Ана, холос! Гўзал Эмма Радукалу «Уотфорд» мисоли

Ана, холос! Гўзал Эмма Радукалу «Уотфорд» мисоли

Британиялик теннис мухлислари гўзал ва латофатли Эмма Радукануни АПЛ иштирокчиси «Уотфорд»га ўхшатишмоқда.

Гап шундаки, англиялик ракетка устаси яқинда шахсий мураббийини яна ўзгартирди. US Open турнири чемпиони бу сафар россиялик мутахассис Дмитрий Турсунов билан ҳамкорликни муддатидан олдин тўхтатди. «Уотфорд» эса футболда мураббийларни қўлқопдек янгилаши билан ажралиб турибди.

Эътиборлиси, Эмма Радукану собиқ теннисчи Дмитрий Турсунов билан иш бошлаганидан буён атиги 15та ўйин ўтказиб, уларнинг 8тасида ғалаба қозонганди. Умуман, британиялик ракетка устаси охирги 15 ой давомида 4 нафар мураббий қўл остида шуғулланди ва кортга тушди. Буюк Британияда Радукануни «Уотфорд»га қиёслашаётгани бежиз эмас, албатта. Бинобарин, бу клуб сўнгги йилларда мураббийларга ўзгача муносабатда бўлмоқда. ҳар ҳолда, 2020 йилдан буён «Уотфорд» нақ 7 нафар бош мураббийни кўрди.

Радукану ўз мураббийини яна ўзгартиргани ҳақида хабар берилгач, ижтимоий тармоқларда ҳазиломуз изоҳлар тўлиб кетди. Жумладан, фойдаланувчилардан бири бунга жуда чиройли ва ўринли тарзда муносабат билдирди: «Тўхтанг, «Уотфорд»га боғлиқ янгилик теннис рукнида нима қилмоқда?» Хуллас, Эмма Радукану бир айланиб, теннис оламидаги «Уотфорд»га айланди-қўйди...