Аниқроқ айтсак, ярим ҳимоячи Фабиан Руис ва Гави ҳамда ҳимоячи Хесус Навасга ўзлари туғилган Лос-Паласьос-Вильяфранка шаҳарчаси маъмурияти номидан жами 215,5 килограмм помидор (!!!) топширилди.
Гави, Хесус Навас ва Фабиан Руисни Севилья провинциясида жойлашган қадрдон шаҳарчаларида шоҳона кутиб олишди. Энг қизиғи кейинроқ бошланди: маҳаллий ҳокимият қарори билан Испания терма жамоаси таркибида Европа чемпионатида зафар қучган футболчиларга ўз вазнларига тенг миқдорда олий сифатли янги помидор улашилди. Шу тариқа 38 ёшли Хесус Навасга 65,7 килограмм помидор насиб этган бўлса, Гави 67,1 килограмм янги узилган сабзавот олди. Энг катта улушга эса Фабиан Руис эга чиқди - вазнига яраша 82,7 килограмм.
Айтиш жоиз, Севилья провинциясининг жанубида жойлашган Лос-Паласьос-Вильяфранка помидор етиштириш санъати билан машҳур. Асосийси, атиги 38 минг киши истиқомат қиладиган ушбу муниципалитетда энди фахрланиш учун 4та асос бор: Гави, Навас, Руис ва Bombуn Colorao навли маҳаллий помидор.