Бундай чиройли йўл камдан-кам футболчиларга насиб этади. Айниқса, йирик клубларда «қўнғироқдан қўнғироққача» ўйнаш қийин масала. Шунинг баробарида деярли ҳар йили жамоа алмаштирадиган футболчилар ҳам кўп эмас. Тўғри, ҳар ёзда янги шартнома умидида таклиф кутадиган «сайёр» футболчилар топилади, албатта. Жумладан, бугунги мақола қаҳрамони 27 йиллик профессионал фаолияти давомида нақд 32та клубда ўйнашга улгурган. Уругвайлик Себастьян Абреу шу натижаси ўлароқ, тарихга кирган.
***
Вашингтон Себастьян Абреу Гало (тўлиқ исм-шарифи) 1976 йилнинг 17 октябрь куни Уругвайнинг Минас шаҳрида туғилган. Болалигидан беқарор табиати билан ажралиб турган Себастьян футболга илк қадамларини жиноятчилик нуқтаи назаридан анча хавфли саналган она шаҳрининг чанг кўчаларида қўяди. Аввалига тенгдошлари билан шунчаки, вақт ўтказиш учун тўп ортидан югурган болакай орадан кўп ўтмай, футболга нисбатан кучли меҳр ҳис этади ва астойдил шуғулланишга қасд қилади. Шу аснода маҳаллий «Дефенсор» мактабида таҳсил олиб, 1994 йили профессионал фаолиятини айнан шу клубда бошлайди. Абреу бу жамоа сафида 2 йил тўп суради - 24та ўйинда 12та гол. 1996 йили эса уругвайлик ҳужумчи қўшни юрт - Аргентинага йўл олиб, «Сан-Лоренсо» клуби сафига қўшилади. Себастьян бу жамоада ҳам икки мавсум ўйнайди, асосийси, анча самарадор (жами 45та учрашувда 26та гол) ҳужумчи ўлароқ кўзга ташланади. Аргентинадаги муваффақият Абреунинг кучига куч, ишончига ишонч қўшади ва у ўз олдига еврофутболни забт этиш мақсадини қўяди.
***
Шу орада уругвайлик иқтидорли йигитга «Депортиво»дан аниқ таклиф ҳам тушади. Себастьян эса узоқ ўйланиб ўтирмай, Испания жамоаси билан шартнома тузади дарҳол. Бироқ илк уриниш омадсиз чиқади, яъни Ла-Коруньяда Абреунинг ишлари сира юришмайди. Оқибатда салоҳияти юқори баҳоланган ҳужумчи учун ижара сафарлари, ҳар йили клуб алмаштириш - саргардонлик бошланади. «Локо» (испанчада - «телба») лақабини орттирган Абреу шунга қарамай, ҳам клублар, ҳам терма жамоада сермаҳсул ўйнашда давом этади. Дейлик, у Уругвай миллий жамоасидаги 15 йиллик фаолияти мобайнида 2та мундиални кўради - 2002 йили Ж.Корея ва Япония, 2010 йили эса ЖАРда ўтказилган жаҳон чемпионати. Хусусан, Африкада меҳмон бўлган мундиалда жамоаси билан ярим финалгача етиб боради. Себастьян шунингдек, 1997, 2007 ва 2011 йилларда ўтказилган Америка кубоги финал босқичида қатнашади. 2011 йили эса турнир ғолибига айланади. Айтганча, «Эль-Локо» ЖЧ-2010 чорак финалида Гана термаси дарвозасига пенальтидан «паненька» услубида гол уриб, жамоасининг ярим финалга чиқишига катта ҳисса қўшганди. Умуман, Абреу Уругвай миллий жамоасидаги юришини 30та гол билан якунлайди. У бу натижа билан жамоа тарихидаги энг яхши тўпурарлар рўйхатида 4-ўринга жойлашган эди (маълумот учун, ҳозирги рекордчи Луис Суарес ҳисобида 68та гол бор). Бироқ 2011 йилнинг бошида Абреу томонидан миллий жамоа учун урилган голлар қайта ҳисоблаб чиқилади ва унинг статистикаси бироз пасайтирилади (26та гол).
***
Себастьян Абреу «Насьональ» клуби ва Уругвай терма жамоасига нисбатан муҳаббати билан ҳам алоҳида танилган. У қайси клубда ўйнамасин, ўз мамлакати бош жамоасига боғлиқ қайсидир элемент ёпиштирилган футболкада майдонга тушарди. Бундан ташқари, Абреу ҳар доим ўзи билан видеокамера олиб юриш ва шахсий архиви учун ўйинларни ёзиб олишга одатланган эди. Футболчи телбавор ҳаракатлари ортидан жабр ҳам кўради: Бразилиянинг «Фигейренсе» клуби сафида ҳаракатланган вақт «Фламенго»га қарши ўйинда формаси остидан «Ботафого» (яна бир собиқ жамоаси) майкасини кийиб олади. Боз устига, ўйин давомида «Ботафого» логотипини ўпади. Бундай хатти-ҳаракат учун ҳужумчи 1та ўйинга дисквалификация қилинади.
***
Қаҳрамонимиз 2016 йилнинг апрель ойида Сальвадорнинг «Санта Теcла» жамоаси бошқарувини қўлга олиш билан мураббийликка ўтади. Бироқ атиги 1 ойдан сўнг Сальвадорда мавсум якунланади ва Абреу кутилмаганда, футболчилик фаолиятини қайта тиклашини эълон қилади. 2019 йилнинг иккинчи ярмида эса ўз ватанида «Бостон Ривер» клуби либосини кияди. Декабрь ойига келиб, Абреу бу клуб бош мураббийи лавозимига тайинлангани ойдинлашади. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас: Абреу 2021 йили яна футболчиликка қайтади ва «Суд Америка» жамоасидаги 4 ойлик фаолиятдан кейин, 11 июнь куни бутсаларини расман михга илгани ҳақида баёнот беради. Шу билан «айтдим-қайтдим» ўйини тугамайди: Себастьян 23 сентябрь куни михга илинган бутсасини қайта кийиб, яшил майдонга қайтади. У бу сафар она шаҳри - Минаснинг «Олимпия»си шарафини ҳимоя қилишни лозим топган ва ягона ўйинда гол урганди. Хуллас, Абреунинг футболдаги бутун йўли шундай қизиқарли, ажойиб ва антиқа воқеаларга бой.
***
Мазкур мақолада жаҳонгашта футболчи фаолиятидаги энг қизиқарли ва эътиборга молик жиҳатларга тўхталдик иложи борича. Йўқ, саргузаштларга мойил футболчини қоралаш ҳам ноўрин. Зеро, Себастьян Абреунинг фаолияти анча ёрқин. Ҳар ҳолда, Уругвай терма жамоасида ҳам, клублар миқёсида ҳам сермаҳсул ўйин кўрсатиб, бир неча марта тўпурар мақомига эришган. Шунчаки, айтмоқчимизки, ҳар йили клуб алмаштирадиган, «у шохдан бу шохга» қабилида иш тутадиган футболчилар фаолияти ҳар доим ҳам Абреуники каби яхши чиқмайди.
ҲУМОЮНМИРЗО тайёрлади