Коди Гакпо: «Ливерпул»нинг энг катта омади – Салоҳга эгалиги»

Коди Гакпо: «Ливерпул»нинг энг катта омади – Салоҳга эгалиги»

2022 йилнинг декабрь ойида ПСВ клубидан «Ливерпул»га трансфер қилинган Нидерландия миллий жамоаси ҳужумкор ярим ҳимоячиси Коди Гакпо ҳозирга қадар «қизиллар» учун 105та ўйинда 32та гол урди

Шундан нақ 10таси жорий мавсумга тўғри келаётгани футболчининг Арне Слот қўл остида мафтункор ўйнаётган ансамблга роса мос келганидан далолат. Ҳарқалай, Гакпо нафақат сермаҳсуллик намойиш этяпти, балки ўйинни ўзига олиш масаласида ҳам алоҳида ажралиб турибди. У Янги йил байрамида ҳам давом этадиган Англия чемпионати ўйинларида «қизиллар» билан муваффақиятли юришини давом эттирмоқчи.

- «Ливерпул»га келганингизга 2 йил бўлди. Шу вақт ичида ҳаётингизда нималар ўзгарди? Умуман, янги шаҳарда ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

- Ливерпулда ўтаётган ҳар бир дақиқадан ўзгача завқланяпман. Бу ерда 2 йил жуда тез ўтиб кетди. Чунончи, ортда қолган вақт давомида ҳаё­тимда жуда кўп муҳим воқеликлар кузатилди. Асосийси, салбий эмас, ижобий хотиралар кўпроқ, албатта. Ҳозир жамоа сафига қўшилган ҳар қандай янги йигит мени анчадан буён «Энфилд»да ўйнаётган футболчидек кўриши тайин. Ваҳоланки, «Ливерпуль» оиласига бор-йўғи 2 йилча олдин келдим. Айни пайт жаҳоннинг энг кучли клубларидан бирида эканлигимдан бағоят хурсандман. Умидворманки, бу ерда ҳали узоқ вақт фаолият олиб бораман. Назаримда, «Ливерпуль» жорий мавсум жамоа сифатида юқори даражада шаклланди. Табиийки, бу жараёнга ҳисса қўшаётганимдан мамнунман. 

- Энди «Тоттенхэм»га қарши кечган ва голлар шоусига айланган ўйин таассуротлари билан ўртоқлашсангиз...

- Ўша ўйин биз учун ўта муҳим аҳамият касб этди. Чунончи, чемпионат доирасидаги кетма-кет 2та дурангдан ке­йин ғалаба қозонишимиз шарт эди. Қолаверса, асосий рақобатчи - «Челси»нинг очко йўқотганини билган ҳолда майдонга тушдик. Демоқчиманки, турнир жадвалида устунликни ошириш имконияти юзага келганди. «Тоттенхэм» ўз уйида ўйнашини ҳисобга олсак, мезбонлар назарий жиҳатдан устунроқ кўрингани бор гап. Муҳими, майдонда бор кучимизни сарфлаб, якунда кўзланган ғалабани тантана қилдик. Ўйлайманки, мухлислар ҳам чиройли футболдан чинакамига яйрашди. Хуллас, бутун вақт давомида етарлича қулай вазиятлар яратдик ва якунда ҳақли равишда керакли натижа қайд этдик.

- Ҳужум нуқтаи назаридан қараганда, «Ливерпуль» шу куни фантастик ўйин кўрсатди. Аммо қўйиб юборилган 3та гол ҳимояда муаммолар борлигидан далолат бераётгандек...

- Ҳа, ҳақсиз, 6та гол урдик, аммо дарвозамиз олдидаги ҳужумларни бартараф этишда анча оқсадик. Менимча, биринчи голни шунчаки, омадсизлик ортидан қабул қилдик. «Тоттенхэм»нинг кейинги голлари эса ҳимояга эътиборни сусайтирганимиз оқибатида юзага келди. Ўша учрашув кўрсатиб бердики, мудофаа масаласида ҳали янада яхшироқ шуғулланишимиз керак. Тўғри, «Тоттенхэм» исталган рақибга қарши баҳсда хавфли вазиятлар яратадиган, ҳужумкор футболчиларга эга яхши жамоа ҳисобланади. Буни бизга қарши ўйинда ҳам тўлиқ исботлади. Аммо тан олишим керак, агар диққатни жамлаб ўйнаганимизда, рақиб дарвозамизни 3 марта ишғол қилолмасди. 

