Ўзбекистон олтин захирасини кўпайтиришда ОКМК (ишлаб чиқариш комбинати маъносида)нинг ўрни беқиёс эканлиги барчага маълум. Демакки, Олмалиқда олтин қадрини бошқа жойларга нисбатан яхшироқ билишларини айтсак, асло муболаға бўлмайди. Шу нуқтаи назардан олтин қадри яхши маънода Олмалиқ тақдиридир! Қарангки, жорий мавсум Суперлигада ҳам «олтин» тақдири айнан Олмалиқда ҳал бўлади, чоғи. Бинобарин, «Нефтчи» ўзи учун бир томонлама финал мақомидаги учрашувда ОКМК устидан бир амаллаб ғалаба қозонди. Шу тариқа «Насаф» ва «Нефтчи» ўртасидаги 2 очколик фарқ, демакки, чемпионлик учун кураш «интрига»си сақланиб қолди.
Мухлисларга яхши маълумки, ОКМК Суперлига 24-туридаги муҳим ўйинда «Қўқон-1912»га имкониятни бой берганди. Олмалиқ клуби ФИФA кунларидан аввал ўтказилган ўша учрашувни ўз майдонида ўтказган ва аутсайдерлардан бирига ютқазганди. Миржалол Қосимов шогирдлари 25-турда эса сафарда тўп суришди, шунга қарамай, чемпионликдан умидвор «Нефтчи»га жиддий қаршилик кўрсатишди. Демоқчимизки, ОКМКнинг сўнгги икки турдаги ўйини бир-биридан анчайин фарқланди. Бошқача ифода этсак, ОКМК Суперлигадаги исталган жамоага ноқулай рақиб ҳисобланади. Ўз ортидан изма-из келаётган «Нефтчи»нинг оловли нафасини ҳис қилиб турган «Насаф» кейинги тур ўйинини Олмалиқда ўтказишини ҳисобга олсак, бунинг «юк»и тоғ қадар залворли эканлиги аён бўлади. Нима, ОКМК ўз майдонида яна ютқазадими? Миржалол Қосимовни қўя турайлик, клуб мутасаддилари, футболчилар ва мухлислар ҳам буни хаёлларига келтирмасликлари аниқ. Фарғонада кураш қанчалар қизғин кечганини, Жавоҳир Илёсов 11 метрлик жарима нуқтасидан йўллаган зарбани тўсишни нақадар истаганини, Жамшид Искандаров йўллаган тўпни қайтариш эҳтимоли бўлганини барча кўрди. Бундан хулоса қилиш мумкинки, ОКМК 26-тур учрашувида янада жипсроқ, аввалгиданда кучлироқ иштиёқ билан майдонга тушади.
Хўш, «Насаф»чи? Рўзиқул Бердиев жамоаси ўта кескин ва қизғин қаршиликка руҳан тайёрми? Фикримизча, «аждарлар» ҳам Олмалиққа теварак-атрофни ғалаба ҳавоси билан тўлдириш мақсадида ташриф буюришади. Зеро, ҳозирданоқ жамоанинг етакчи футболчилари келгуси мавсум олдидан бошқа томонларга кетишлари ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Табиийки, улар шундоққина кўзга кўриниб турган чемпионлик унвонидан осонгина воз кечишмайди ва бўйниларига яна бир бора олтин медаль тақишни хоҳлашади. Таъбир жоиз бўлса, 26-турдан ўрин олган ОКМК ва «Насаф» ўртасидаги марказий учрашув Суперлиганинг ўзига хос финалидир. Aлбатта, 26-турда чемпионлик учун кураш масаласига «Шўртан» ҳам аралашади. Ҳар ҳолда, «Aнди-жон»га очиқ-ошкора ҳамла қилишдан тоймаган, бироқ яраланган шер ҳолига тушган Ғузор клуби ўз майдонида «Нефтчи»ни сийлаб ўтирмаса керак. Яъни «Шўртан» Про лигага тушиб кетиш арафасида лоақал вилоятдоши яна чемпионлик тахтига кўтарилишига муносиб ҳисса қўшиш учун жонбозлик кўрсатади. Хуллас, «Насаф»га Олмалиқда қанчалик қийин бўлса, «Нефтчи»ни Ғузорда бундан-да оғирроқ ўйин кутмоқда.
