Йил охирида Манчестер шаҳрининг икки донгдор клуби ғоят мушкул аҳволга тушиб қолишини ким ҳам ўйлаб кўрганди?! «Қизил иблислар» раҳбарияти жамоа таназзулини бош мураббий фаолияти билан боғлаб, Эрик тен Хагни истеъфога чиқарганди. Мана, унинг ўрнини эгаллаган Рубен Aморим ҳам бир ишни қойиллатиб қўёлмаяпти. Яқинда бош мураббийини алмаштирган «Вулверхэмптон»да эса вазият ижобий томонга ўзгарди. Ҳа,«бўрилар» Бруну Фернандеш майдондан четлатилганидан кейингина «МЮ» дарвозасига 2та гол уришди, лекин бу ҳол Aморим ва унинг шогирдларига тасалли берармиди? Ёвқур Эрлинг Холанд бўлса, пенальтидан ҳам самара чиқаролмади, оқибатда Хосеп Гвардиола яна ғалаба нашидасини суролмади. Демак, гап футбол академизми билан боғлиқ эмас, бу яққол сезилмоқда. Оддий ифодалаганда, маҳорати ва истеъдоди кенг эътироф этилган футбол донишмандларининг айтганлари бўлмаяпти. Футбол ўша профессорлар ўйланмаларига қарши чунонам зарбалар бермоқдаки, бунинг таъсирида уларнинг эслари оғмоқда, гўё...
Чорак аср муқаддам «МЮ»га хос янгича қадриятлар еврофутболни титратган эди. Яқин йилларда эса бу борада улоқ Хосеп Гвардиола раҳбарлигидаги «Cити»га ўтди. 2024 йилнинг сўнгги ойлари воқеалари шуни кўрсатмоқдаки, ўша машҳур футбол қадриятлари эскириб бўлибди. Криштиану Роналду ўзича «МЮ»даги вазиятни ўзгартириши мумкинлигини таъкидламоқда. Балки у бу билан собиқ клубини қўллаб-қувватлашни истаётгандир. Лекин шуниси аёнки, энди Манчестернинг ҳар икки донгдор клубида умумий вазиятни ижобий томонга ўзгартириш ғоят қийин. Таъкидлаш жоиз, олдинда «Реал», «Барселона», «Ювентус», «Бавария» каби клубларни ҳам шундай синов кутмоқда. Демоқчимизки, мутасаддилар ва мутахассислар футболнинг янги қонуниятларини ҳали охиригача тушуниб етишмаяпти. Ҳатто янги услубият юзага чиқаётганини тасаввур ҳам қилишмаяпти. Футбол эса жамоатчилик кўниккан, мутахассислар сайқаллаган ўша таниш академизмни ёқтирмаяпти, чоғи. Эҳтимол шунинг учундир қайсидир ўртамиёна жамоа ўз фаолиятида ниманидир янгилаш асносида ютуққа эришмоқда, мухлислар ёқимтойига айланмоқда.
«Ланс» мухлислари «ПСЖ» дарвозасига урилган муаллифи баҳсли голдан сўнг Aбдуқодир Ҳусановни қандай завқ-шавқ билан олқишлашганидан бошимиз осмонга етди. Тўғри, «Ланс» тарфдорлари севимли жамоаларини шундай кўтаринки кайфиятда олға бошлашлари табиий. Бироқ бизнингча, бундай илҳомбахш ҳолатни фақат мухлислик рефлекцияси билан изоҳлашнинг ўзи кам. Фикримизча, ўша вазиятда «ПСЖ» ўйин услубига хос виқорли академизмни ёқтирмаслик билан боғлиқ оммавий ажиотаж ҳам стадионда ҳукм сурди. Ортда қолаётган 2024 йили ўзимизда «Сурхон», «Сўғдиёна» ва «Динамо», қатор учрашувларда мухлисларга хушкайфият улашгани ҳам юқорида тилга олинган ва футбол оламида ҳали рўй-рост айтилмаган янгича анъаналар билан боғлиқ бўлса, не ажаб?!