- «Шпорлар»га қарши учрашувдаги голлари эвазига «Ливерпуль» тарихидаги тўпурарлар рўйхатида 4-ўринга кўтарилиб олган жамоадошингиз Муҳаммад Салоҳни эътироф этиш масаласида қандайдир янги гап топиш мушкул...

- Очиғи, мен ҳам Салоҳга қандай таъриф бериш кераклигини билмайман. Ҳаммамиз гувоҳи бўлаётган ўзига хос ҳодиса - ёрқин истеъдод аслида нималарга қодирлигини тобора баралла кўрсатмоқда. Унинг голлари сони, самарали узатмалари миқдори, жамоадошлари учун қандай имкониятлар яратаётгани... Шунчаки, фантастика! Умуман, Салоҳда ўйинга оид барча ҳаракатлар ақл бовар қилмас даражада! Умид қиламанки, ҳали узоқ вақт бирга ўйнаш насиб этади. Айни дамда «Ливерпул»нинг энг катта омади - бу Салоҳдек беназир ижрочига эгалиги. Шундай ёрқин футболчи билан жамоа­дош эканлигимиз ва унга рекорд ортидан рекорд ўрнатишда ёрдам бераётганимиздан чинакамига фахрлансак бўлаверади.

- Салоҳ «Тоттенхэм» билан учрашувда ҳам «Гол+пас» тизими бўйича 3 балл ишлади...

- Ҳозирги спорт формасини назарда тутсак, табиий натижа. Рақиб футболчилари ўша куни Салоҳ ҳужумнинг марказий қисмидан жой олганини тезда пайқашди ва унинг йўлларини ёпишга уринишди. Биз эса бунга қарши тез-тез позиция алмашиб ҳаракатландик. Ўртамиздаги «рокировка» ҳам ўйин динамикасига ўзига хос ранг-баранглик бағишлади ва шунинг ортидан «Тоттенхэм» ҳимоячиларига етарлича хавф туғдирдик. Салоҳ шунинг баробарида жарима майдони ичида нақадар хавфли эканлигини яна бир бора кўрсатиб қўйди. Яхши томони, Салоҳ билан бир-биримизни жуда енгил тушун­япмиз, дейлик, қайси паллада позиция алмашиш зарурлигини биламиз.

- Навбатдаги турда ҳамюртингиз Рууд ван Нистелрой бошқарувидаги «Лестер»га қарши ўйин кутиб турибди. ПСВда бу мураббий қўл остида ўйнаган нидерландиялик сифатида бўлажак учрашув сиз учун алоҳида аҳамият касб этса керак.

- Ҳа, албатта. Ўз мамлакатимда ван Нистелрой қўл остида ишлаб, жуда кўп нарсалар ўргандим ва ундан бағоят миннатдорман. Айниқса, ПСВдаги охирги мавсум давомида Рууд кўп жиҳатдан шаклланишимга катта ёрдам бердики, буни ҳеч қачон эсимдан чиқармайман. Бир сўз билан айтганда, афсонавий ҳужумчидан таълим олиш мен учун шараф эди («Ливерпуль» -«Лестер» ўйини 3:1 ҳисобида якунланди, жумладан, Коди Гакпо ҳам 1та гол муаллифига айланди)

 - «Ливерпуль» учун энг яхши мотивация - ўйинларда ғалаба қозониб, турнир жадвалида устунликни янада мустаҳкамлаш. Эҳтимол, сизга қўшимча мотивация ҳам керак эмасдир...

- Ҳар ҳафта майдонга тушиш онларини сабрсизлик билан кутамиз. Асосий мақсад - ғалабаларни кўпайтириш асносида чемпионлик сари дадил қадам босиш. Тўғри таъкидладингиз, бўлажак баҳсларда шахсан менга қўшимча мотивация керак эмас. Чунки жорий мавсумга белгиланган мақсадимиз нималигини яхши биламан. Чемпионлик вазифаси эса имкон қадар ҳар бир ўйинда 3 очко олишимиз лозимлигини англатади. 

- Англияда иккинчи марта байрам кунлари майдонга тушасиз...

- Ҳа. Лекин бу муаммо эмас, ҳамиша юқори ритмда бўлишни маъқул кўраман. Шубҳасиз, ҳозир ажойиб спорт формасидамиз ва буни билган ҳолда майдонга тушиш янада кучлироқ завқ бағишлайди. Менимча, ҳар қандай футболчи жамоасининг ғолибона юриши давомида имкон қадар кўпроқ ўйнашни истаса керак.

 М.ПЎЛАТОВ тайёрлади