Холанддан зўрроқ ўйнаяпти ва катта трансферга тайёр...

Холанддан зўрроқ ўйнаяпти ва катта трансферга тайёр...

Яшин тезлигида ўзгариб турадиган ҳозирги замонда вақтинчаликдан доимийроқ нарса йўқ ибораси актуал бўлиб қолди

Хусусан, футбол мураббийларининг фаолияти аввалгидан янада қисқароқ. Ҳар қандай жамоада 5 йилдан кўпроқ ишлаган мураббий бугунги кадрлар қўнимсизлиги даврида ўта нодир намуна бўлиб қолмоқда. Бироқ мавжуд умумий мойиллик орасида истиснолар ҳам топилади. Европада ўз клубларида катта стажга эга бўлган амалдаги «динозаврлар» рўйхатини тобора ошиб бориш тартибида жойлаштирдик.

Исак ЕЧЛ плей-офф  ўйинларига муносиб

Яқинда англиялик ёш мутахассис Эдди Хау «Ньюкасл»да муаммоларга дуч келганида, унинг истеъфога чиқарилиши хусусида гап-сўзлар кўпайганди. Бироқ саъй-ҳаракатлари туфайли пухта шакл-ланган жамоа камчиликларни бартараф этди. «Ҳаккалар» ҳозир АПЛда 5-ўринни банд этиб, «Манчестер Сити»дан олдинда боришмоқда. Шунингдек, жамоа Лига Кубоги ярим финалининг дастлабки баҳсида «Арсенал»га қарши майдонга тушиб, Лондондан зафар (2:0) билан қайтди. Ўйиндаги ҳисобни очган швециялик ҳужумчи Исак, танаффусдан кейин Гордонни ассист билан таъминлаб, ғалабани мустаҳкамлади. «Тўпчилар» ҳужумни кучайтиришганда, «ҳаккалар» ҳимояга ўтиб олишди.

5-4-1, баъзан 5-5-0 схемасида ҳам сермазмун ўйин кўрсатиш мумкин. Бунинг учун Исакни захирага олишга тўғри келди, лекин бу пайтда Александер ҳисобдаги устунликни таъминлаб қўйганди. Дарвозага йўлланган 4та аниқ зарбанинг иккитасини голга айлантирган «ҳаккалар» ўз дарвозалари дахлсизлигини сақлаб қолишди. Айни паллада Исак Холанддан зўрроқ эканлигини эътироф этишга арзийдиган натижа. Норвегиялик бақувват касбдошидан фарқли равишда, швециялик ҳужумчи жамоа учун ўйнаш илмини яхши ўзлаштириб олган. Терма жамоада унинг Дьокерешдек сермаҳсул шериги бор.

«Арсенал» скаутлари  ҳужумчилар рўйхатига «тўққизлик» қидиришмоқда

Ўйиндан кейин Артета ҳужумнинг самарасизлигидан нолиди. «Тўпчилар»нинг 23 зарбасидан атиги 3таси аниқ бўлди, лекин Дубравка хатога йўл қўймади. Мартинелли эса чап қанотда ўта суст ўйин кўрсатди. Ҳозир унинг ўрнига Испания терма жамоасидаги Европа чемпиони Нико Уильямсни олиб келишмоқчи. Шунингдек, Кварацхелия ҳам тез-тез тилга олинмоқда. Бироқ уни неаполликлардан тортиб олиш осон эмас. Марказга ҳам кўпчиликни кўриб чиқишди. Осимхен ва Дьокереш варианти қониқтирмади, чунки улар бўшлиққа эга жамоаларда тўп суришган. «Тўпчилар»га эса жарима майдончаси марказида ўйнайдиган қирол ўйинчи керак.

Исак «Арсенал» талабини қондириши мумкин. Гарчи у «ҳаккалар» сафида 1-2та хатога йўл қўйган бўлсада, кескин вазиятларда ҳушёрликни йўқотмайди. Ҳозир Александер АПЛдаги голлари бўйича Холанддан ортда (13га 16) бормоқда, лекин у тўпни кўп назорат қиладиган «Сити»да ўйнамаслигини ҳам инобатга олиш лозим. Шунингдек, Исак сўнгги 9та ўйинда 10та гол ва 2та ассистни расмийлаштирган. У Гордон, Мерфи ва Жоэлинтонлар билан ажойиб комбинацияларни амалга оширади. Холанд эса ҳужумкор хавбеклар билан аввалгидек ҳамжиҳатликда тўп сура олмаяпти.

Исак топ-клубда муносиб ўйнай олишини аллақачон исботлаган ва камчиликларга барҳам бермоқда. Холанд эса «Сити» учун мураккаб бўлган ўйинларда муаммоларга дуч келмоқда. Тўғри, у иқтидорли ҳужумчи, гол машинаси. Лекин унга дадиллик етишмаяпти. Исак ҳам айрим учрашувларни талаб даражасида ўтказа олмади. Бироқ ҳозир Энди Коул ва Алан Ширердек «Ньюкасл» афсоналари мақомига кўтарилиб олди. Ортда қолган йилда Александер АПЛ доирасида 25та голни расмийлаштирди. Бошқа ҳужумчилар бундай кўрсаткич билан мақтана олмайдилар.

