Ана, холос! Тўпга бир тегиниш баҳоси – 342857 фунт

Ана, холос! Тўпга бир тегиниш баҳоси – 342857 фунт

Бразилиялик Артур ва «Ливерпуль» ўртасидаги ҳамкорлик якунига етмоқда.

 

 Ҳар ҳолда, унинг шарт­номаси Англия клубига жуда қимматга тушмоқда. Диққат қилинг, бу мавсум чемпио­натда нотекис ўйнаган жамоа ҳисоб-китобларга кўра, бразилияликнинг ҳар бир тўпга тегиниши учун 342857 фунт стерлинг тўламоқда. Ҳа, жуда омадсиз келишув...

«Ливерпуль» Артур Мелони ўтган йилнинг август ойида ижара келишуви асосида ўз сафига қўшиб олганди. Бразилиялик ярим ҳимоячи шундан буён «қизиллар» сафида атиги 13 дақиқа ҳаракатланди ва 21 мартагина тўпга тегинди. Ваҳоланки, Артур аввалги мавсум «Ювентус»да унча ёмон ўйнаган эмасди. Хуллас, Юрген Клопп унинг жароҳатига парво қилмай, ёзги трансферлар бозорининг сўнгги соатлари ижара келишуви расмийлаштирилишига розилик берди. Шундай экан, германиялик мутахассис бразилиялик ярим ҳимояни кучайтиришига ишонган. Амалда эса... Артурнинг Англия клубидаги дебюти ЧЛ гуруҳ босқичида «Наполи» билан бўлган ўйинга тўғри келди. Ўшанда футболчи 77-дақиқада майдонга тушди, «Ливерпуль» эса якунда 1:4 ҳисобида енгилди. Бу бразилиялик учун «Ливерпуль» либосидаги ягона ўйин бўлиб қолмоқда ҳозиргача. Бинобарин, шундан сўнг сонидан жароҳатланган футболчи жарроҳлик амалиётига эҳтиёж сезди, оқибатда нақ 26та учрашувни ўтказиб юборди. Артур тикланиш жараёнидан кейин бир неча марта қайдномага киритилган бўлсада, Клопп амалда унинг хизматига мурожаат қилгани йўқ. Шу тариқа ярим ҳимоячининг ҳар бир тўпга тегиниши баҳоси қимматлашиб бормоқда.

Sky Sports маълумотига қараганда, «Ливерпуль» Артурнинг ижараси учун «Ювентус»га 3,9 миллион фунт тўлаган. The Sun нашри эса футболчи ҳафтасига 98 минг фунт стерлинг миқдорида маош олишини маълум қилди. Шу сумманинг катта қисми «қизиллар» чекига тушиши ҳам тайин. Қисқаси, харажат миқдорини тўпга тегиниш сонига бўлиб чиқсак, даҳшатли рақамлар    юзага келади: 342857. Оддий айтганда, Артурнинг ҳар бир тўпга тегиниши деярли 350 минг фунт стерлингга тушмоқда. Табиийки, Англия клуби ёзда ярим ҳимоячи билан хайрлашади ва у Туринга қайтади. Бироқ бундай омадсиз ва «қимматбаҳо» мавсумдан кейин Артурнинг «Юве»да қолиши даргумон, ўзига янги жамоа топиши эса янада мушкул вазифа...

Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади