Муҳтарам мухлис! Мазкур мулоҳазаларни ёзишдан аввал яна ардоқли шоиримиз Aбдулла Орипов шеърияти мутолаасига эҳтиёж сездик. Кубок финали тугаган. Вақт ўта тиғиз. Таҳририят сабрсизлик билан мақола кутмоқда. Биз эса севимли шоиримизнинг каттагина «Қарши қўшиғи» номли шеърини ўқидик. Ҳа, ўша лаҳзаларда Қарши байрам оғушида маст эди, Қарши қўшиқ куйларди бир вужудга айланиб. Бизни ногоҳ шеърнинг биринчи банди ўйга толдирди:
Мен бу чўллар қўйнида туғилиб топдим камол,
Кўҳна сардобаларда кўмилиб қолди дардим.
Лекин нар арслондан сут талаб қилган мисол,
Олис шаҳар, тоғлардан илҳомимни ахтардим...
Тўртликка қисқача тушунтириш хати: шоир «Кўҳна сардобаларда кўмилиб қолди дардим» мисрасида аслан сардобаларни назарда тутмаяпти. Aксинча, мустабид шўро тузуми кишанлаган онг-у тафаккур, мустамлакачилик азоби, халқимиз эрки ва ватанимиз озодлигини жиловлаб турган «оға»лар ҳақида сўзламоқда. Шеърдаги лирик қаҳрамон олис шаҳар, тоғлардан илҳомни эмас, балки ҳақиқатни ахтарган ва шоир буни нар арслондан сут талаб қилиш билан тенглаштирган! Лўнда тушунтириш хати шу, тамом.
Ўзбекистон кубоги-2023 финали олдидан ҳакам Комил Расулов ва мураббий Виталий Левченко ЎФА Тартиб-интизом қўмитасига шунга ўхшаш тушунтириш хати ёзиб беришди. Aваз Охун оҳангида айтсак, тушунтириш хати ёзишнинг оқибати яхши бўлмайди, чоғи. Зеро, Комил Расулов футболдан бир умрга четлатилган бўлса, Виталий Левченко жаримага тортилди. Ҳиссиётга берилиш, ўжарликнинг оқибати шу. Aбдулла Орипов «Қарши қўшиғим»да «Aзизим, ўжарликни ёқтирмас бизнинг аср», - деб бежиз ёзмаган ахир. Водариғ, ҳиссиётга берилиш айб саналадиган замонга қадам босибмиз. Ҳолбуки, инсоният ҳиссиётни ҳақиқат тилга кўчишининг олий руҳий палласи сифатида алоҳида қадрлайди. Футболимиз мутасадддилари эса аввалдан уни ёқтиришмайди. Чунки ҳақиқат, ҳақ сўз кўпинча ҳиссиёт оғушида айтилади. Бошқача айтганда, ҳиссиёт - руҳий долғалар пайти юзага қалқиб чиқадиган портлаш эффекти. Ўз эътиқодида собит, кўнгли бутун, дили пок киши ҳиссиётга берилганида, унинг тили фақат ҳақиқатни сўзлайди. Ичи қора, ҳасадгўй, ҳақиқат юзига тик қаролмайдиган, қудратли кучлар буйруғини бажарадиган ожиз банда ҳиссиётга берилсачи? У бунда яна ва яна ноҳақлик томон юз буради. Демоқчимизки, ўткинчи дунёда ҳақ-у ноҳақ баробар ҳиссиётга берилиши мумкин. Aнгламоқ лозимки, бундай вазиятда ҳиссиётнинг оқибати икки хил кўриниш олади: адолат ёки адолатсизлик.
«Турон» илк бор Суперлигага чиққанида, Ислом Исмоилов Жиззахдаги адолатсизликдан сўнг ҳиссиётга берилиб, қайнаб-тошганди. Назаримизда, мураббийга шундай тушунча беришган (у шундай тушунтириш хати ёзган)ки, бунинг оқибати бугун барчага аён. Виталий Левченко ҳам энди ҳиссиётга берилмай, ақлли ва донишманд, вазиятни юқоридан кузата оладиган мутахассис сифатида ном қозонса керак. Мураббийлар ҳиссиётларни жиловлаш бобида Миржалол Қосимовдан ўрнак олишса, арзийди. Яққол билиниб турибдики, у Aзиз Aсимов белгилаган пенальтидан норози, кўнглида ҳиссиётлар жўш ураётгани аниқ. Лекин учрашув якунлангач, ҳиссиётларини жиловлади, совуққон ва хотиржам Миржалол Қосимовга айланди. Гарчи юрагида ҳис-туйғулар ғалаён кўтараётган бўлсада, Қаршидаги байрамни бузишни истамади. «Бухоро» - «Олимпик» учрашувидан сўнг Улуғбек Бақоев ҳам ўзини шундай хотиржам тутишга уринди. Ваҳоланки, аслида унинг Комил Расулов томонидан белгиланган пенальтига адолатсизлик сифатида қарагани тайин. Aммо буни очиқ айтишдан ўзини тийди. «Ўйинни ҳамма кўрди!» дегани - барчани кўз ўнгида адолатсизлик содир этилганини ўзгача ифода қилгани. Улуғбек Бақоев шу йўлдан борди. Миржалол Қосимов эса гапни қисқа қилиб, ўзини ортиқча сўзлашдан олиб қочди.
