Узун сериал мисоли ғалабасиз одим...
МИЛЛИЙ ЖАМОАЛАР ФУТБОЛИДАГИ ЭНГ УЗУН ҒАЛАБАСИЗ СЕРИЯЛАР
14 сентябрь - Ўзбекистон футболи учун тарихий кун. Мамлакатимиз мезбонлик қилаётган ФИФА таснифидаги илк жаҳон чемпионати очилган сана.
Табиийки, ҳаммаси шу куни ёки 1 йил аввал футзал бўйича жаҳон чемпионатини Ўзбекистонда ташкил этиш қарори эълон қилинган пайт бошланган эмас. Мезбонликка ҳаракат бундан 19 йил аввал, 2005 йили ЎФФнинг ўша вақтдаги раҳбарияти (хусусан, вице-президент Бахтиёр Раҳимов) футзал бўйича Осиё кубоги мезбонлиги учун ариза беришга қарор қилганидан бошланган. Катта таваккалга йўғрилган ғоя. Бу ҳатто Спорт вазирлиги томонидан ҳам маъқулланмаганини айтиш кифоя. Шунга қарамай, ариза топширилган эди...
***
2005 йилнинг охирида ОФК Осиё кубоги Тошкентда ўтказилишини расман тасдиқлади. Ўша вақт чемпионатни қабул қилиш учун 1та аренага эга бўлиш кифоя эди. 2006 йилнинг январида эса Мираброр Усмонов ЎФФ президенти лавозимида иш бошлади ва Спорт вазирлигида Осиё кубогини қабул қилишга қарши чиққанлар ҳам бунга хайрироҳ бўлишди. Вазифа қийин, аммо қизиқарли эди. Ҳозир Тошкент аэропорти ва меҳмонхоналар қандай ҳолатда бўлганини ҳамма ҳам эсламаса керак. Тошкентга келган барча жамоаларни ўзим кутиб олганман. Айрим кунлар ҳатто уяли телефонда гаплашишга кетган вақтга нисбатан камроқ ухлаганман. Муҳими, биринчи тажриба, янги йўлнинг бошланиши... Нафақат Ўзбекистон футбол федерацияси ва унинг ходимлари учун. Масалан, ўша Осиё кубогида волонтёр сифатида иштирок этганлардан бири Зуҳра Абдуллаева ҳозир Халқаро оғир атлетика федерациясининг энг яхши ҳакамларидан ҳисобланади, у 3та Олимпиадада муваффақиятли ишлашга улгурди.
ЎФА шундан сўнг 2008 йили 17 ёшли ўсмирлар ўртасидаги Осиё кубогини қабул қилди. 2 йилдан кейин эса бирданига 2та Осиё кубоги юртимизда меҳмон бўлди - футзал ва яна 17 ёшли ўсмирлар чемпионати. Осиёда бир ёш тоифасидаги Осиё кубогини қаторасига 2 марта қабул қилган бошқа мамлакат топилмаса керак. Кейинги қадам ЖЧ бўлиш керак эди. Шу мақсадда 3та турли турнир учун ариза топширилди. Аммо бизга тўртинчисини беришди. Яъни ФИФА 20 ёшли аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати-2012 мезбонлик ҳуқуқини Вьетнамдан тортиб олиб, Ўзбекистонга топширди. Шу тариқа ЎФФ тайёргарлик бошлади, аммо турли вазиятлар тақозоси билан ушбу жараён ФИФАни қониқтирмади. Якунда турнир Ўзбекистондан Японияга кўчирилди. Шундан сўнг ЎФФ U-17 тоифасидаги ЖЧга даъвогарлик қилди, аммо мезбонлик ҳуқуқи Ҳиндистонга топширилди. 2010 йилдан кейин эса ЎФФда маълум вақт сокинлик ҳукм сурди. Яъни Ўзбекистон бир неча йил давомида ҳаттоки Осиё кубогига ҳам мезбонлик қилмади. Бу сукунат 2016 йили футзал бўйича Осиё биринчилиги юртимизга қайтиши билан бузилди. Бироқ шундан сўнг яна жимлик даври келди. ЎФА вице-президенти лавозимига Равшан Эрматов тайинланиши билан вазият ўзгарди. Яъни Ўзбекистон яна қитъа миқёсидаги турнирларга мезбонлик қила бошлади, баъзиларини ўтказиб юбормаслик учун ҳаммасини санаб ўтирмайман. Бутун ушбу стратегиянинг юқори чўққиси - футзал бўйича жаҳон чемпионати. Жумладан, бу ЎФА учун ҳам янги даврнинг бошланишидир. Билишимча, ЎФА энди 2027 йилга белгиланган 20 ёшли футболчилар ўртасидаги ЖЧ мезбонлик ҳуқуқи учун ариза топширмоқчи.
