан вазиятни ўнглаймиз». Хуллас, «Истанбул Башакшеҳир»ни кейинги ўйинларга 37 ёшли Нури Шахин тайёрлайди. 2021-2023 йиллар давомида «Анталияспор»га устозлик қилган мутахассис «Истанбул Башакшеҳир» билан шартнома бандлари бўйича келишувга эришди.
Бельгия. Забиҳилло Ўринбоев бир бўлим ўйнаган баҳсда «Антверпен» мағлубиятни тан олди. Гап Бельгия Юпилел-лигаси 7-туридан ўрин олган «Гент»га қарши учрашув ҳақида кетмоқда. Ҳамюртимиз 1:2 ҳисобида якунланган учрашувда захирадан майдонга тушди иккинчи бўлим бошида.
Эрон. «Персеполис» ва «Фулад» ўртасидаги ўйинда ғолиб аниқланмади -1:1. Про лига 3-туридан ўрин олган учрашувда «Персеполис» ярим ҳимоячиси Остон Ўрунов танаффусдан сўнг майдонга тушган бўлса, «Фулад» дарвозабони Ўткир Юсупов жароҳат туфайли четда қолди. «Тракторсози» эса «Алюминиум Арак»га қарши учрашувни 4:1 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилди. Жамоа ярим ҳимоячиси Одил Ҳамробеков учрашувнинг 79-дақиқасида захирадан майдонга тушди.
БАА. Ўзбекистон миллий жамоаси ярим ҳимоячиси Азиз Ғаниев «Ал-Батеҳ»нинг «Ажман»га қарши ўйини (БАА Пролигаси 3-тури)да тўлиқ вақт тўп сурди. Бироқ унинг клуби ягона гол туфайли мағлубиятга учради. Акмал Мозговойнинг жамоаси «Бани Яс» ҳам 3-турда енгилди - «Шабаб ал-Аҳли»га қарши учрашув тақдирини 1тагина гол ҳал қилди. Майдонга 79-дақиқагача тўп сурган ҳамюртимиз 6,8 баҳо олди (Sofascore портали талқини).
Озарбайжон. Мамлакат Премьер-лигаси 4-тур доирасидаги «Нефтчи» - «Сабаҳ» ўйинида 0:0 ҳисоби ўзгармай қолди. Меҳмон жамоа ярим ҳимоячиси Умарали Раҳмоналиев бу учрашувга 46-дақиқада қўшилди ва чакки таассурот қолдирмади.
Қозоғистон. ҚПЛ 23-турида «Атирау»га 0:1 ҳисобида ютқазди. Яқиндагина Костанай клуби билан шартнома тузган Шаҳбоз Умаров 71-дақиқада захирадан майдонга тушди.
Индонезия. «Персита Тангеранг» маҳаллий чемпионатнинг 5-турида «Макассар»ни қабул қилиб, 2:1 ҳисобида устун келди. Ғолиб жамоа ҳимоячиси Жавлон Гусейнов бошланғич таркибдан жой олди ва тўлиқ вақт тўп сурди.
Score90.com сайти экспертлари барча қитъаларнинг энг кучли ва қимматбаҳо футболчиларидан ўзига хос рамзий терма жамоалар тузиб чиқишди. Осиё элит таркибидан ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов ҳам жой олди.
Осиё рамзий терма жамоаси (score90.com сайти талқини)
Дарвозабон: Зион Сузуки («Парма»|Япония) - 20 млн. евро
Ҳимоячилар: Хироки Ито («Бавария»|Япония) - 25 млн. евро; Ким Мин Чже («Бавария»|Ж.Корея) - 40 млн. евро); Абдуқодир Ҳусанов («Манчестер Сити»|Ўзбекистон) - 35 млн. евро; Такехиро Томиясу («Арсенал»|Япония) - 18 млн. евро
Ярим ҳимоячилар: Рицу Доан («Айнтрахт»|Япония) - 25 млн. евро; Ватару Эндо («Ливерпуль»|Япония) - 8 млн. евро; Ли Кан Ин («ПСЖ»|Ж.Корея) - 25 млн. евро
Ҳужумчилар: Каору Митома («Брайтон»|Япония) - 40 млн. евро; Сон Хюн Мин («Лос-Анжелес»|Ж.Корея) - 20 млн. евро Такефусо Кубо («Реал Сосьедад»|Япония) - 30 млн. евро
Аббос Файзуллаев эса ёзги трансферлар вақтида РПЛ клублари томонидан сотилган энг қимматбаҳо футболчилар қаторида 2-ўринни эгаллади - 7,5 млн. евро. 1-ўринда «Динамо»дан «Фламенго»га ўтган ярим ҳимоячи Хорхе Карраскаль (12,5 млн. евро)