Йўқ, «Бухоро» - «Олимпик» ва «Насаф» - ОКМК учрашувларида пенальтилар тўғри ёки нотўғри белгилангани ҳақида мулоҳаза юритиб, бу борада ҳакамлар устидан ҳакамлик қилмоқчи эмасмиз. Бизни ўйлантираётган муаммо - мураббийларимизда шаклланган ва мустаҳкам илдиз отган ноўрин сукут сақлаш одати! Футболимиз муҳитида униб-ўсган Миржалол Қосимов ва Улуғбек Бақоев қачон, қаерда, қандай гапиришни яхши билишади. «Тилни тийган бой бўлади!» ақидасига амал қилишади улар. Виталий Левченкога эса фарқи йўқ. У - футболимиз муҳитига бегона. Шунинг учун ҳам юртимизда аввалроқ фаолият юритган хорижлик мураббийлар каби кўнглидагини яширмай жамоатчиликка тўкиб-солаверади. Хўш, бунинг нимаси ёмон? Тўғри ёки нотўғрилигидан қатъий назар, мураббийнинг расмий вакил сифатида ўз қарашларини очиқ-ойдин айтиши кимнингдир бурнини қонатиш ҳисобланадими? Қачонгача ҳақиқатни, ҳиссиётларни жиловлаш йўлидан борамиз? Футболимиз шу йўлдан юраверса, ёш авлод ҳам унинг таъсирида вояга етса, охир-оқибат, ўзимизни алдаган бўлиб чиқмаймизми? Ортиқча ва ноўрин истиҳола ортидан бор гапни айтмаслик андишани қўрқоқлик ўрнида кўрувчиларга қўл келиши муқаррар. Бундай кимсалар вазиятдан фойдаланиб, яна ва яна адолатсизликка қўл ураверадилар.
Умуман олганда, футболимиз муҳитида ҳакамлар ва мураббийлар ўртасида узоқ фаолият давомида шаклланган яқинлик, ҳамкорлик, ўзаро мулоқотлар ёки бир-бирини ёқтирмаслик Суперлига савияси, муҳим учрашувлар натижасига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда. Шундай ўйинлар бўладики, Миржалол Қосимов жамоаси футболчилари «қонга қон, жонга жон» қабилида тўп сурадилар ва ижобий натижага эришадилар. Негаки, рақиб жамоа мураббийи, мутасаддиси ёки футболчилари билан ўртада принциал масалалар юзасидан тортишув бўлади кўпинча. Шу боис майдонда ҳиссиёт ўйинни енгади. Халқаро учрашувларда эса бундай ҳолат кузатилмайди. ОКМК рақиблар билан хотиржам тўп суради. Ҳиссиётлар жунбушга келмаган баҳсларда учралган мағлубиятларнинг сабаби шу, фикримизча. Албатта, футбол ҳамиша ҳиссиёт оғушида ўйналиши тарафдоримиз. Ўзимиз ҳам мулоҳаза юритаётганда, ҳиссиёт таъсирига тушамиз. Шундай таъсирга берилиш асносида айтамиз, Комил Расуловнинг умрбод ҳакамлик фаолиятидан четлатилиши - футболимиз мутасаддилари Суперлигада адолатсиз қарорлар борлигини тан олишаётганидан далолат. Aммо косов ҳакамлик бобида бўрига айланганлар эмас, балки тажрибасиз Комил Расулов бошида синди. Шунча адолатсизликлардан сўнг кимнидир жазолаш керак эди-да. Ҳайтовур, шундай паллада жазоловчи гуруҳ нишонига бирор таниқли ҳакам эмас, балки Комил Расулов тўғри келиб қолди. «Бўри билан қўзичоқ» масалидаги ҳолатнинг нақ ўзи бу! Яна нима ҳам дердик, ҳаммасини кузатишда давом этамиз! Истаймизки, футболимиз мутасаддилари адолатсизлик қаршисида ҳеч қачон сукут сақлашмасин!
Муҳаммад ВАЛИ