Бундан 19 йил аввал Ўзбекистонда илк марта қитъа турнирини ташкил этишда қатнашганимдан фахрланаман. Шунингдек, ўз ватаним мезбонлик қилаётган биринчи жаҳон чемпионатида ишлаётганимдан ҳам. Тўғри, маҳаллий ташкилий қўмита эмас, ФИФА делегациясидаман. Лекин ташкилий қўмита Никимбаевсиз эмас. Ўғлим - менинг фахрим. Бу турнир унинг учун аслида ташкилий қўмита таркибидаги кетма-кет 4-жаҳон чемпионатидир. Ўғлим бунга қадар ЖЧ-2022 (Қатар), аёллар ўртасидаги ЖЧ-2023 (Австралия) ва Клублар мундиали-2023 (Саудия Арабистони)да ишлади.
ЖЧ мезбонлиги йўлидаги асосий 3та босқич:
* 2006 йил май - футзал бўйича Осиё кубоги (ЎФФ мезбонлик қилган биринчи қитъа турнири)
* 2011 йил февраль - ЖЧ мезбонлик ҳуқуқи учун ЎФФ томонидан ФИФАга тақдим этилган биринчи «заявка» китоби.
* 2024 йил сентябрь - футзал бўйича жаҳон чемпионати (Ўзбекистон мезбонлик қилаётган биринчи ФИФА турнири).
***
Ўқувчилар сўрашяпти: «Сизнингча, Ўзбекистон жаҳон чемпионатини ўтказишга тайёрмиди?», «Турнирда мухлислар шунчалик оз бўлишини кутганмидингиз?» Дарҳол айтишим керак, бу саволларга ФИФА томонидан турнирда ишлашга тайинланган мутасадди эмас, балки шунчаки, шахс сифатида жавоб бераман. Биринчи саволга аниқ жавоб йўқ. Умуман олганда, Ўзбекистон ЖЧга тайёр, албатта, лекин баъзи нюанслар бор. Андижонни олайлик. Бир томондан, аэропорт реконструкция учун ёпилган, шунинг учун барча жамоалар вакиллари, ҳакамлар ва ФИФА делегатлари шаҳарга Фарғона, Наманган ёки Қўқон орқали келишди. Бу - 1,5-2 соатлик қўшимча йўл ва соф ноқулайлик. Дейлик, ҳакамлар 1та ўйин учун Андижон ёки Бухорога боришади, кейин Тошкентга қайтишади. Қолаверса, Андижонда халқаро стандартларга мос меҳмонхоналар йўқ. Иккинчи томондан, Андижонда ажойиб машғулотлар зали, маҳаллий ҳокимият ва мухлислар қизиқиши бор. Яна қойилмақом маҳаллий ташкилий қўмита. Турли мамлакатлардан келган кўплаб ҳамкасблар бу эҳтимолки, фаолиятларидаги энг яхши маҳаллий ташкилий қўмита эканлигини айтишди.Шунинг баробарида Бухоро ва Тошкентдаги маҳаллий ташкилий қўмиталар ҳақида ҳам тахминан шундай фикр билдиришларига ишончим комил. Маҳаллий ташкилий қўмита ходимлари ва волонтёрлар гуруҳи тажрибаси кам бўлишига қарамай, футзал мундиалини юқори савияда ўтказиш истаги кучли эканлигини инкор этиб бўлмайди.
Энди Бухоро ҳақида. Аэропорт гўзал, поездлар тез-тез қатнайди, тезюрарлари ҳам бор, меҳмонхоналар халқаро стандартга мос. Аммо машғулотлар зали бироз тор, мухлислар камроқ. Шаҳарлар инфратузилмаси ўртасидаги номутаносиблик яққол кўриниб турибди ва ЎФА бу борада ҳеч нарса қилолмасди. Барчаси мамлакат тараққиётидаги муаммолар бўлиб, табиийки, булар вақт ўтиши билан ҳал бўлади. Хуллас, Ўзбекистон мезбонлик қиладиган навбатдаги жаҳон чемпионатига қадар (бу жуда яқин келажакда содир бўлишига ишонаман) муаммолар анча камаяди. ЎФАнинг шаҳарлар бўйича танлови ҳам тушунарли. Тошкент ва Фарғона водийси ҳамда республика марказидан 1тадан шаҳар. Кўринишидан водийда Фарғона ва Намангандан кўра, Андижон жаҳон чемпионати ўйинларини қабул қилишни кўпроқ хоҳлаган. Агар ҳаммаси футбол жамоатчилигига боғлиқлиги нуқтаи назаридан баҳоласак, маҳаллий ташкилий қўмита ўз вазифасини уддалаяпти.
