Норвегиялик тўпурар Лондонда «Вест Хэм»га қарши кечган учрашувнинг 36-дақиқасида пенальти ишлади ва ундан ўзи фойдаланди, иккинчи бўлим ўрталарида эса якуний ҳисобни ўрнатди - 2:0. Хуллас, «Манчестер Сити» янги ҳужумчининг голлари билан яхши старт олди. Айтиш ўринли, «Сити» тарихидаги энг яхши тўпурар Серхио Агуэро (АПЛда 184та гол) ҳам «шаҳарликлар» либосидаги илк ўйинида 2та гол урганди. Эҳтимол, Холанд келажакда «Кун»ни энг яхши снайпер мақомидан маҳрум қилар ҳали... Эндиликда Серхио ҳам Эрлингнинг ўйинлари ва натижасини алоҳида кузатса керак.
Умуман олганда, Эрлинг Холанд дебют ўйиниданоқ гол уриш ҳадисини олган. Ҳар ҳолда, норвегиялик ҳужумчи бу ишни 6-марта амалга оширди. Яъни бундан олдин Норвегия кубоги, Европа Чемпионлар Лигаси, Германия Бундеслигаси ва суперкубоги доирасидаги илк ўйинида ҳам рақиблар дарвозасига йўл топганди.