АНА ХОЛОС! Ғалабасиз ўйинлар рекордчиси

АНА ХОЛОС! Ғалабасиз ўйинлар рекордчиси

«Эльче»нинг 30 ёшли испаниялик ҳимоячиси Карлос Клеркни саҳифамиз қаҳрамони сифатида таништиришга қарор қилдик.

Чунки бу футболчи ҳаммасини қўшиб ҳисоблаганда бир мавсумдагидан кўпроқ учрашувларни ғалабасиз тарк этди. Карлоснинг ғалабасиз ўйинлари 39та. Қаторасига эмас, шунингдек, фақат битта жамоа таркибида ҳам эмас. Лекин нима бўлганда ҳам, факт: у Ла Лига доирасида 39 марта майдонга тушиб, мағлубият ёки дуранг қайд этди.

Нохуш серия қай тариқа юзага келди?

Таркибида Клерк бўлган жамоа Ла Лигадаги сўнгги ғалабасига бундан деярли икки йил аввал эришганди. У пайтда Карлос «Леванте» шарафини қилаётган ва 2021 йилнинг 10 апрель санасида жамоаси билан «Эйбар»дан 1:0 ҳисобида устун келганди.

Қизиғи, ғалаба келтирган ягона голга сабаб бўлган самарали узатмани айнан Клерк амалга оширганди. Бу унинг мазкур давр оралиғидаги охирги муваффақияти эмас: ўтган йилнинг октябридаги «Валенсия»га қарши ўйинда ҳам у ассистни амалга оширди, аммо бу узатма ғалабани таъминлай олмаганди. Нохуш анъана давом этмоқда.

Сериядаги ўйинларнинг 6таси 2020|2021 йиллар мавсумида, 19таси кейинги мавсумда «Леванте» да ва 14таси жорий мавсумда «Эльче»да қайд этилган.

Ана шу 39та беллашувнинг 15тасида Клерк жамоалари дурангга имзо чекишган, 24тасида эса мағлубиятни тан олишган. Ла Лигадаги 32 учрашувли ғалабасиз серия антирекордини Карлос 2022 йил октябрида қайд этган ва аввалги салбий рекордчи (31) Хайме Ромеродан ўзиб кетганди. Ромеро 2012-2017 йиллар оралиғида «Осасуна» ва «Гранада» таркибида зафар завқини сура олмаганди.

Ҳа, яқинда Клеркнинг статистикасига кубок турниридаги ғалаба суқилди: жорий мавсумдаги «Гвадалахара» (5-лига)га қарши ўйинни ҳисобга олмаймиз. Қолаверса, Карлос захирадан майдонга тушган кейинги раундда жамоа «Сеута»га имкониятни бой берди.

Демак, Карлос Клеркнинг жамоалари умуман ғалаба қозонмас эканда? Унчалик эмас.

Ғалабалар бор, шунчаки, Клерк улардан четда қолган.

  «Леванте» 2021Ғ22 йиллар мавсумидаги дастлабки ғалабага 20-турда эришди. Карлос карточкалар кўплиги туфайли учрашувни ўтказиб юборишга мажбур бўлди.

  1 ойдан сўнг жамоа сенсацион тарзда «Атлетико»ни маҳв этди - Клерк захирада қолиб кетди.

  1,5 ҳафтадан кейин «Леванте» «Эльче»ни енгди - яна захира.

  2022 йил баҳорида жамоа 5та ғалабани расмийлаштирди, бироқ Клерк «заявка»да йўқ эди.

Эҳтимол клуб танлашда омади чопмаётган бўлиши ҳам мумкин

Айнан Карлос ўйнаган даврда «Леванте» ғалабасиз серия бўйича чемпионат антирекордини ўрнатди - апрель-декабрь ойлари оралиғидаги 26та ўйинда.

«Эльче»даги вазият янада мураккаброқ: Карлос борлигида ҳам, йўқлигида ҳам жамоа ғалабага эриша олмаяпти. Топ-чемпионатлар бешлигида фақат «Кремонезе» ва «Эльче»да ғалаба йўқ. Очколар бўйича испанлар натижаси пастроқ: атиги 6 очко.

Клерк жамоалари бир неча маротаба сўнгги дақиқаларда ғалабани бой беришган. Айниқса, 1:0 ҳисобида олдинда бораётган «Леванте» «Кадис»нинг 90}7 дақиқадаги зарбасини қайтара олмагани ачинарли.

Карлос Клерк ким, ўзи?

Шунчаки, бир нечта фактлар: чап қанот ҳимоячиси, Бадалонда дунёга келган, футбол ўйнашни «Эспаньол»да ўрганган ва ўша жамоада Хавьер Агирре даврида бошлаган. Ёшлар жамоасида тез-тез гол уриб турган бўлсада, ҳужумкор ўйинчи бўлмади. «Эспаньол» академияси мураббийи Луис Планагуманинг айтишича, унга тажовузкорлик хислати етишмаган.

Клуб Карлосни «Сабадель» ва «Жирона»га ижарага берган, кейин футболчининг ўзи «Осасуна», «Леванте» ва «Эльче»га йўл олган. «Осасуна»даги фаолиятини ҳимоячи шундай хотирлайди: «У ерда ривожланишимга ёрдам берадиган рақобатни ҳис этмадим. Шу сабабли, муҳитни ўзгартиришга қарор қилдим».

Карлоснинг «Леванте»дан кетиши ачинарли кечди - мавсум ниҳоясига яқинлашиб қолганида унинг тиззаси оғриб қолди. Клубдагилар буни симуляцияга йўйдилар. Шу боис, у 3 ой давомида «заявка»дан четда қолди ва жамоани тарк этди. Клерк учун ҳеч қачон пул тўлашмаган - жамоаларга эркин агент мақомида ўтган. Карлос Ла Лигада 117 марта майдонга тушиб, 20та ғалабага ҳисса қўшган. Масалан, 2021 йилда «Леванте» «Сантьяго Бернабеу»да «Реал»ни 2:1 ҳисобида махв этганида, Карлос ҳам таркибда эди. Футболдаги барча кўнгилсизликлар ва антирекордлар хотираларидан Клеркни оиласи чалғитади. Бундан ярим йил аввал у тўнғич ўғилнинг отасига айланди.

Карлос антирекорд хусусида расман муносабат билдирмади. Шогирдининг табиати борасида мураббий Планагума шундай ҳикоя қилади: «Карлосга бошқа футболчиларга нисбатан доимо кўпроқ қийинчиликларни бартараф этиш тўғри келди ҳаммасига у ўз кучи билан эришди. ғалабасиз серияни биз муҳокама қилмаймиз. Бу шунчаки, катта аҳамиятга эга бўлмаган тасодифий кўрсаткичдан ўзга нарса эмас». Карлос Клеркнинг «Эльче»си навбатдаги учрашувни ўзи каби мавсумни муваффақиятли ўтказа олмаётган «Севилья»га қарши майдонга тушади. Нохуш сериядаги ўйинлар сони 40тага етиши эҳтимоли юқори.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади