Абдуқодир Ҳусанов талаш бўлади, чоғи

Абдуқодир Ҳусанов талаш бўлади, чоғи

Франция чемпионати кашфиёти Абдуқодир Ҳусановга даъвогар клублар сафи тобора кенгаймоқда.

«Ланс»нинг 20 ёшли ҳимоячисига эътибор қаратаётган жамоалар орасида Лига 1 гранди «ПСЖ»дан ташқари, АПЛ, Ла Лига, ва Бундеслига иштирокчилари бор.

АПЛдан нақ етти клуб

The Telegraph хабарига кўра, Абдуқодир Ҳусановни АПЛнинг нақ 7та клуби кузатмоқда. Жумладан, «Тоттенхэм» ва «Ньюкасл»нинг қизиқиши анча жиддий. Таъкидланишича, ҳар икки клуб январдаёқ ёш футболчимизни сотиб олишга уринади. Нашрда қўшимча қилинишича, Абдуқодирнинг трансфери потенциал харидорларга чамаси 25 млн. фунтга тушиши мумкин.

«ПСЖ» эътибори

Foot Mercato хабарига қараганда, Париж гранди қишки трансферлар бозорида марказий ҳимоячини мус-таҳкамламоқчи. Асосий «нишон»лардан бири - Абдуқодир Ҳусанов. Тахмин қилинишича, 20 ёшли футболчимиз учун асосан «ПСЖ» ва «Тоттенхэм» ўртасида кураш боради. «Ланс» эса Ҳусанов трансферини 40 миллион еврога баҳоламоқда. 

«Атлетико» ҳам бор

Франциялик журналист Муҳаммад Тубаче-Тер хабарига қараганда, Абдуқодир Ҳусановга қизиқаётган клублар кўплиги «Ланс» раҳбариятини анча шошириб қўйди. Чунончи, ҳамюртимизни Лига 1нинг ўзида «ПСЖ»дан ташқари, «Марсель» ҳам кузатув остига олган. Тубаче-Тернинг айтишича, бу пойгага «Атлетико» ҳам қўшилди. 

Кучли учлик

Ҳусанов айни пайт Европанинг кучли 5та лигасида ўйнаётган 23 ёшдан кичик футболчилар орассида ҳимоавий ҳаракатлар бўйича топ-3да бормоқда.

Иккинчи юқори натижа

Европанинг кучли лигаларида тўп сураётган 21 ёшгача бўлган марказий ҳимоячиларга қарасак, Абдуқодир Ҳусанов узатмани узиб қўйиш (интерсепция) бўйича 2-юқори кўрсаткичга эга. 

1. Леви Колвилл («Челси», 21 ёш) - 56

2. Абдуқодир Ҳусанов («Ланс», 20 ёш) - 53

3. Кристиан Москера («Валенсия», 20 ёш) - 46

Дисквалификация муддатини ўтаган Абдуқодир Ҳусанов «Ланс»нинг «Реймс»га қарши сафар ўйини (Лига 1 13-тур)да тўлиқ вақт ҳаракатланди ва 2:0 ҳисобидаги ғалабага муносиб ҳисса қўшди. 20 ёшли ҳамюртимиз ҳаракати Sofascore портали томонидан 7,4 баллга муносиб кўрилгани (ўйиндаги 2-юқори баҳо) ҳаммасини кўрсатиб турибди.