Ана, холос! «Рома» ютқазган финалдаги иши учун!

Ана, холос!  «Рома» ютқазган финалдаги иши учун!

«Лацио» мухлислари англиялик ҳакам Энтони Тэйлорни клубнинг фахрий аъзоси мақоми билан сийламоқчилар.

 Аслида реферининг «бургутлар»га ҳеч қандай алоқаси йўқ, у шунчаки, яқинда Будапешдаги «Пушкаш Арена» стадионида ўтказилган Европа Лигаси финалини бошқариб борди ва унда «Рома» мағлубиятга учради...

Қисқаси, «бургутлар» тиффозилари «бўрилар» кўчасида байрам бўлишига асос қолдирмаган инглиз реферисидан бағоят хурсандлар. Ҳозир ҳам бутун евроаренада «Лацио» ва «Рома»ники каби бир-бирига кучли нафрат билан қарайдиган икки мухлислар армияси топилмаса керак. Римлик тиффозилар ҳаттоки, ўз жамоалари ғалабасидан кўра, ашаддий рақибнинг мағлубиятидан кўпроқ қувонишади. «Лацио» фан-клуби вакилларининг Энтони Тэйлорни клуб фахрий аъзоси мақоми билан сийлашни хоҳлашаётгани шунга яққол далил.

Бинобарин, «Севилья» ва «Рома» ўртасида ЕЛ кубоги учун кечган ўйинда ҳакамлик қилган Энтони Тэйлор вазиятлардан бирида қўл билан ўйин ҳолатида «бўрилар» фойдасига пенальти белгилашга жазм этолмади. У бу билан «Рома» мухлислари нафратига учради ва ... «Лацио» тарафдорлари муҳаббатини қозонди. Эслатма, Будапештдан қайтишда «жаллороссилар» фанатлари аэропортда реферини қуршов остига олишди. Мухлислардан бирининг Тэйлорни стул билан уришига сал қолди ҳатто. Daily Mail нашрида ёзилишича, «Лацио»нинг бир гуруҳ мухлислари энди алоҳида баёнот билан чиқишди: «Энтони Тэйлорга клубимиз фахрий аъзоси мақомини беришга тайёрмиз. У жанговар ва ўта ёқимли тус олган ЕЛ финалидан кейин «Рома» мухлислар гуруҳининг ваҳшиёна тажовузкорлигидан азият чекди». Ҳа, Римда футболга шундай, бош­қача қараш мавжуд.