Ҳамма Лукакуга қарши..

Ҳамма Лукакуга қарши..

«Ювентус» мухлислари Ромелу Лукаку трансферига мутлақо қаршилар.

Улар ҳаттоки, эътироз ўлароқ, машғулот ўйини вақти майдонга бостириб киришди. Қисқаси, Туринликлар бельгиялик ҳужумчини «кекса синьора» либосида кўрмоқчи эмаслар. Айтиш керак, журналист Жанлука ди Марцио Corriere della Sera нашрида «Ювентус» Лукаку вакили билан илк марта март ойида боғлангани ва футболчи туринликлардан мавсум якунланишини кутишни сўрагани ҳақида хабар тарқатганди. Унда таъкидланишича, Лукаку «Ювентус» билан 12 июнь куни («Интер» ЧЛ финалида енгилганидан 2 кун ўтиб) келишувга эришган.

Бунга қадар «Ювентус» ва «Челси» Лукаку ҳамда Душан Влаховични алмаштириш масаласини муҳокама қилаётгани маълум бўлганди, бироқ серб футболчисининг талаблари лондонликларга маъқул келгани йўқ. Инсайдер Фабрицио Романо сўзларига кўра, «Юве» ҳамон Влаховични «Стэмфорд Бриж»га юбориб, эвазига Ромелу Лукаку ва 40 миллион евро олишдан умидвор. Бироқ «Челси» бу шартга рози эмас ва ҳозирда музокара жараё­ни тўхтаб қолди.

Шунга қарамай, туринлик мухлислар Лукаку трансферига қатъий оҳангда қарши чиқишмоқда. Дейлик, «Юве» фанатлар уюшмаси - Curva Sud антиқа баннер намойиш қилди: «Лукаку, Миланда қол. Бизда иккинчи дарвозабон бор». Ультрас «Инстаграм» тармоғида бунга дангал изоҳ ҳам берди: «Нималар бўлганини ҳали унутмаганмиз. Лукаку, сени бу ерда кўришдан ҳеч қачон хурсанд бўлмаймиз»

Энди эса мухлислар янада жиддийроқ ҳаракатга берилишди. Улар шунчаки, «Ювентус»нинг машғулот ўйини пайти майдонга бостириб кириб, баралла ҳайқиришди: «Лукакуни хоҳламаймиз!» Мухлислар шунинг баробарида Душан Влаховични алоҳида қўллаб-қувватлашди.