Бақувват ҳимоячи бундестимда ҳам «Реал»даги дебютини ўйлаган бўлса, ажабмас. Бинобарин, «Челси» билан хайрлашган Рюдигер ўз фаолиятидаги энг йирик шартнома остига имзо чекди. Германиялик футболчининг Мадриддаги тақдимот маросими 20 июнга белгиланган. Marca нашри мухбирлари бу кунни кутиб туришга сабр қилмай, Германияда Антонио билан учрашишди. У шу тариқа испанча янги саргузаштга қандай шайланаётгани ҳақида гапириб берди.
- «Реал» сиз билан шартнома тузганини расман эълон қилганига кўп бўлмади. Хўш, ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
- Ҳозир кучли фахр туйғуси ичидаман. Тўғриси, барчасини тўлиқ англашим учун бироз вақт керак. Ахир бунга қадар Мадридда бўлмаганман. Мана, Германия термаси йиғини якунига етгач, оиламни олиб, Испания пойтахтига бораман ва шунда «Реал» билан шартнома имзолаш нимани англатишини теран тушунсам керак.
- Бу юриш фаолиятингиздаги энг катта қадам эканлигини биляпсизми?
- Ҳаётдаги каби футболда ҳам ҳар бир янги жамоа - мен учун янги боб. Шубҳасиз, буниси каттароқ боб. Чунончи, «Реал» бутун футболчилик фаолиятимдаги энг катта клубдир балки.
- «Реал» чорловидан сўнг биринчи навбатда, нималарни ўйлагандингиз?
- Бироз ҳайратландим. Адашмасам, илк марта сентябрь ёки октябрь ойида алоқага чиқишганди. Тушунарлики, бундай клубдан ҳаммага ҳам қўнғироқ қилавермайдилар. Шунинг учун мени қандайдир кўтаринкилик қамраб олди.
- Кейинчалик «Челси» сафида «Реал» дарвозасига гол уриб, «Сантьяго Бернабеу»га «ўт» қўйдингиз, гўё. Ўша лаҳзалар қандай ўтди, трибуналардаги муҳит чўчитмадими?
- Бундан олдин «Сантьяго Бернабеу» майдонида бирор марта ўйнаган эмасдим. Бир кун олдин яқинроқ танишиш учун стадионга бордик. Ичкарига кириб, бошингизни кўтарасиз ва стадионнинг бутун важоҳатию тузилишини кўрасиз. Шунда ўзига хос футбол саҳнасига тушганингизни тушунасиз ва беихтиёр трибуналари тўлган вақтда ўйнаб кўришни хоҳлаб қоласиз. Бошқача ифода этганда, нафақат «Мадрид»га қарши, балки стадион учун ҳам ўйнаш ишқида ёнасиз. Афсус, ўша оқшом натижа биз хоҳлагандек бўлмади, кейин «Реал» чемпионликка эришди. Шундай экан, «Мадрид»ни олқишлаш керак.
- Демак, стадион ёқди, нима ёқмади?
- Аренанинг реконструкциядан кейинги ҳолатини суратларда кўришга улгургандим. Реалликда ҳаммаси янада маҳобатли. Энди бу стадионга «Реал» футболчиси сифатида тушиш онларини интиқлик билан кутяпман. Нима ёқмади? Сизнингча, «Бернабеу»да ёқимсиз томони ҳам борми?
- Айтишларича, Карло Анчелотти айнан ўша ўйиндан кейин клуб раҳбарияти олдига талаб қўйган: «Рюдигерни жамоамизга олишимиз шарт»...
- Ҳа. Футбол олами Анчелотти қандай мураббий эканлигини яхши билади. Етук мутахассис, буни Ла Лига ҳамда ЧЛда яна бир бор ғалаба қозониб исботлади. Дон Карло ҳақида кўп гапиришнинг ҳожати йўқ. Фақат шуни айтишим мумкинки, Анчелоттидек мураббий назарига тушиш - мен учун шараф. Уни болалигимдан телевизорда кўрардим, энди бирга ишлаш бахти насиб этяпти.
