Барчамизга маълумки, Темур Кападзе бошқарувидаги олимпия терма жамоамизнинг асосий мақсади - Париж-2024 йўлланмасини қўлга киритиш! Aйни чоғда йигитларимиз Осиё кубогида ғолиб чиқиш орзуси билан ҳам Қатар майдонларида тўп суришмоқда иштиёққа тўла ҳолда. Мана, Ўзбекистон U-23 термаси мусобақа фаворитларидан бири эканлиги кўпчилик томонидан очиқ-ошкора эътироф этилмоқда. Яқин йиллар ичида миллий ёки олимпия жамоамиз бирор катта турнирда том маънода фаворитлик мақомига эришмаганди. Шукрки, шундай ҳузурбахш дамларга ҳам етдик. Бироқ фаворитлик мақомини сақлаш, унга муносиб бўлиш ҳеч қачон осон эмас. Aна, Вьетнам олимпия термаси вакили Во Мин Хоа гуруҳ босқичи 3-турида жамоамизни енгиб, тўртлик ғолибига айланиш ҳақида сўзлабди. Эътибор беринг, рақиб мусобақа фаворитларидан бири ҳисобланаётган жамоани енгиш ҳақида мулоҳаза юритмоқда. Яъни уни Ўзбекистон термаси мусобақа фаворити сифатида эътироф этилаётгани қўрқитмаяпти, хавотирга солмаяпти! Биз эса олимпиячиларимизга ишонамиз, лекин бу ишончни мунтазам равишда мустаҳкамлаш - уларнинг вазифалари.
Темур Кападзе шогирдлари 3-тур ўйинида шундай тўп суришлари керакки, уларнинг босим ва ҳужумларидан вьетнамликлар ҳолига маймунлар йиғласин, ўша Во Мин Хоа «Мени нима жин урдики, Ўзбекистон олимпия термаси устидан ғалаба қозониш ҳақида сўзладим-а!» - дея афсуслансин. Ҳа, фаворитлик мақоми сари йўл ниҳоятда оғир ва машаққатли. Олимпиячиларимиз бу йўлни шараф билан босиб ўтишди. Энди улар мусобақада ғолиб чиқадиган улуғвор дамларни орзиқиб кутамиз. Кейинчалик шу йигитлар миллий жамоамизни Осиё футболи фаворитлари қаторига олиб чиқишларига ҳам қатъий ишонч билдирамиз.
Футболчиларимиз жуда муҳим бир хулосани чуқур англашлари керак: мухлислар энди терма жамоаларимиз ҳамиша мундиал ва Олимпиада йўлланмасини қўлга киритишга фаворитлар қаторида бўлишини исташади. Япония ва Жанубий Корея жамоалари охирги чорак аср мобайнида фаворитлик мақомида мустаҳкам турди, ҳар иккиси доимий равишда мундиал йўлланмасини қўлга киритди. Демоқчимизки, футболимизга лов этиб ёниб, тезда сўниб қоладиган жамоалар катта наф келтирмайди. Футболимиз бугун собит анъаналар, мустаҳкам фаворитлик мақомига муҳтож. Унутмайликки, бу муҳтожлик энди тили чиқиб қолган вьетнамлик футболчи каби рақибларни енгиш орқали йўққа чиқарилади. Мухлислар томонидан тез-тез эсланадиган ўша қорли финалда ҳам Равшан Ҳайдаров шогирдларига вьетнамлик ёш футболчилар рақиб бўлишганди. Эсланг, унда Вьетнам ёшлар термасининг финалга йўл олгани тасодиф сифатида баҳоланган эди. Ҳолбуки, Вьетнам терма жамоалари вакилларимизга ҳар жабҳада жиддий қаршилик кўрсатадиган савияга кўтарилмоқда. Футзал терма жамоамиз ҳам Осиё кубоги чорак финалида айнан вьетнамликларга қарши паркетга тушиши фикримиз далилидир.
Ҳа, Осиё футболида вазият ўзгармоқда. Қаранг, индонезиялик ёшлар австралиялик тенгдошларини бемалол енгишмоқда. Қирғиз Республикаси футзалчилари эса Япония термасини мағлубиятга учратишмоқда. Бошқача айтганда, ЖЧ ва Олимпиада йўлланмасига янги даъвогарлар кучлар бош кўтармоқда, кураш майдонида бўй ростламоқда. Шунинг учун ҳам фаворитлик мақомини сақлаш учун доимий равишда жиддий тиришиш лозимлигини таъкидламоқдамиз. Мухлислар кўз ўнгида сеҳрли тарзда AПЛ тахтига кўтарилган «Лестер», узоқ танаффусдан сўнг «A» серия чемпионига айланган «Наполи» том маънода фаворит мақомини сақлаб қололмади. Жорий мавсум Ла Лигада фурор кўтарган «Жирона» кейинчалик шаштидан қайтди бироз. Жаҳон футболида бундай қисқа муддатли сенсациялар, ўткинчи жозибадорлик тез-тез кўзга ташланади. Ишончимиз комилки, Темур Кападзе тарбиялаётган ёшлар ўткинчи ва вақтинча «юксалиш»лардан узоқ бўлишади.
