Диққат қилинг, «Барселона» томонидан кимсан Лионель Мессининг вориси бўлишга номзод сифатида харид қилинган йигитча охирги 8 йилда 10-марта жамоа ўзгартирди. Қандай беқарорлик...
Охирги мавсумни «Рединг»да ўтказган хорватиялик ҳужумкор ярим ҳимоя яқинда инглиз клубини «Риека»га алмаштирди. Унинг Хорватияга қайтганини Англия жамоаси матбуот хизмати ҳам тасдиқлади. Қўшимча қилинишича, «Риека» Халилович учун пул тўламайди - текин трансфер. Шу тариқа Хорватия клуби 26 ёшли хавбек учун профессионал футболидаги 11-қўнимгоҳ бўлди. Айтиш жоиз, Аленнинг катта футболга қадам ташлаганига энди 10 йил бўлди.
Халилович илк марта 2012 йили Загребнинг «Динамо»сида кўзга ташланган. Натижада кўплаб грандлар истиқболи баланд кўринган ярим ҳимоячига даъвогарлик қилишди ва якунда «Барселона» ҳаммадан илдамроқ ҳаракатланиб, уни ўз сафига қўшиб олди. Бироқ Ален «кўк-анорранглилар» асосий таркибида бирор ўйин ўтказмади. Аввалига «Барса»нинг иккинчи жамоадаси тўп сурган Ален кейинчалик «Спортинг» (Хихон)да ижара муддатини ўтади. Халилович шундан сўнг «Гамбург» (Германия), «Милан» (Италия), «Лас-Пальмас» (Испания), «Стандарт» (Бельгия), «Херенвен» (Недерландия), «Бирмингем» ва «Рединг» (Англия)да ўйнади, бироқ ҳеч бирига ўрнашолмади. Қаранг, 10 йилда 7та мамлакатнинг 10та жамоасини кўрди - ҳақиқий «саёҳатчи»... Эҳтимол, Халилович энди Хорватияда яна жиддийлашиб, фаолиятини қайта жонлантирар...