Ҳакамлик: Майкл Оливер шунақа ўжар...

Ҳакамлик: Майкл Оливер шунақа ўжар...

АПЛ 6-туридан ўрин олган «Ноттингем Форест» - «Борнмут» (2:3) ўйинида камдан-кам кузатиладиган воқелик рўй берганди - мухлислар нафақат сермаҳсул ва муросасиз баҳс, балки бош ҳакам VAR тизими тавсиясини инкор этиб, ўз қарорини ўзгартирмагани гувоҳига айланишди.

 Аниқроқ айтсак, 45-дақиқада мезбон жамоа ҳужуми чоғи «Борнмут» ҳимоячиси кўксини қалқон қилган ҳолда тўпни гавдаси билан қайтаргач, рефери Майкл Оливер «нуқта»га ишора қилди. VAR тизими эса бош ҳакам қарорига қўшилмади ва уни вазиятни мониторда такроран кўришга чорлади. Оливер ҳаммасини қайта кўриб чиқди, аммо қарорини ўзгартирмади! Шу тариқа Бреннан Жонсон пенальтидан фойдаланиб, «Ноттингем»нинг иккинчи голини урди. Тўғри, меҳмонлар танаффусдан кейин тезда ҳисобни тенглаштирдилар ва сўнгги дақиқаларда ғалабани ўз томонларига оғдирдилар. Хўш, ким ҳақ эди - ҳакамми ёки VAR? 

АПЛ БОШҚАЧА, БАРИБИР...

Аксарият чемпионатларда ҳакамлар бу каби ҳолатларга мантиқан ёндашишга одатланишган: VAR видеотакрорни кўришга чорладими, демак, қандайдир хатолик ўтган. Рефери ўз қарорини ўзгартирмаса, янги тизимга бўйсунмаган ҳисобланади. АПЛда эса бундай ҳаракат қоида бузилиши билан тенгдир. Эътиборлиси, Майкл Оливер қарорини ҳозирда телеэксперт сифатида ишлаётган собиқ ҳужумчи Алан Ширер дарҳол қўллаб-қувватлади: «Оливер томонидан сифатли иши. Ниҳоят, кимдир «Ўз қароримни ўзгартирмайман» қабилида иш тутишга журъат этди. Энди шунга ўхшаш ҳолатлар кўпайса керак. Оливер бу борада биринчи».  Умуман олганда, Майкл Оливер VAR билан боғлиқ масала юзасидан анча олдин кўзга ташланган эди. Яъни 2 йилча аввал «Кристал Пэлас» - «Дерби Каунти» ўйинида ўзаро тўқнашиб кетган Том Хаддлстоун ва Лука Миливоевичга сариқ карточка кўрсатган рефери мониторга мурожаат қилганидан сўнг иккинчисини майдондан четлатганди. Шундан сўнг АПЛ ҳакамлари йиғилишида видеоассистент тизими иши роса танқид остига олинди ва рефериларга баҳсли лавҳаларда мустақил қарор чиқариш ҳуқуқи берилди.

АПЛда VAR ТИЗИМИГА МУНОСАБАТ

АПЛ баҳсларида видеоассистент тизими гумонлари деярли тўлиқ тасдиқланади. Масалан, The Sun нашри январь ойида қизиқарли маълумот берди: «Мавсумнинг биринчи ярмида VAR 49та вазиятга аралашди ва бош ҳакамлар уларнинг барчасида тизим маслаҳатига қулоқ солишди». Шу маълумот фонида Британия спорт ОАВда ҳакамларнинг VARга қарши чиқишдан қўрқишлари, видеоассистентларга эса четдан таъсир ўтказилиши ҳақида назария пайдо бўлди. Умуман, мавсум-2021|2022да реферилар VAR аралашуви ўлароқ, 87та қарордан 82тасини ўзгартирганлар. Англиялик журналист Дэйл Жонсоннинг ҳисоб-китобига кўра, тизим жорий этилганидан кейинги уч мавсум орасида айнан охиргисида VAR аралашуви рекорд даражада кўпайди - бош ҳакамлар нақ 120 марта монитор олдига югуришди.

VAR ИШИ БЎЙИЧА  САВОЛЛАР КЎП...

