Жариманинг сабаби ғайритабиий - Тоиров ижтимоий тармоқларга жойланган Россия терма жамоасининг Сербия устидан ғалабаси (4:0) ҳақидаги хабардан мамнун бўлганди. Бу ҳақда «Футбол 24» портали маълум қилганди.
«Шахтёр» футбол клубидагилар Хусрав Тоировнинг босқинчи мамлакат ғалабасидан таъсирланганини кўришди. Бу йўл қўйиб бўлмайдиган шармандали муомала, деб ҳисоблаймиз. Футболчи бир ойлик маоши миқдорида жаримага тортилади ва бу маблағ УҲКнинг қисмларидан бирига жўнатилади», - дейилади клубнинг расмий баёнотида. «Футбол 24»нинг маълумотига кўра, Тоировнинг ойлик маоши 300 минг гривна. Бу тахминан, 700 минг рублга тенг.
Хусрав Тоиров «Шахтёр»да деярли ўйнамайди, терма жамоада ҳам уни хуш кўришмайди
Қаҳрамонимиз эндигина 19 ёшга чиққан бўлсада, Тожикистон миллий терма жамоасидан чорлов олиб турида. Иқтидорли вингер ўз фаолиятини Душанбенинг «Локомотив-Помир» клубида бошлаган. Бироқ қадрдон жамоаси таркибида атиги 2 учрашувда майдонга тушган, холос. 2022 йил ёзида Хусрав жамоани тарк этиб, эркин агент мақомида Қозоғистоннинг «Атирау» жамоасидан жой олди ва ички чемпионатдаги барча учрашувларни асосий таркибда ўтказди. Фақат «Астана»га қарши ўйинда майдонга тушмади ва мавсумни 10та ўйинда 2 самарали узатмани расмийлаштириш билан якунлади.
Айнан шу жамоада Хусрав иқтидорли ёшларга ўч бўлган «Шахтёр» эътиборини ўзига жалб этди ва унинг салоҳиятига ишонч ҳосил қилган «кончилар» клуби билан 2023 йилда шартнома имзолади. Тўғри, тожикистонлик вингер 1 йил давомида атиги 2 марта майдонга тушиб, умумий 21 дақиқа тўп сурди. Жорий мавсумда эса бирорта учрашувда иштирок этмади. Шунингдек, жамоа Тоировни Туркиядаги қишки йиғинга ҳам олиб кетмади ва ёшлар жамоасига ўтказиб юборди.
Сўнгги пайтларда ўз ватанида ҳам Хусравга бўлган қизиқиш пасайиб кетди. Миллий терма жамоа бош мураббийи Виталий Левченко бу қарорига қуйидагича изоҳ берди: «Унинг ўйинчилик хислати талабга жавоб бермайди. Тоиров жамоавий ўйинчи эмас, доимо «кўрпа»ни ўзига тортади. У фақат бизда эмас, «Шахтёр»да ҳам шундай ўйнаса керак, асосий жамоада деярли майдонга тушмайди. Терма жамоа мураббийлар штаби унинг ўйинларини кузатиб, обдан ўйлаб кўриб, Тоировдан воз кечишга қарор қилишди. Биз учун жамоада ички муҳит ижобий ва самимий бўлиши, жамоавий ўйин фақат бир футболчига боғлиқ бўлиб қолмаслиги муҳимроқ. Хусрав эса тўпни эгаллаши билан, 4-5 нафар рақибларини алдаб ўтишга уринади ва якунда тўпни йўқотади».
Қизиғи шундаки, ўтган йилнинг октябрь ойида Тоиров Фаластин ва Исроил ўртасида рўй берган ихтилофда очиқчасига Фаластинни қўллаб-қувватлагани туфайли, ўзи ҳам можаро ҳолатини юзага келтирганди. Гап шундаки, «кончилар» таркибида 20 ёшли исроиллик ҳимоячи Став Лёмкин ҳам тўп суради - табиийки, бу икки жамоадош кийиниш хонасида жанжаллашиб қолиши мумкин.
Футболчининг жаримага тортилгани хусусида нималар дейишмоқда?
«СЭ» мухбири билан бўлган суҳбат чоғида Россия Давлат думасининг депутати Дмитрий Свишёв шундай деди: «Лайклар, постлар ёки россиялик фуқаролар билан ёнма-ён тушилган суратлар учун украиналик спортчиларни жазолаш биринчи марта бўлаётгани йўқ. Таажжубки, бу сафар Украина фуқароси бўлмаган спортчини жарима билан жазолашди. Бу «Шахтёр» раҳбарияти томонидан амалга оширилган ўта бемаъни ҳаракат. Бу Россияга қарши сафсатадан ўзга нарса эмас. Спортнинг сиёсатга алоқаси йўқ. Украиналик амалдорлар халқлар бирдамлигини яксон қилишмоқда, у ердаги спортчилар ўз фикрларини билдира олмайдилар. Чунки уларни қўрқитиб қўйишган».
«Шахтёр»нинг қарорини Давлат думаси депутати бўлмиш Олимпия Ўйинлари чемпиони Светлана Журова ҳам ТАСС мухбири билан бўлган мулоқотда қоралади: «Ҳа, бунақа машмашалар аввал ҳам бўлган ва бўлаверади. Чунки украиналик спортчилар ҳаммага бизнинг спортчиларимизни назорат қилишни тайинлаб қўйишган. Гўёки, бизникилар ўйнаш ва машқ қилиш ўрнига, фақат шу иш билан бандлар. Бу бемаънилик. Қандайдир кимсалар фақат бизникиларни кузатиб, қилдан қийиқ ахтариш билан бандлар. Наҳотки, уларнинг бошқа юмушлари бўлмаса. Буларнинг барчаси уйдирма ва тутуриқсиз сафсата».
Ҳуқуқшунос Анна Анцелиович Тоировга қўлланган жазонинг юридик жиҳатларига баҳо бериб, қуйидагича фикр билдирди: «Қандай интизомий қонунбузарликлар молиявий жазога тортилиши ҳар бир шартномада ёзиб қўйилган бўлади. Лекин кўп нарса унинг шартномасида қай тарзда ёзилганига боғлиқ. Лекин бу қадар фаолликка сабаб бўладиган жазо бўлмаса керак. Агар у клубнинг нуфузига путур етказадиган бўлмаса, албатта.
Хуллас, нима бўлганда ҳам, бундай қарор устидан шикоят қилиш мумкин. Ўйлайманки, контрактда лайк учун жаримага тортиш ёзилмаган. Агар футболчи яна қандайдир қўшимча келишувга имзо чеккан бўлса, шикоят қилишга ўрин қолмайди».
С.РАҲМОНОВ тайёрлади