«Насаф» Суперлига 27-30-турларида ҳам нисбатан қийин ўйинларга дуч келади. Бинобарин, Бердиев жамоаси «Навбаҳор», «Машъал», «Пахтакор» ва «Динамо» билан куч синашади. «Нефтчи»нинг рақиблари эса мос равишда «Сурхон», «Бухоро», «Қизилқум» ва «Хоразм». «Насаф» мураккаброқ вазиятда турганининг яна бир сабаби шуки, жамоа 27-турда Наманганга сафар уюштиради. «Навбаҳор» эса 25-тур ўйинини мухлислари кўз ўнгида «Бунёдкор»га бой берди. «Марказий» стадионидаги яна бир мағлубият «лочинлар» ва талабчан мухлислар ўртасидаги муносабатларни мураккаблаштириб юборади. Қолаверса, наманганликлар чемпионлик учун курашаётган «Нефтчи»ни астойдил қўллаб-қувватлаш учун ҳам «Насаф»га қарши аёвсиз «жанг»га киришишлари турган гап. Кўриниб турибдики, «Нефтчи»нинг охирги турлардаги рақиблари нисбатан кучсизроқ саналган аутсайдер жамоалар. Бироқ бу ҳолат Виталий Левченко жамоаси бошига чемпионлик қуши қўниб турганини англатмайди асло. Негаки, Суперлига турнир жадвалида 14-ўринни банд этиб турган «Машъал» ва 8-поғонада жойлашган «Сўғдиёна» ўртасидаги фарқ - 8 очко!
Бир қарашда, 8-9-ўринлардаги «Сўғдиёна» ва «Қизилқум»ни 14-15-қаторда тасаввур қилиш қийин. Лекин Суперлиганинг кейинги турларида воқеалар қандай ривожланишини ҳеч ким олдиндан аниқ айтолмайди. Демоқчимизки, 8-13-ўринлардаги исталган жамоа якунда 14-13-қаторга тушиб қолиши ҳеч гап эмас. Ҳозирги вазиятда бу жамоаларнинг барчаси аутсайдер мақомида ва «Нефтчи» ҳар бирининг жиддий қаршилигига учрайди. Аутсайдерликнинг жазаваси еврофутболда ҳам, Суперлигада ҳам табиатан бир-бирига ўхшашдир. Ла Лига аутсайдери «Жирона» ва турнир етакчиси «Барселона» ўртасида ниҳоятга асабий кечган учрашув фикримизга яққол мисол. Ўйин якунланганидан кейин «Барселона» суперюлдузлари ғалабани шундай нишонлашдики, мухлисларда беихтиёр савол туғилди: «Нима, булар ЧЛ кубогини ютишдими?» Аутсайдер жамоа Ла Лига етакчисини ҳаддан зиёд терлатди, қийнади, сўнгги сонияга қадар югуртирди. «Нефтчи» савия бобида «Барселона»дан анчайин кам бўлса, камдирки, аммо «Шўртан» курашувчанлик масаласида «Жирона»дан қолишмайди асло. Буларнинг барчаси Суперлиганинг кейинги турлари кескин ва курашларга бой кечиши, чемпионлик учун яққол фаворит ҳисобланган ҳар икки жамоага осон бўлмаслигидан далолатдир.
Тўғри, «Пахтакор»да ҳам 1-ўринга чиқиш имконияти мавжуд. Бироқ «Насаф» ва «Нефт-чи» амалда бунга йўл қўймаслиги эҳтимоли жуда юқори. «Пахтакор» 29-турда «Насаф»ни енгган тақдирда ғалаба кўроқ «Нефтчи» учун фойдали бўлиб чиқса керак. Кези келганда Камолиддин Тожиев «шерлар» руҳиятини бутунлай ғалаба ўзани сари буриб юборганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Сеск Фабрегас таркиб масаласида у қадар мақтанолмайдиган «Комо» руҳиятига ғалаба иштиёқини қанчалар кучли сингдираётган бўлса, Камолиддин Тожиев аслан Суперлига авангарди саналмиш «Пахтакор»ни янгича услубда наъра торттирмоқда. «Комо» «A» серия байроқдорларидан бири «Ювентус» довруғини ҳеч бир писанд қилмай, ишонч билан ғалаба қозонган бўлса, Игор Сергеев «Қизилқум» дарвозасига белгиланган икки пенальтини ҳеч иккиланмай аъло даражада бажарди! Бу - Камолиддин Тожиевнинг хизмати! Миллий жамоамиз таркибида ҳам пенальти тепиш масъулияти балки Сергеевга топширилар?! Буниси энди Фабио Каннаваро ҳукмига ҳавола! Ҳар ҳолда, Камолиддин Тожиев таркиб танлаш ва ўйин сценарийсини қуришда ўз кучи, билими ҳамда малакасига ишонаётгани яққол сезилмоқда. У айни шу жиҳат бўйича Рўзиқул Бердиев ва Виталий Левченкодан устунроқдир. Aгар Камолиддин Тожиев шу устунлик эвазига кейинги 5та учрашувда ҳам «Пахтакор»ни қатъий ғалаба сари бошласа, Рўзиқул Бердиев ва Виталий Левченко руҳиятида танглик ҳолати кузатилса, Суперлига турнир жадвалида 1-ўрин учун кураш янада кескинлашади.
Муҳтарам мухлис, «олтин»нинг тақдири Олмалиқда ҳал бўлиши мумкинлиги билан боғлиқ тахминий мулоҳазаларни бежиз билдирмадик. Мутолаа жараёнида сездингизки, олтин медаль тақдири масаласига «Динамо» ёки «Хоразм» ҳам аралашиши мумкин. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Биз эса сиз билан бирга воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз!
Муҳаммад ВАЛИ