Бош қаҳрамон - яна ўша Эрлинг Холанд. «Манчестер Сити»нинг янги аъзоси аввалига пенальтини ишончли тарзда амалга оширди, кейин «дангаса» ўнг оёғини ишга солиб, Робин Ольсенни яна бир бора ожиз қолдирди - «дубль». Қуйидаги мақола ўйинда кузатилган яна бир воқеа тафсилотлари ҳақида.
Икки гол уриш Холанд учун оддий воқеа даражасида, албатта. Бироқ 21 ёшли ҳужумчининг майдонда можаро кўтариши... Ҳа, норвегиялик футболчи вазиятлардан бирида рақиб жамоа марказий ҳимоячиси Александр Милошевич билан жанжаллашиб кетди. «Биринчидан, у аввалига мени ҳақоратлади: «Фоҳиша». Қалбга оғир ботадиган ғирт бўҳтон. Иккинчидан, оёғимни синдиришини айтиб, дағдаға қилди. Муҳими, шундан атиги 1,5 дақиқа ўтиб, гол урдим. Шуниси ажойиб бўлди», - дея изоҳлади Эрлинг ўйиндан кейин ўз хатти-ҳаракатини.
Лекин трансляция вақтидаги ҳолат бошқача таассурот уйғотади. Яъни Милошевичнинг табассум билан Холандга нимадир деганию, Эрлинг ғазабланиб, ўгирилиб кетгани кадрга тушган. Боз устига, Милошевич норвегиялик ҳужумчини ҳақоратламаганини қатъий оҳангда таъкидлади: «Йўқ, ҳеч қачон бировга нисбатан фоҳиша иборасини ишлатмайман. Қолаверса, норвег тилини билмайман, у эса шведчани тушунмайди. Шундай экан, мени айблаши жуда ғалати. Ҳаттоки, майдонда инглиз тилидан ҳам фойдаланмайман». Бироқ шуниси борки, швед ва норвег тиллари ўртасида ўхшашликлар жуда кўп. Қисқаси, ҳаммаси мавҳум.
Бундан ташқари, швециялик ҳимоячи ва журналист ўртасидаги қисқача суҳбат ҳам кишини ўйлантиради:
- Майдонда Холандга нисбатан ғазаб билан ўйнадингми?
- Йўқ, тўғриси, бундай эмас. Фаолиятимда кучлироқ ғазаб остида ўтказган ўйинларим жуда кўп.
- Холанд сенга қарши ўйнаган энг кучли футболчими?
- Йўқ.
- Энг яхшиларидан бирими?
- Йўқ.
Милошевичнинг ўйиндан кейинги гаплари Холандни заррача қизиқтирмаган бўлса керак. Зеро, у кийиниш хонасида жуда хушчақчақ кўринди. Энди ҳамма норвегиялик голеадорнинг АПЛдаги оловли перфомансини янада илҳақлик билан кутмоқда.
Дания термасига қарши ўйиндан сўнг Эрлинг Холанднинг миллий жамоадаги статистикаси янада ваҳимали кўриниш олди: 19та ўйинда 18та гол. Тўғри, у кичик юбилей - 20-ўйинида Словения термаси дарвозасига йўл тополмади. Шу тариқа Холанднинг Норвегия бош жамоасида 7та ўйинга чўзилган голли серияси узилиб қолди.