АПЛнинг янги мавсуми ҳам VAR ва ҳакамлар учун мураккаб бошланди. Дейлик, «Лондон дербиси»да «Челси»га қарши майдонга тушган «Вест Хэм» 90-дақиқада Максвелл Корне голи билан мувозанатни тиклади. Бироқ VAR ивуарлик футболчи дарвозабон Эдуар Мендига нисбатан қоида бузганига ишора қилди ва гол бекор қилинди. Ўйиндан кейин «болғачилар» устози Дэвид Мойес нафратини борича тўкиб-сочди: «Тўпни илиб олишга уринган дарвозабон уни қўлидан чиқариб юборди. Натижада тўп 5-6 ярд масофага узоқлашиб кетди, кипер унга етолмаслигини тушуниб, худди жароҳатлангандек ётиб олди. VAR эса реферини вазиятни қайта кўришга чақирди. Ғалати, жуда ғалати...». «Вест Хэм» бош мураббийи фикрини ҳаттоки, «Челси»нинг собиқ футболчиси Крис Саттон ҳам маъқуллади: «Ҳа, Дэвид Мойес ҳақ - гол инобатга олиниши керак эди. Ҳар ҳолда, Мендига нисбатан қоида бузилмади. Шундай ноўрин қарорлар барча мухлисларда VARга нисбатан наф­рат уйғотади».

Яна бир мисол: 0:0 ҳисобида якунига етган «Ньюкасл» - «Кристал Пэлас» ўйинида аслида гол урилди - Тайрик Митчелл мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиққанди. Бироқ бош ҳакам Майкл Салисбери VAR тавсияси билан уни инобатга олмади. «Голни ҳақли равишда бекор қилишдими? Йўқ, асло. Аслида жамоам ҳужумга ўтганида, Жо Уиллокка нисбатан қўполлик ҳам ишлатилганди», - деди Эдди Хау ўйиндан кейин. Алан Ширер эса можарога шунчаки, мой қуйди: «Салисбери хунук ва шармандали қарор қабул қилиб, ҳаммани хижолатда қолдирди. Уиллок тўп томон югурган вақт Митчеллга туртилиб кетди, рефери голни ҳисобга олиб, тўғри қилди. Аммо VAR ҳаками Ли Мэйсон қандайдир йўл билан уни хатолик борлигига ишонтирди».

«Лидс» бош мураббийи Жесси Маршга эса рақиб жамоа дарвозаси томон пенальти белгилашни талаб қилгани учун қизил карточка кўрсатилди. Шундан бироз олдинроқ бош ҳакам Роберт Жонс «Брентфорд» фойдасига пенальти белгилаган ва у гол билан якунланган эди. Кейинроқ «Брентфорд» жарима майдони ичида Аарон Хики «Лидс» вакили Крисенсио Саммервиллга нисбатан қўполлик ишлатди. Аммо ҳакам бунисини назардан қочирди. «Аввало, лига вакиллари ёки ҳакамлар билан қандай гаплашиш кераклигини тушуниб олишим керак, шекилли. Тўртинчи ҳакам билан қўлимдан келганича хушмуомала бўлишга уриндим, ҳаттоки, дарвозамиз томон пенальти белгиланган вазиятда ҳам жаҳлимни тийдим. Бироқ шунга яраша ҳурмат топмадим. Бугунги вазиятни бошқача баҳолай олмайман. VAR тизимининг вазиятга аралашмагани - менга нисбатан ҳурматсизлик белгиси», - дея нолиди мураббий ушбу ҳолат юзасидан.

АНГЛИЯДА VAR ХУСУСИДА НИМА ДЕЙИШМОҚДА?

Салбий фикрлар етарли. Муайян қарорлардан кўнгли тўлмаганлар рўйхатида Match of the Day дастури иштирокчиси, собиқ футболчи Дэнни Мёрфи ҳам бор: «Тушкунлик, умидсизлик... Қаранг, «Брент­форд» фойдасига 11 метрли жарима зарбаси белгилаган ҳакам кейин қўпол хатога йўл қўймоқда. Ўша вазиятда VAR ҳакамни монитор олдига таклиф этишини кутдик, лекин амалда...». Тони Пьюлис эса муҳокама йўналишини ўзгартиришга уринмоқда: «Йўқ, барчасига VAR айбдор эмас. Тизим шунчаки, мавжуд видеоматериални тақдим этади, қарорни эса унга жалб этилган реферилар қабул қиладилар».  Алан Ширер ҳам шундай фикрда: «Муаммо VAR эмас, видеоҳакамларда. Минимал аралашув, максимал эффект - бизга шундай тизим керак». Хуллас, АПЛда ЖЧ-2022га қадар VAR атрофидаги муҳокамалар қайнади, вазият тобора кескинлашди. Мавсумнинг қолган қисмида ҳам умумий ҳолат ўзгармаса керак.

Д.АЛИМОВ тайёрлади