Ана, холос! Ажабо, бир томонда 91:1, иккинчи тарафда 95:0...

Ана, холос! Ажабо, бир томонда 91:1, иккинчи тарафда 95:0...

Сьерра-Леоне чемпионати иккинчи дивизионидан ўрин олган 2та ўйинда ақлни шошириб қўядиган ҳисоблар қайд этилди.

 «Кахунла Рейнжерс» жамоаси «Лумбебу Юнайтед»ни 95:0 (!), «Галф» эса «Кокима Ливан»ни 91:1 (!) ҳисобида енгди. Бу қанақаси? Ўзи гап футбол ҳақидами ёки баскетбол...?

Табиийки, «қоп тугул, қанорга ҳам сиғмас» бундай натижалар мамлакат футболи мутасаддиларида катта шубҳа ва саволларни келтириб чиқарди. Якунда Сьерра-Леоне футбол ассоциацияси ҳар икки ўйин натижасини бекор қилиб, бу борада алоҳида текширув бошлади. Ахир икки ўйинда 187та гол урилиши...

Тафсилотларга тўхталсак, охирги тур олдидан элит лигага чиқиш учун даъвогар икки клуб - «Галф» ва «Кахунла Рейнжерс»да очколар миқдори тенг бўлди. Қисқаси, финишда барчасини голлар нисбати ҳал қилиши эҳтимоли ошди. Якунда «Галф» бечора «Кокима Ливан»ни 91:1 ҳисобида енгди, «Кахунла Рейнжерс» эса «Лумбебу Юнайтед» дарвозасига жавобсиз 95та гол урди. Айтиш жоиз, Сьерра-Леоне футболи ўз тарихида бу каби йирик ҳисобларни кўрган эмасди. Энг қизиғи, ушбу ғалати ўйинларнинг биринчи бўлими тегишлича 2:0 ва 7:1 ҳисобларида хотима топганди. Шунингдек, «Галф» иштирокидаги ўйин ҳаками иккинчи бўлимда ишлашдан бош тортган ва у алмаштирилган. 

Таъкидланишича, мегаҳисобларга букмекерлик фаолиятининг мутлақо алоқаси йўқ. Оддий айтганда, бир вақт­да бошланган ўйинларда «Кахунла Рейнжерс» ва «Галф» жамоалари ўртасида голлар нисбатини яхшилаш учун ўзишув борган. Сьерра-Леоне футбол федерацияси баёнотига кўра, ҳар иккисига «келишилган ўйин» ташхиси қўйилди, лекин барчаси текширувлардан сўнг ойдинлашади. Ҳозирда тегишли ташкилот 4та клуб футболчиларини ҳам, ҳакамларни ҳам сўроққа жалб этган. «Бундай шармандали ҳолатни четдан жим кузатиб туришга ҳаққимиз йўқ. Ушбу «томоша» ташаббускорлари жазоланишлари шарт», - деди Сьерра-Леоне футбол федерацияси раҳбари Томас Дэдди Брима. «Кахунла Рейнжерс» директори эса спортга хос бўлмаган ҳар қандай ҳаракатга нисбатан қатъий чора кўрилишини таъкидлади. «Галф» вакиллари қандайдир изоҳ беришдан тийилаётган бўлсалар, «Кокима» раҳбари охирги ўйинга шунчаки, «ўртоқлик» сифатида қарашганини маълум қилди.