Мухлислар кам бўлишини кутганмидим? Тўғриси, тахмин қилгандим. Чунки маълум муваффақиятларга қарамай, бизда футзал ҳали унча оммавий эмас. Футзал оммалашиши учун эса ишлар ҳажми кам. Масалан, миллий чемпионат эскича усулда - марказлаштирилган форматда ўтказилади. Ўзбекистон чемпионати ўйинлари 2-3та шаҳарда бўлса, мухлислар армияси қаердан кўпаяди? Масалан, олмалиқликлар ОКМК ўйинларини ўз шаҳарларида қачон кўришган? Ахир клуб мамлакатнинг кўп карра чемпиони саналади. Бошқа томондан, «Пахтакор»нинг Элит ОЧЛдаги илк ўйини биринчи ярмини озгина томоша қилдим ва «Жар» трибуналарида ҳатто 3 минг мухлис ҳам кўрмадим. Демак, футболга қизиқишнинг умумий пасайиши ҳақида гапириш мумкин ғалати туюлсада... Якунда Ўзбекистоннинг тайёрлиги ҳақидаги савол юзасидан яна бир луқма. ЖЧ финали 6 октябрь куни Тошкентда ўтказилиши белгиланган. Шубҳасиз, 5 октябрь куни Тошкентга жуда муҳим меҳмонлар келишади. 5 октябрда эса биз (сиз)да нима бор? Тўғри, Ўзбекистон кубоги финали. Бу финал қаерда бўлади? Ҳа, Фарғонада. Энди ўзингизни ЎФА раҳбарлари ўрнига қўйиб кўринг. 5 октябрь куни қаерда бўлиш муҳимроқ - Тошкентдами ёки Фарғонада? Энди ўзингизга савол беринг: Ўзбекистон кубоги финалини 5 октябрга белгилаган киши нима ҳақида ўйлаган? Шундай таассурот борки, ЖЧ мезбонлиги баъзи ўртоқларнинг томоғига суяк каби тиқилгандек...
***
Футзал бўйича Ўзбекистон термаси билан ўз уйидаги ЖЧда юз берган воқеа аввало, аламли ва ёқимсиздир. Жамоа аслида кўпроғига қодир эди, буни йил давомида кўрсатди ҳам. Бироқ турнирнинг ўзига тайёр ҳолда киришмади. Муваффақиятсизни авлодлар алмашинуви, жароҳатлар ёки баъзи вазиятлардаги омадсизлик оқибатига йўйиш мумкин. Лекин яққол хулоса шуки, Ўзбекистон терма жамоаси ҳар 3та турдаги ўйин сифати бўйича гуруҳдан чиқишга нолойиқ эди. Ваҳоланки, квартет энг мураккаби эмасди. Мезбон жамоанинг эрта чиқиб кетиши яна шуниси билан аламлики, турнирга қизиқиш яққол пасайиши аниқ. Маҳаллий ташкилий қўмита қанчалик уринмасин, трибунада мухлислар сони камаяди, эффект пасаяди. Шунинг баробарида айтиш керак, барча қийинчиликларга қарамай, ташкилий қўмита турнирни ташкил этиш вазифасини уддамоқда. Андижонда маҳаллий мухлислар билан суҳбатлашдим, улар ташкилотчилик даражасидан шунчаки, ҳайратдалар. Турнир атрофидаги муҳитдан ҳам. Яна ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари муносабати яхши томонга ўзгарганидан. Ҳа, баъзилар «Ҳумо-Арена»да қийинчиликларга дуч келишаётгани ҳақидаги фикр-мулоҳазаларни ўқияпман (буларни ташкилий қўмита ходимларига етказаман, албатта). Лекин Андижонда бирор салбий фикрга дуч келганим йўқ. Ўзбекистон футбол ташкилотлари олдидаги вазифа шу ерда тўпланган тажрибани сақлаб қолиш ва давом эттиришдан иборат. Андижонда ташкилий қўмита ходимлари ва волонтёрлар ҳар куни кўз ўнгимда том маънода профессионал даражада ўсишганини айтишим керак. Агар уларнинг ҳеч бири футбол билан боғланиб қолмаса ҳам, орттирилган тажриба ҳаёт йўлида жиддий қўл келади.