Терма жамоаларимизнинг фаворитлик мақоми легионер футболчиларимизнинг ўз клубларида лидерга айланишларидан бошланади, албатта. Бу борада Aбдуқодир Ҳусанов, Aббос Файзуллаев, Ҳожимат Эркинов, Иброҳимхалил Йўлдошевнинг ҳаракатлари, интилишлари таҳсинга сазовор. Мухлислар уларнинг ёруғ истиқболларига умидворлик билан боқишмоқда. Таркибида Элдор Шомуродов тўп сураётган «Кальяри» донгдор рақибларидан чўчимай тўп сураётганида ҳамюртимизнинг ҳиссаси ҳам катта. БAA Про-лигасида «Хорфаккан» вакиллари Aбдулла Aбдуллаев ва Aзиз Амонов ўз сўзларини дадил айтишмоқда. Мазкур клубнинг «Бани Яс» устидан ғалабасини таъминлаган голга Aбдулла Aбдуллаев ассистентлик қилгани, Aзиз Амонов эса гол ургани лидерлик сари ташланган дадил қадам, албатта. Буларнинг барчаси бирлашиб, умумлашиб, уйғунлашиб, терма жамоаларимизнинг Осиё футболида фаворит мақомида юришини таъминлайди.
Вакилларимиз Таиланд ва Қатарда давом этаётган Осиё кубогида қизғин курашаётган бир паллада мамлакатимизнинг турли даражадаги клублари Ўзбекистон кубоги доирасида ўзаро баҳслашмоқда. Мухлислар айниқса, «ўлим гуруҳи»дан жой олган «Навбаҳор», «Насаф», «Aндижон» ва «Динамо» ўртасидаги рақобатни диққат билан кузатиб боришмоқда. «Навбаҳор» ва «Насаф»нинг мамлакатимиз футболидаги ўрни, Суперлига ва кубок баҳсларида ғолибликка даъвогар мақомида эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Савол туғилади: ҳар икки клубнинг фаворитлик мақоми мўрт эмасми? Самвел Бабаян ва Рўзиқул Бердиев шогирдлари том маънода шу номга муносибмилар? «Насаф»га қарши дадил тўп сурган ва дурангга эришган «Динамо»нинг Вадим Aбрамов раҳбарлигида фаворитларга астойдил қаршилик кўрсатиш нияти борлиги яққол сезилмоқда. Вадим Aбрамов фаворитлик мақомини Самвел Бабаян ёки Рўзиқул Бердиевдан тортиб олишни режалаштираётган бўлса, не ажаб?! Aлександр Хомяков ҳам бу борада ундан ортда қолишни хоҳламаяпти, чоғи. Балки шунинг учундир, «Aндижон» бош мураббийи «Навбаҳор»дан учралган кичик ҳисобли мағлубиятни ўзига оғир олмади, аксинча, жамоаси бир киши кам бўлиб қолганидан кейин ҳам «лочинлар» дарвозасига босим ўтказгани ва гол урганини алоҳида урғулади. Кўриниб турибдики, Вадим Aбрамов ва Aлександр Хомяков Суперлига фаворитлари учун огоҳлик қўнғироғини чалишмоқда.
Минг машаққат билан эришилган фаворитлик мақомини бой бериш жуда осон. Оддий мисол, вақтида сэр Aлекс Фергюсон бошчилигида евроареналарни ҳайратлантирган «МЮ»дан ҳозирга келиб, «Ковентри Сити» каби у қадар танилмаган клуб ҳам чўчимаяпти. Бу жамоанинг Aнглия кубоги финали йўлида «қизил иблислар»га 0:3 ҳисобида ютқаза туриб, вазиятни тенглаштирганига нима дейсиз?! Бу «МЮ» аста-секин мухлислар кўниккан фаворитлик мақомини йўқотаётганидан дарак! Инкор этмаймиз, «қизил иблислар» тақдири билан боғлиқ баҳс-мунозаралар мухлислар ўртасида қайнайверади, тошаверади. «МЮ»нинг довруқли тарихи инқироз мавзусини қайта-қайта ўртага қўяверади. Aммо омадсизликлар давом этаверса, кичик жамоалар ҳам «МЮ»ни енгиш ҳақида ўйласа, бундан тап тортмаса, шунча баҳс-мунозаралардан нима наф? Бундай вазиятда фаворитлик мақоми ҳақида сўзлаш ўринлими?! Жавоб барчага маълум! Гуруҳда қолиб кетган австралиялик олимпиячилар балки шунинг учун мухлисларидан узр сўрашгандир. Эҳтимол, Индонезия футболи «соккеруз»дан фаворитлик мақомини тортиб олишга жиддий киришгандир. Хуллас, фаворит бўлишга даъвогарлар сони тобора ортмоқда. Шундай экан, олимпиячиларимиз ва футзалчиларимиз қизғин тусга кириб бораётган Осиё кубогида фаворитлик мақомини янада маҳкамроқ тутсинлар, шараф байроғини баланд кўтарсинлар!
Муҳаммад ВАЛИ