МУНОСАБАТ: Бундай экспериментлардан маъно нима?

МУНОСАБАТ: Бундай экспериментлардан маъно нима?

ОКМК Ўзбекистон кубоги ўйинида 16:0 ҳисобида ғалаба қозонгани баъзи экспертларни қаттиқ ажаблантирганини кўряпман.

Гўёки, жамоа рақибга шафқат қилиб, ёшлар таркибини майдонга туширса яхши бўларди. ОКМКга шунчалик ташланишдики, клуб худдики, кубокда рақибларни ўзи танлагандек...

***

- Балки кубок ташкилотчиларидан бундай экспериментлар уларга нима учун кераклиги ҳақида сўраш маъқулдир? Нега энди ёшлар жамоаларини «поезд остига ташлаш» керак? Бу масалада Англия кубоги тажрибасини кўрсатишнинг ҳожати йўқ. У ерда катталар жамоалари ўйнайди, гарчи энг қуйи ҳаваскорлар лигаларида иштирок эстаса. Қолаверса, у ерда Премьер-лига клублари билан тўқнаш келишдан олдин 5-6та раунддан ўтиш талаб этилади. Шунингдек, Англия кубогида гуруҳ босқичи йўқ. Яъни 16:0 ҳисоби қайд этилган тақдирда ҳам, мағлуб жамоа дарҳол турнирдаги юришини тўхтатади. Кубокнинг янги форматини ўйлаб топганлардан биридан гуруҳ босқичи нима учун кераклиги ҳақида сўраганимда, оддий жавоб берди: «Кўпроқ ўйин ўтказиш учун. Мухлисларни трибуналарга жалб қилмоқчимиз». Мантиқ ғалати, албатта. Ўйинлар чиндан ҳам, кўпайди. Аммо мухлислар ташрифи яққол ошмагани аниқ.

Айтганча, Англия ҳақида гапирган эканмиз, эслатиш керакки, мусобақалар регламентида (умуман, Европадаги кўплаб турнирларда бўлгани каби) алоҳида банд бор: ҳар бир жамоа ўйинда энг кучли таркибини майдонга тушириши керак. Тушунишимча, биздаги Регламентда бундай банд йўқ. Аммо ОКМК ёндашуви аниқ ва ўзини оқлади. Регламентларда ушбу бандга риоя қилмаслик учун жазо ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Шу боис жамоалар таркиб бўйича экспериментга қўл урадиган пайтлар ҳам бўлади ва бу ҳам тушунмовчилик келтириб чиқаради. Эсимда, АПЛ аутсайдерларидан бири етакчига қарши ўйинда ижобий натижа эҳтимолига ишонмагани учун иккинчи таркибни майдонга туширган ва бу билан 2 кундан кейин асосий рақиби билан бўладиган баҳсга куч тежашни истаганди. Регламентда энг кучли таркибни майдонга тушириш зарурлиги ҳақидаги банд мунозарали кўринса-да, унинг мантиғи жуда оддий ва тушунарли: жамоалар ўзларининг энг яхши томонини кўрсатиши керак. Ҳар бир турнирга боғлиқ адолат моҳияти шу. «Олимпик» айни пайт 7 нафар футбочисисиз ўйнаётган экан, ҳозирги Ўзбекистон кубогида қандай адолат ҳақида гапириш мумкин?

*** 

- Ильгиз Танташев ва унинг жамоаси ОЧЛ финали жавоб ўйини (Ал Ҳилол (Саудия Арабистони) Ал Айн (БАА) 2:1)га тайинланди. ОЧЛ тарихида финал ўйинида ишлаган ўзбекистонлик ҳакамлар:

2007 йил. Жавоб ўйини: Равшан Эрматов. «Урава Редс» (Япония) - «Сепаҳон» (Эрон) - 2:0 (1:1)

2011 йил. Финал ўйини. Равшан Эрматов: «Чонбук Хюндай Моторс» (Ж.Корея) - «Ал-Садд» (Қатар) - 2:2 (пен. бўйича - 2:4)

2013 йил. Биринчи ўйин. Равшан Эрматов: «Сеул» (Ж.Корея) - «Гуанжоу Эвергранд» (Хитой) - 2:2

2015 йил. Жавоб ўйини. Равшан Эрматов: «Гуанжоу Эвергранд» - «Ал-Аҳли» (С.Арабистони) - 1:0 (1:0)

2017 йил. Жавоб ўйини. Равшан Эрматов: «Урава Редс» (Япония) - «Ал-Ҳилол» (С.Арабистони) - 1:0 (1:1)

2019 йил. Жавоб ўйини. Валентин Коваленко: «Урава Редс» (Япония) - «Ал-Ҳилол» - 0:2 (0:1)

2024 йил. Жавоб ўйини. Ильгиз Танташев: «Ал-Айн» (БАА) - «Йокогама-Ф. Маринос» (Япония)|«Ульсан Хюндай» (Ж.Корея) 

Демак, Ильгиз Танташев Ғарбий Осиё ҳудудида бўладиган ОЧЛ финалини бошқарган ўзбекистонлик биринчи ҳакамга айланади.

Алишер НИКИМБАЕВ, «Футболиум»