«Брайтон» янги орзулар оғушида. АПЛда томошабоп ва ҳужумкор ўйинлари билан мухлислар қалбига кириб борган клуб ўз тарихидаги энг сенсацион янгилик самарасини сабрсизлик билан кутмоқда. Оддий айтганда, Роберто де Зербидан айрилган «Брайтон» янги мавсумни янги бош мураббий - Фабиан Хюрцелер раҳбарлигида бошлайди. 27 ёшида профессионал футболга «Санкт-Паули» устози Тимо Шультц ассистенти мақомида бош суққан Фабиан ўша вақтдаёқ эффектли ва иқтидорли тактик сифатида ном қозонганди. Хуллас, кўпчилик унинг тез орада малакали мураббий ўлароқ катта саҳнага кўтарилишини тахмин қилганди. Бироқ ўзгариш шунчалик тез юз беришини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаганлиги аниқ.
«Санкт-Паули» раҳбарияти Қатар мундиали арафасида Шультцни истеъфога чиқарди ва Бундеслига 2 турнир жадвалида 15-ўринда бораётган жамоа бошқарувини 29 ёшли ассистентга ишониб топширди. Ўша вақт Германия чемпионати тарихида биргина Юлиан Нагельсманн 30 ёшга тўлмасидан олдин бош мураббий рутбасига лойиқ кўрилганди. Таққослайдиган бўлсак, Юлиан элитада «жон» сақлаш учун курашаётган «Хоффенхайм» бошқарувини 28 ёшу 205 кунлигида қўлга олганди, Фабиан эса «Санкт-Паули» бош мураббийи лавозимига тасдиқланган вақт 29 ёшу 337 кунлик эди. Хуллас, у Германия чемпионати юқори лигалари тарихидаги иккинчи ёш мураббийга айланди. Асосийси, Фабиан Хюрцелер илк кунлардаёқ оқимга қараб иш кўрадиган мураббийлар тоифасидан эмаслигини баралла намойиш этди. Мисол учун, жамоа-нинг қишки таътилда «Вердер» билан Испанияда ўртоқлик учрашуви ўтказиши режага киритилганди. Хюрцелер эса назорат ўйинидан воз кечиб, шогирдлари билан тактика бўйича машғулот ўташни афзал кўрди. Табиийки, унинг бу қарори «Вердер» мураббийлар штабида эътироз туғдирди. Лекин Фабиан бўш келмади: «Ҳозирги ҳолатда 1та ўйин учун Испанияга боришдан кўра, жамоа футболчиларида тактик ўқувни ошириш муҳимроқ».
Диққатга сазовор факт: Хюрцелер бош мураббий мақомидаги фаолиятини 10та ўйинга чўзилган чиройли ғалабалар серияси билан бошлади. Шу аснода «Санкт-Паули» бирданига аутсайдерлар қаторидан узоқлашди ва Бундеслига йўлланмаларига даъвогар жамоаларнинг рақобатчига айланди. Орзунинг рўёби ҳам узоқ куттирмади - Хюрцелер ўзининг илк тўлиқ мавсумида жамоани элитага кўтариш миссиясини шараф билан уддалади. Ваҳоланки, «Санкт-Паули» мавсумлар оралиғида бир қатор етакчи футболчиларидан айрилганди. Хусусан, асосий ҳимоячилар Леарт Пакярада ва Яков Медич жамоадан кетишди. «Санкт-Паули» шунингдек, 30та гол ва 17та ассист билан Бундеслига 2да катта обрў орттирган Даниэль-Кофи Кьере - Гвидо Бургшталлер жуфтлигини ҳам сақлаб қололмади. Катта йўқотишларга қарамай, Хюрцелер жамоаси мавсум стартидаёқ Бундеслига йўлланмаси учун курашишга тайёрлигини кўрсатди. Рақамларда айтсак, «қароқчилар» дастлабки 8та ўйинда атиги 5та гол қўйиб юборишди, жумладан, элитадан тушган «Шальке» ва «Герта»ни маҳв этишди. Шунингдек, мавсум якунида «Паули» каби юқорилаган «Хольштайн» ҳам ўзаро беллашувда мағлубиятни тан олди. Ана шу муваффақият «Брайтон»нинг Фабиан хизматига қизиқишини янада ошириб юборгани - айни ҳақиқат.