- Умуман, Анчелотти билан гаплашдингизми?
- Албатта. Суҳбатимиз ҳиссиётли бўлди. У мени «Мадрид»да кўришдан ҳамма хурсанд бўлишини ва бу ерда бахттиёрликни туйишимни айтди. Анчелотти - «Реал»ни янада кучайтирадиганлардан бири. Тўғри, Карим Бензема, Тони Кроос, Лука Модрич, Каземиро каби йигитларни ҳам айтиш керак. Улар ҳам мен билан ўйнашдан хурсанд бўлишларини билдиришди, бундан фахрланаман, албатта. Қолаверса, охирги 3 йилда анча яхши ишлаганимни тушуниб етдим. Демак, «Реал»да янада олдинга интилишим учун туртки етарли.
- Асосий еврокубокнинг 14 карра ғолиби сафига қўшилиш қўшимча босим юкламаяптими?
- Босим бор, албатта, лекин «Реал»да бошқача бўлиши мумкинми? Жамоа йирик ғалабаларга одатланган, менталитети шундай. Шу жойда алоҳида таъкидлашим лозим, «Реал»нинг ғалаба қозониш менталитети менинг характеримга жуда мос.
- Майдонда етакчи ролида кўзга ташланасиз. Дейлик, испаниялик ҳакам Дель Серро Гранде билан пенальти борасида қандай баҳслашганингизни ҳамма кўрди...
- Лидерлик ўз-ўзидан шаклланади, бу туғма характер. Ҳимоячи сифатида ўзингизни ҳар нарсага тайёр ҳис қилишингиз, жамоадошлар билан гаплашишингиз керак. Менга ўринли мулоқот, кучли мотивация ёқади.
- Рюдигер майдондан ташқарида қандай йигит?
- Майдондаги Антонионинг мутлақо акси. Ўзимни суперюлдуз санамайман, оддий йигитман. Ҳа, имтиёзларга эгаман, ҳаётим тўкин. Одамлар ва футбол менга берган нарсаларни жамиятга қайтаришни хуш кўраман. Мисол учун, шифохоналарга ёрдам беришим ёки Сьерра-Леонега бориб, одамлар ҳолидан хабар олишим мумкин. Зеро, мутлақо бошқача муҳитда улғайганман. Бой эмасдик, асосийси, оиламиз туфайли ўзимни камбағалдек ҳис қилмаганман. Мен учун ҳақиқий бойлик - бу оила.
- Куни кеча бир видео тарқади. Унда Эден Азардан «Мадрид»га бормасликни сўрагансиз...
- Эслайман, эслайман... У охир-оқибат, ўша йили жамоада қолди ва ЕЛда ғалаба қозонганимиздан кейин кетди. «Мадрид»да Эден билан йўлларимиз яна кесишишидан хурсандман. Биламан, у жароҳатлардан роса азият чекди, лекин мухлислар кун келиб, мен билан бирга ўйнаган ўша Азарни кўришларидан умидворман. Чунки у шубҳасиз, катта иқтидор.
- Ҳимояланиш баробарида олдинга боришни ҳам ёқтирадиган ҳимоячисиз.
- Шундай. Ҳар доим тўп назоратига эътибор қаратадиган клубларда ўйнаганман ва бу кўп нарсаларни ўзлаштиришимда роса қўл келди.
- Охирги савол: сизни бўлажак ЖЧда кўрамизми?
- Ҳа. Испания термасига қарши ўйнашимиз яхши. Чунки жаҳон чемпионатида ғалаба қозонишни истаган жамоа энг кучлиларни енгиши керак. Испанларга қарши охирги ўйин жуда оғриқли тугаганди - 0:6. Энди Испанияга йўл оляпман, испанларнинг тўғридан-тўғри менга яқинлашлари ҳаяжонга солмоқда. Лекин ташлаган қадамимдан хурсандман, барибир!
МУҲАММАДХОН тайёрлади