Ўзбекистон терма жамоаси иштирокига қайтсак, кўринишидан, муаммо бироз чуқурроқ. Жаҳон футзалида умумий вазият жуда тез ўзгармоқда. Япония термасининг Осиё кубогида қандай муваффақиятсизликка учраганини бир эсланг. Бошқа томондан, атиги 6 ой ичида Осиё кубогида дебют қилган, жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган ва мундиалда гуруҳдан чиқишни уддалаган Афғонистон термасига қаранг. Ўзбекистонда терма жамоа ва бутун футзал тузилмаси ўз позициясини бой бермаслиги учун барчасини қайта қуриш керак. Бразилияликларни олиб келиб, уларга паспорт бериш - энг оддий ечим, аммо бу футзал ривожини таъминлолмайди. Италия термаси жаҳон чемпионатида кетма-кет 3 марта медаль ютган: 2004 йили - кумуш, 2008 ва 2012 йиллар - бронза. Бу муваффақият айнан бразилияликлар жамоа таркибини кучайтиришгани билан изоҳланган. Айтиш керак, масалан, Қозоғистондан фарқли ўлароқ, Италияда бразилияликларга паспорт олиб бериш жараёни анча содда ва табиийроқ. Аммо Италия термаси охирги 2та мундиалда иштирок этмади, чунки мамлакатда бразилиялик ватандошлар сонини клубларда ҳам, терма жамоада ҳам чеклашга қарор қилинди. Мақсад тайин - фақат жаҳон чемпионатидаги натижа эмас, футзал ривожи учун ишлаш. Ўзбекистонда бразилияликларга паспорт бериш баробарида ўйинни ривожлантириш ва оммалаштиришни унутмаслик керак.
***
Андижон раҳбарияти (клуб ва вилоятники) футзал бўйича жаҳон чемпионати ўйини билан бир вақтга тўғри келгани учун «Нефтчи»га қарши учрашувни кўчиришни иккинчи марта сўради. Бироқ ПФЛ максимал даражада ўйинни соат 20:30га белгилашга рози бўлди. Сохта қўйда ҳам лоақал бир тутам жун бўлади. «Нефтчи» мухлислари уйларига қандай этиб боришди? Умид қиламанки, ҳаммада ўз режаси бўлган. Аммо тушунарлики, мен ўйинга боролмадим, ФИФА делегациясининг бошқа аъзолари ҳам. Ваҳоланки, улар буни чин юракдан истагандилар. Айниқса, «Андижон» фан-клуби Қозоғистон ва Ливия термалари ўртасидаги ўйинда кўрсатган мастер-сабоқ таъсирида кўпчилик мухлислар қадрдон жамоаларини қандай қўллаб-қувватлашларини воқеа жойида кузатишни хоҳлашганди. Айтганча, Андижонда ўйин санаси ўзгартирилмаганида, мени айбдор сифатида кўрсатаётганлар бор. Эмишки, агар шахсий каналимдаги мақолалар бўлмаганида, ПФЛ дейлик, «Навбаҳор» - «Динамо» ўйинини қолдирганидек, Андижондаги баҳсни ҳам бемалол кейинга сурарди. Яъни ПФЛ кўчиришга кўнганида, фақат режалаштиришга қодир эмаслигини эмас, балки менинг ҳақлигимни ҳам тан олган бўларди. Лекин бундай фикрларга қўшилмайман. Ахир ПФЛдагилар шахсий амбицияларини жамоатчилик манфаатларидан устун қўёлмайдилар-ку...
Алишер НИКИМБАЕВ, «Футболиум»
МИЛЛИЙ ЖАМОАЛАР ФУТБОЛИДАГИ ЭНГ УЗУН ҒАЛАБАСИЗ СЕРИЯЛАР
Ўзбекистонда ҳар йилги футбол мавсуми охирида битта мавзу мухлис-у, мутахассислар томонидан ўртага кўндаланг ташланади.
Европа чемпионининг бебаҳо фикрлари
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789