Фабиан Хюрцелернинг муҳим фазилатларидан бири шуки, у профессионал савияси паст ҳисобланган футболчиларни қўрқмас-дан асосий таркибга жалб этади. Эътирофнинг исботи сифатида Германиядаги бирор академияга маъқул келмаганидан сўнг фаолиятини футзалда тиклашга қарор қилган Элиас Садни мисол келтириш мумкин. Хуллас, катта футбол орзусидан воз кечолмаган Элиас «Паули»га «Айнтрахт Нордерштедт» ҳаваскорлар клубидан ўтганди. У янги жамоада чап қанот ҳужумчиси позициясидан жой олди. Шунингдек, сал аввалроқ Англияда ҳаваскорлар билан тўп сурган Оладапо Афолаян ва академия тарбияланувчиси Филипп Тройни ҳам Хюрцелер томонидан кашф этилганлар қаторига қўшиш мумкин. Яна бир эътиборли жиҳат: «Паули» ўтган йилнинг апрелидан жорий йил январга қадар бирор марта мағлубиятга учрамади. Шу юксалиш ўлароқ, Фабиан ўртамиёна жамоани шоҳсупага олиб чиққан келажаги порлоқ мутахассис мақомини олди.
Германиялик мураббий энди «Брайтон»да нисбатан юксак савияли футболчиларга устозлик қилади. Жамоа раҳбарияти айнан Хюрцелер номзодини танлагани бежиз эмас. Биринчидан, у ўйин ва иш юритиш услуб жиҳатидан Роберто де Зербига анча яқин. Иккинчидан, шогирдлари маҳоратини ошириш жараёнида мураббийнинг ўзи ҳам тобора тобланмоқда. Тўғри, ҳозирда Фабианнинг янги иш жойида самарали фаолият юритишига оид хавотирлар ҳам йўқ эмас. Бинобарин, Хюрцелер инқироз ва муҳитга мослашиш жафосини ҳали татиб кўрмаган. Демак, нуфузли лиганинг бадавлат клубларидан бирида шу пайтгача ўзи дуч келмаган муаммоларга ечим топиши талаб этилади. Мураббийга далда бўладиган жиҳат шуки, у асосий ижрочиларидан айрилган «Паули»ни хотиржам шоҳсупага олиб чиқди. «Брайтон»да эса катта йўқотишлар йўқ деярли.
Шу жойда яна бир қизиқарли жиҳатни тилга олиш керак. Фабиан АПЛда ёш жиҳатидан ўзидан катта 6 нафар футболчига сабоқ беради. Яъни «Брайтон» таркибидаги Льюис Данк, Йоэль Вельтман, Паскаль Гросс (32 ёш), Дэнни Уэлбек, Жейсон Стил (33 ёш) ва Жеймс Милнер (38 ёш) янги бош мураббийдан катта. Қолаверса, Фабиан вақтида айнан «Брайтон»да малака оширган ва ўшанда раҳбарият эътиборига тушган. Ўзи эса Роберто де Зерби ғояларидан илҳомланганини яширмаганди. Умуман олганда, «Брайтон» тарихида янги саҳифа очилмоқда. Хўш, АПЛ тарихидаги энг ёш бош мураббий мақомини олган германиялик мутахассис ёвқур чемпионатда қандай каромат кўрсатади? Буни билиш учун янги мавсумни кутиш ва «Брайтон» ўйинларини кузатиш керак, албатта.
Абдулаҳад тайёрлади