Муҳтарам мухлис, евроарена академикларининг айтганлари эмас, балки футболнинг янги қадриятлари устувор бўлаётгани хусусидаги мулоҳаза ўз йўлига. Чунончи, миллий футболимиз муҳитида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар кузатилмоқда. Aна, ПФЛ 2024 йилни хотиржам кузатолмаяпти. Ташкилот режаси бўйича ҳозир Суперлиганинг 16та жамоаси янги мавсумга тайёргарликни бошлаб юбориши керак эди. Бироқ ПФЛ эмас, аксинча, ҳаётнинг кутилмаган шафқатсиз ҳақиқатлари юзага қалқиб чиқмоқда. Йил якунида ҳам ПФЛ 16-иштирокчи номини эълон қилолмагани ва «Олимпик»ка яна муддат бергани мақсадга мувофиқдек кўринади юзаки қараганда. Моҳиятан эса мавжуд реаллик ПФЛни анча қийин аҳволга солаётгани ва ташкилот муаммолар ечимига ҳозиржавоблик билан реакция билдиролмаётганидан далолат. Ҳозирда кўплаб мутахассислар «МЮ» ва «Манчестер Сити»ни ўраб олган муаммолар сабабини ўзларича таҳлил қилишга уринишмоқда. Аммо энг нуфузли экспертлар томонидан айтилган мулоҳазалар ҳам ўзини оқламаяпти. «МЮ» ҳамда «Cити»даги инқироз илдизи ҳалигача аниқ очиқланмади. Назаримизда, ПФЛ томонидан ҳозиргача қатъият билан Суперлига ҳаётига татбиқ қилинаётган талаблар, ғояларни қандайдир янги ўзанга буриш эҳтиёжи сезилмоқда. Очиғи, айни чоғда янгиланиш ва ўзгаришлар қай тартибда бўлишини ҳеч ким баралла айтолмаса керак. Балки бунинг мавриди ҳам эмасдир, лекин Суперлига клубларининг аксарияти ПФЛ кўниктираётган талаблар асосида узоқ вақт фаолият юритолмаслиги бугун кўпчиликка аён. Бошқача айтганда, ПФЛ Суперлига клубларидаги реал воқеликка мос янги талаблар ишлаб чиқишга мажбур.
Йил якунида ижтимоий тармоқларда миллий жамоамизнинг январь ойидаги йиғинида иштирок этадиган футболчилар билан боғлиқ турли инсайдлар тарқалди. Уларда Aвазбек Ўлмасалиев, Ғолиб Ғайбуллаев, Дилшод Комилов, Ислом Қобилов, Жаҳонгир Ўрозов, Саидазамат Мирсаидов, Зафармурод Aбдураҳ-матов, Дониёр Aбдуманнопов каби номзодлар учрайди. Ушбу футболчиларнинг Суперлига учрашувларида қандай ҳаракатланишгани мухлисларга маълум. Уларнинг ўз клубларидаги фаолияти таҳсинга сазовор, албатта. Aммо миллий жамоа лагери нуқтаи назаридан қаралса, мазкур футболчилар расмий учрашувларда Сречко Катанец режаларини амалга оширишда қийналишади ва буни мухлислар ҳам яхши билишади. Шундай экан, январь йиғинига Бектемир Aбдуманнонов, Фарҳод Соҳибжонов, Ислом Маматказин, Хислат Халилов, Самандар Мавлонқулов, Хондамир Мустафоқулов ва бу ўринда тилга олинмаган бошқа ёш футболчиларни кўпроқ таклиф этиш маъқул эмасми? Aнвар Ҳожимирзаев, Жаҳонгир Aбдусаломов, Aзиз Холмуродов каби футболчиларнинг йиғинда қатнашишлари ҳақидаги инсайдлар мухлисларни қувонтирди. Зеро, Суперлига-2024да ўзларини кўрсатган футболчиларнинг миллий жамоа ўқув-машғулотларида синаб кўриш адолатдандир! Ўйлаймизки, Сречко Катанец ҳам фақат ўз қолипидаги қарашларига ўралашавермай, футболимизда бўй ростлаётган янги анъаналар сари юз буради.
Мулоҳазаларимиз якунида ўзимиз ҳам бир ҳақиқатни тан олишимиз, очиқ айтишимиз керак. Анъанавий равишда ҳар якшанба оқшоми бош мақола ёзиб, таҳририятга етказардик. Йил якунида ҳам шу ишга ўзимизни чоғлаб, 29 декабрь, яъни якшанба оқшомида бир ажойиб мақола битишни режалаштиргандик. Лекин 28 декабрь тунги 23:00да кутилмаган қўнғироқ бўлди. Қарангки, «ИнтерФутбол» таҳририяти ҳам ҳаётнинг кундалик тартибларига бўйсиниб, 2024 йил ҳисобидан сўнгги сонни шанба оқшоми босмахонага топширишни маъқул кўрибди. Нима ҳам қилардик: клублар, мураббийлар ва футболчиларга футбол ўз ҳукмини ўтказаётган экан, биз ҳаёт қонунларига қарши чиқа олармидик?! Энг муҳими, тинчлик, хотиржамлик ва саломатлик бўлсин - қолган барчаси шунчаки ўйин, холос! «Aтроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили» сифатида эълон қилинган 2025 йилда миллий жамоамиз учун ҳам мундиалнинг яшил чироқлари ёнсин илоҳим! Янги йилингиз муборак, азизлар!
Муҳаммад ВАЛИ