Еврофутбол стадионлардаги ажойиб манзаралар билан ҳам гўзал, албатта. Хусусан, АПЛ бу борада алоҳида ажралиб туради.
Мана, Англия лигаси 2021/2022 йиллар мавсуми якунига етиши ҳамоно 38та турни ўз ичига олган чемпионатда қайси жамоалар ўз стадионида қанча мухлис тўплаганини эълон қилди. Кўпчиликни қизиқтирадиган маълумот: Англияда ўз майдонидаги ўйинларга томошабин жалб этиш борасида ҳамон «МЮ» чемпион!
Ҳа, охирги вақтлар, хусусан, якунига етган мавсумда натижа бўйича ишлари сира юришмаган «МЮ» уй аренасига томошабинлар ташрифи масаласида мақтанишга ҳақли. Манчестернинг «қизил» ҳудудидаги фанатларга тасанно! Ахир улар «қизил иблислар»нинг қандай натижа қайд этишларидан қатъий назар, «Олд Траффорд»га талпинаверишади. Мана, фактга эътибор қаратинг: сиғими 76212га тенг аренага ҳар бир ўйинда ўртача ҳисобда 73150 мухлис кирди. «Олд Траффорд»нинг тўлиш фоизини ўзингиз ҳисоблаб олаверинг. Шу ўринда «МЮ»нинг мухлис тўплаш борасида яна чемпион бўлганида уй аренасининг сиғими ҳам катта роль ўйнаганини алоҳида айтиш ўринли. Зеро, АПЛ клублари орасида сиғими энг катта стадион айнан «МЮ»никидир.
Энг қизиғи, мухлис тўплаш рейтингида 2-ўринни эгаллаган клуб - «Арсенал» ҳозир «МЮ»дан унча фарқ қилаётгани йўқ натижа бобида. Ҳа, «канонирлар» ўйин сифати бўйича келажакка умид уйғотишди, турнир жадвалида «қизил иблислар»дан юқорига жойлашишди. Бироқ якунда яна кучли тўртликдан четда қолишди, барибир. Шунга қарамай, жамоанинг уй стадиони - «Эмирейтс» ҳар бир ўйинда тўлди деярли - ўртача ҳисобда 59776 мухлис. 3-ўринда кутилмаган жамоа - «Вест Хэм». Якунланган мавсум томошабоп футбол кўрсатган «болғачилар»нинг «Лондон Стэдиум»даги ҳар бир ўйинларига ўртача ҳисобда 58367 мухлис кирди. АПЛнинг эски-янги чемпиони «Манчестер Сити»га келсак, «шаҳарликлар» томошабин жалб этиш борасида атиги 6-натижани қайд этишди (ўртача 52774 мухлис). Тўғри, бу стадион сиғимининг нисбатан камлиги билан ҳам боғлиқ.
Факт. АПЛнинг якунланган мавсумида энг кам мухлис «Брентфорд»нинг уй аренаси - «Брентфорд Коммьюнити»да кузатилди. Ўртача кўрсаткич - 16912. Лекин элитада дебютант сифатида қатнашган ва Чемпионшипга қайтмаслик миссиясини ишонч билан бажарган клубнинг стадиони атиги 17250 мухлисга мўлжалланган. Қисқаси, бу жамоа ҳам ҳар сафар рақибларини трибуналари деярли тўлган стадионда қабул қилди.
Жорий мавсум арафасида 55 миллион евро эвазига «Аталанта»дан
харид қилинган Тён Копмейнерс 6 октябрь куни ўтказилган «Юве»нинг
«А» Серия 7-тур доирасидаги «Кальяри»га қарши уй учрашуви (1:1)да жароҳат олганди.