Англияда Исакни ҳозирнинг ўзида энг яхши марказий ҳужумчи дейиш мумкинми, деган саволни хуш кўришади. Бунинг аҳамияти йўқ. Савол воқеликни ўзгартирмайди. 25 ёшли ҳужумчи айни очилган даврини ўтказмоқда, камчиликлардан фориғ бўлишга интилмоқда. У «Боруссия Дортмунд»дан «Реал Сосьедад»га ўтган пайтида ҳам юксак маҳоратга эга эди. АПЛдаги 2,5 мавсум буни тасдиқлади. Энди Исак навбатдаги клубни тўғри танлаши лозим.

Таркибга «тўққизлик» излаётган Артетанинг безовталигини тушуниш қийин эмас. «Ньюкасл»га қарши ўйинлардан кейин ҳамма Микелни хато қилганликда айблайди. Букайо Саканинг жароҳатидан кейин чемпионликка хос таркибни шакллантира олмаса, имкониятни бой берган бўлади. Агар Исак «тўпчилар» сафига ўтса, жамоанинг зафарли юриши янада кучаяди. Чунки Александер ўз фаолиятида турли позицияларда самарали тўп сурганлиги юқорида баён этилди. Ўтган мавсумда у АПЛдаги энг яхши страйкерлар рўйхатидан жой олганлиги бежиз эмас, албатта.

Трансферлар жараёнида доимо ўйин суръатининг пасайиши хавфи юзага келади. Ҳатто Мбаппега ҳам «Реал»да ўз ўйинини топиб олиш осон бўлмаганди. Исак эса марказий ҳужумчи ролини талаб даражасида уддалаши лозим. Турли жамоалар таркибига мослашиб олиш учун анчайин қалтис вазифа. Гап-сўзлар кўпроқ «Арсенал» хусусида бўлсада, Исакни «Ливерпуль» таркибида тасаввур қилиш ўринли бўлади. Агар Гакпо чап қанотда қолиб, Диас ва Нуньес янги йилда бошқа жамоаларга ўтиб кетган тақдирда, Слот янги етакчиларга муҳтож бўлиб қолади. Колумбиялик ва уругвайлик футболчиларга кўз тиккан харидорлар етарли.

Александер жамоавий ўйинчи ва гранд сафида очилишига шубҳа йўқ

Бошқа жамоалардаги аниқ узатмалар соҳибларидан фарқли равишда, Александердан бу борада кўпроқ тер тўкиш талаб этилади. Швециялик ҳужумчи Холанд ва Жексонга нисбатан қарийб икки баравар кўпроқ узатмаларни амалга оширади. Зикр этилган ҳужумчилар тўп назорати бўйича АПЛда етакчи бўлган клубларда тўп сурадилар. «Ньюкасл» эса бу борада 10-жамоа. Исак тез-тез прессинг қўллашига тўғри келади. У тўпни навбатма-навбат ўнг оёғидан чап оёғига оширган ҳолда моҳирлик билан олиб юради, гавдаси ва узун оёқларидан самарали фойдаланади.

Майдондаги юриш-туриши ва муомаласидан Исак инжиқ табиатли эмас, ҳакамлар ва футболчилар билан деярли баҳслашмайди. Шунингдек, Швеция терма жамоасида Дьокереш билан жуда аҳил, доимо у билан ёнма-ён ўйнашга, ўзи 2-ҳужумчи ролини бажариб, шеригини қулай вазиятга чиқаришга интилади. Бироқ кўпинча унинг ўзи беихтиёр бўм-бўш дарвоза қаршисида пайдо бўлади. Бу эса позиция танлашдаги маҳоратидан далолат беради. Ҳар қандай ҳужумчи хатоликлардан холи эмас. Жорий мавсумда Исак 10та имкониятдан фойдалана олмади. Лекин Холандда, шунингдек, Салоҳда ҳам бу кўрсаткич 14га тенг. Демак, қаҳрамонимиз уларга нисбатан интизомлироқ.

Ҳа, «Ньюкасл»ни тарк этиш вақти келди. Бироқ Исак қишда кетишни истамаяпти. Сабаби, Фернандо Торресдек тажрибали ҳужумчининг «Ливерпул»дан «Челси»га қишда ўтиши омадсизликка олиб келганди. Хуллас, Александер чемпионлик курашига тайёр. Унинг аждодлари англиялик эмас, эритреялик бўлганликлари боис, трансфер қиймати рекорд даражада бўлмаса керак. «Ҳаккалар» савдони 150 млн. фунт-стерлинг билан бошламоқчилар. Бироқ бу қуруқ мақтанишдан ўзга нарса эмас. 

Эътиборли жиҳати шундаки, АПЛдаги 13та голини Исак фақат ўйиндан урган. Александер деярли барча зарбаларини яқин масофадан амалга оширган. Тўпни рақиб дарвозаси олдида кўпроқ олиб қўйган ҳужумчи фақат «Борнмут»да бор. АПЛдагилар тактика бобидаги эпчиллиги учун Гравенбех («Ливерпуль»), Кулушевски («Тоттенхэм») ва Исак («Ньюкасл»)ни танлаб олишди ва мақташди. Биз эса швециялик футболчига саломатлик ва омадли трансферни тилаймиз.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади