Ҳар етти кишидан бири жамоага ҳамроҳ...

Ҳар етти кишидан бири жамоага ҳамроҳ...

Норвегиянинг Будё шаҳарчасида атиги 42831 киши истиқомат қилади.

ЕЛ лига босқичи 5-туридан ўрин олган «МЮ»га қарши ўйинда эса «Будё Глимт» клубини «Олд Траффорд»да 6714 нафар мухлис бевосита кузатиб борди. Диққат қилинг, Будё аҳолисининг 15,5 фоизи жамоа ортидан Англияга йўл олди. Бошқача айтганда, ҳар етти кишидан деярли бири. 15 фоиз аҳоли ҳисобига қариялар, болалар ва аёллар ҳам киришларини ҳисобга олсак, жуда катта кўрсаткич, албатта!

Тўғри, «Олд Траффорд»да Норвегиянинг камтарин жамоасига фақат будёликлар эмас, мамлакатнинг бошқа шаҳарлари вакиллари ҳам мухлислик қилишгандир. Лекин Норвегиядан 6714 мухлиснинг Англиядаги сафар ўйи­нига йўл олгани катта натижа, барибир. Ҳар ҳолда, баъзи жамоаларнинг ўз майдонидаги халқаро учрашувига ҳам ҳар доим шунча мухлис тушмайди. Бошқа томондан, «Олд Траффорд»да меҳмон жамоанинг 6714 фанати - бу умуман ноёб ҳодисот. Бунақаси фақат ЕЛ ўйинларида кузатилиши мумкин. Чунончи, «МЮ» мухлисларида ушбу турнир баҳслари чиптасига талаб жуда баланд эмас. Шундай ҳолатда меҳмонларга ортиқча 2-3 минг дона чипта сотишнинг ҳеч ҳам зарари йўқ

Мисол учун, АПЛ ўйинларида клублар меҳмон жамоа фанатларига ўз стадиони сиғимидан келиб чиққан ҳолда, чипта ажратиши керак. «Олд Траффорд» эса Англияда клублар ихтиёридаги энг йирик стадион ҳисобланади. «МЮ»нинг чемпионат доирасидаги уй ўйинларини олсак, одатда меҳмон жамоа мухлисларига 3000 донадан ортиқ чипта ажратилмайди. «Будё Глимт» эса «Орзулар театри»да нақ 6714 мухлисдан мадад олиш имкониятига эга бўлди. Чиндан ҳам, нодир воқелик...